06:27 msk, 12 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Рус аёл томонидан тўқилган жунпайпоқларнинг Ўшда бозори чаққон

20.12.2006 09:29 msk

Ўз ахб.

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Нина Евгеньевнанинг ҳар бир иш куни Ўш шаҳридаги “Қирғизтелеком” биноси олдида ўтади. У бу ташкилотда ишламайди, аёл бу бинонинг олдидаги бекатда савдо қилади. Унинг сотар моли оддий жунпайпоқлар, эски китоблар ва Нина Евгеньевна ёшлигида таққан майда-чуйдалардан иборат.

Нина Винярскаянинг Ўшда яшай бошлаганига ўттиз йилдан ошди. Ҳозир у 57 ёшда, нафақахўр. Аввал шаҳардаги текстиль комбинатида ишлаган. Қирғизистоннинг фахрий донори бўлиб ҳисобланади. Иши зарарли бўлганидан пенсияга эрта – 45 ёшида чиққан. Кимёвий толага ишлов бериш бўлимида ишлаш осон эмас, дейди Нина Евгеньевна. Бугунги кунда у 980 сўм (тақрибан 25 АҚШ доллари) миқдоридаги пенсияга яшайди.

Ҳар ой бир хонали уй коммунал хизматлари учун 200 сўм, уйни иситиш учун 300 сўм тўлайди. Тирикчилик учун эса Нина Евгеньевнанинг қўлида 480 сўм қолади.

“Фарғона.Ру АА” фотоси
“Шунинг учун ҳам савдо қилишга чиқаман, - дейди нафақахўр. – Ҳозир нафақахўрларга ҳамма жойда ҳам қийин бўлиб қолди. Айниқса, Қирғизистонда. Россиядаги бирор жойга кетишни истамайман. Нафақахўрлар ҳеч қаерда керак эмас”.

Қўй жунидан тўқилган пайпоқлар юз сўмдан тўрт юз сўмгача туради. Бунда даромад маҳсулот баҳосининг ярмини ташкил қилади.

Нина Винярская пайпоқ тўқиш билан етти йилдан бери шуғулланади. Унинг ўз маҳсулоти кам. Айтишича, ҳозир тўқиб улгурмаётганмиш – мижозлар молининг ҳаммасини сотиб олаётганмишлар. Сотадиган нарса бўлиши ва мол турини кўпайтириш учун Нина Евгеньевна қўшниларини, таниш нафақахўрларни ва ўз опасини жунпайпоқ тўқишга жалб қилган.

Жунпайпоқ сотишдан ташқари нафақахўр аёл карам, помидор, бодринг тузлаш билан ҳам шуғулланади.

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Бу рус аёл Ўшдан ҳеч қаёққа кетмоқчи эмас. “Бу ернинг одамлари яхшироқ, одамгарчилиги бор, - дейди Нина Евгеньевна. – Россияда бўлса қанақа? Мана, менинг кичик ўғлим Москвада ишлайди. Гарчи миллати рус бўлса-да, у ерда ўғлим ширин турмуш кечираётгани йўқ. Мен-чи? Мен нафақахўр бўлсам. Менга Россияда кимнинг кўзи учиб турибди? Менга Ўш кўпроқ ёқади. Бу ерда таниш-билишларим, қариндошларим бор. Ҳеч ким мени ҳафа қилмайди. Менга шу ер яхши”.

Нина Евгеньевнанинг икки ўғли бор. Каттаси Бишкекдаги Қирғизистон Миллий гвардиясида хизмат қилади. Кичиги Россияга пул топиш учун кетган. Эри беш йил аввал қазо қилган. Эри томонидан қариндошлари ҳам бор, аммо улар Краснодар ўлкасида яшайдилар. Бироқ Нина Винярская бугунги кунда уларникига меҳмонга боролмайди: жунпайпоқдан тушган даромад бунақа саёҳатга чиқишга имкон бермайди.