08:51 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Миллатлараро зиддиятлар Қозоғистон оммавий ахборот воситалари учун ҳамон “таъқиқланган мавзу”лигича қолмоқда

20.12.2006 14:19 msk

Бахтияр Гаянов (Олмаота)

16 декабрь куни нишонланган Қозоғистон мустақиллиги куни арафасида Олмаота яқинидаги “Дружба” поселкаси муҳтамал талончилик ҳақида аллақаердандир пайдо бўлган миш-мишлардан жунбушга келди. Бу посёлкада асосан уйғур истиқомат қиладилар. Гарчи у ерда ҳозирча осойишталик бўлса-да, одамлар Қозоғистоннинг собиқ пойтахтидан юз километрча нарида жойлашган тўқнашувларнинг такрорланишидан хавфсирамоқдалар.

Ноябрь ойи сўнгида Шелекда миллатлараро тўқнашув содир бўлгани ҳақида Қозоғистондаги фақат битта газетагина хабар тарқатишга журъат қилган. Бошқа оммавий ахборот воситалари мамлакатдаги барқарорликнинг асосий кўрсаткичларидан бири бўлмиш миллатлараро ҳамжиҳатликка раҳна солувчи “нозик” мавзуга дахл этмасликка қарор қилганлар.

“Оммавий муштлашувдан кейинги 19 ноябрь куни Шелекнинг турли бурчакларида одамлар тўп-тўп бўлиб турганларини кўриш мумкин эди. Қозоқ ёшлари Гайдук қишлоғидан бўлган (уйғур миллатига мансуб – муаллиф изоҳи) ёшлар йиғиладиган учта қаҳвахонада муштлашув чиқарганлар. Қозоқ болаларнинг бир қисми Октябрь кўчаси бўйлаб юриш уюштиришиб, йўлда учраган одамларнинг ҳаммасини калтаклаганлар... Энг катта тўқнашув Жибек Жўли ва Исмаил Таиров кўчалари кесишган жойда содир бўлиб, у ерда ҳар иккала томондан уч юздан ортиқ киши иштирок этган. Полициячилар ғазабланган оломонга бас кела олмаганлар. Аммо ҳар иккала томондан оқсоқоллар аралашганлари туфайли қон тўкилишининг олди олинган. Аммо жароҳат олганлар бўлган, уларни уй-уйларига олиб кетганлар” - деб ёзади “Свобода слова” газетаси.

Бироқ ушбу мақола муаллифи содир бўлган воқеада уйғур ёшларини айблаган. У уйғур ёшлари қаҳвахонада тўп-тўп бўлиб қозоқ йигитларни калтаклаб, бир неча маротаба зиддиятлар пайдо қилганларини баён этади. Мақола сарлавҳаси ҳам анча баландпарвоз – “Шелек уйғурлари: “давлат сизники – ер бизники”.

“Свобода слова”даги мақола муаллифига кўра, миллатчилик Шелекнинг кўп миллатли бошқа диаспораларидан фарқли ўлароқ имтиёзли турмуш кечирган маҳаллий уйғурлар орасида тобора авж олган. “Гайдуклар (қишлоқда яшовчи уйғур ёшлари ўзларини ана шу ном билан атайдилар) қимирлаб қолганлар, улар билан эса иқтисодий истиқрорсизлик давридаги мудроқ ғоялар уйғона бошлаган. Бу ҳол ташқи таъсир натижасида содир бўлган бўлиши мумкин. Маълумки, ҳар қанақа уруғ ҳосилдор ерда ниш уради”.

Шелекдаги воқеалардан кейин бир неча кун комендантлик соатига ўхшаган тартиб ҳукм сурган. “Оқшомлари бутун шаҳарча ўлик сукунатга чўмарди, полициячилар онда-сонда ўтиб қолган йўловчиларни кузатиб юрардилар”, - дея ҳикоя қилади воқеаларга гувоҳ бўлган киши. Шаҳар мэриясида эса ҳар куни давлат хизматчилари, куч ишлатар тузилмалар ходимлари ва аҳоли пунктида яшовчи оқсоқоллар иштирокида мажлислар бўлиб ўтган. Балки бу чораларнинг барчаси биргаликда ўз самарасини бергандир – ҳар ҳолда ваъда қилинган “асосий жанг” бўлиб ўтмаган.

Албатта, “Свобода слова” газетасидаги мақола муаллифини миллатлараро низо чиқаришда айблаш мумкин, ахир у воқеаларни ўта бирёқламалик билан талқин қилган-да. Бироқ информацион вакуум янада мудҳишроқ оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган кўплаб миш-мишларни пайдо қилади. Шунинг учун ҳам газета материали Қозоғистон парламенти аъзоларини ўз хавотирларини изҳор қилишга ва содир бўлган воқеа ҳақида куч ишлатар маҳкамалар раҳбаларига мурожаат қилишга мажбур этди.

Қайд этиш жоизки, бу йил Қозоғистон учун сиёсий, ижтимоий ва миллатлараро зиддиятлар бўйича рекорд йил бўлди.

Миллатлараро зиддиятларга қозоғистонликлар охирги ўн йил ичида дуч келмагандилар. Аммо фақат жорий йилнинг ўзидаёқ Атирауда кавказликларни талаш, Ақтау яқинидаги нефть конида қозоқ ва турк ишчилари ўртасидаги катта муштлашув ва йил охирида Шелек воқеаси содир бўлди.

Расмийлар муносабати ҳамма ҳолатларда ҳам бир хил бўлди. Миллатлараро муаммолар Қозоғистон учун табу (маън этилган мавзу) бўлгани учун зиддиятлар сабаби турлича бўлиши мумкин. Атирауда тартибсизликларни келтириб чиқаришда... “31-канал” журналистларини айблаганлар. Ақтауда тўқнашув ишчилар ошхонасида содир бўлганига қарамай, ҳаммасини ишлаб чиқаришдаги тартибсизликларга тўнкашга уринганлар. Шелекдаги тўқнашувга эса ёшларнинг қизиққонлиги сабаб бўлган. Лекин тахминлар орасида давлатнинг аслида миллатлараро ҳамжиҳатлик масалалари билан шуғулланмаётгани айтилмайди.

Қозоғистон ўзини жаҳон ҳамжамиятига Марказий Осиёдаги барқарорлик ороли тимсолида кўрсатишга ҳаракат қилаяпти. Аммо охирги пайтларда бу барқарорлик тез-тез издан чиқиб турибди. Мухолифатчи сиёсатчиларнинг ўлдирилиши, кришначилар қишлоғининг йўқ қилиниши ва дин тўғрисидаги қонунга кескин ўзгартишлар киритилиши, Шанирақ ва Бақай микрарайонларидаги тўқнашувлар Қозоғистоннинг сиёсий, диний ва ижтимоий чидамлилик жабҳаларида ўз позицияларини бой берганлиги ҳақида гувоҳлик беради. Бунда фақат миллатлараро ҳамжиҳатликка ёпишиш қолаётган эди, холос...

Буларнинг ҳаммаси пировардида туб бўлмаган аҳоли, энг аввало, русийзабон аҳоли эмиграцион жараёнида ўз аксини топиши мумкин. Президентнинг қозоқ тилининг лотин ёзувига ўтказилиши мумкинлиги ва ўнг томондан бошқариладиган автомобиллардан фойдаланишни маън этилишига ўхшаш оммабоп бўлмаган қарорлари миграцион кайфиятларни кескин кучайтирди. Бундан ташқари, мамлакатда мулкни янгитдан тақсимлаш бошланди: йирик бизнес устидан назорат ўрнатиб бўлган давлат амалдорлари эндиликда кўпчилиги туб бўлмаган аҳоли вакилларига тегишли ўрта корхоналарни эгаллаб ола бошладилар.

Айтишларича, мамлакат шимолида маҳаллий расмийлар тарихий ватанга қайтиш бўйича Владимир Путин чақириғига қизиқаётган “кетувчилар”га ҳатто сезиларли даражада ёрдам таклиф қилаётган эканлар. Лекин буларнинг ҳаммаси миш-мишлар даражасида бўлиб, улар ҳеч бир жойда тасдиқланмаяпти. Лекин инкор ҳам қилинмаяпти.

“Шелек уйғурлари” мақоласи муаллифнинг қуйидаги тагдор жумлалар билан якунлангани бежиз эмас: “Шелекдаги воқеалар миллатлараро ҳамжиҳатликнинг баралла ташвиқ қилинаётган тамойиллари нақадар омонат эканини кўрсатди. Кичкинагина учқун анча катта аланга авж олиши учун ибтидо бўла олди. Нима учун шундай бўлди? Фикримизча, жамиятимизда қандайдир носоғлом кўриниш мавжуд. Агар улар мавжуд бўлса, демак, бу билан шуғулланиши керак бўлган кишилар яхши ишламаётган эканлар”.

Буни инкор этиб бўлмайди. Бироқ, бахтга қарши, миллатлараро муносабатлардаги муаммолар Қозоғистон оммавий ахборот воситалари учун қарийб ёпиқ мавзу бўлиб ҳисобланади. Шу сабабдан ҳам ушбу мавзу юзасидан жамият ва расмийлар ўртасида кенг кўламли ва ошкора диалог бўлишига ҳозирча умид йўқ.