16:41 msk, 20 Май 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россияга кўчиб ўтиш керакми ёки Муҳтамал иммигрантлар фикрига кўра кўчишнинг мусбат ва манфий томонлари

19.12.2006 18:28 msk

Юлия Гужвенко

Ўтаётган йилда Россия президенти Владимир Путин постсовет республикаларидан собиқ ҳамюртларни Россияга кўчиришга кўмаклашиш дастурини тасдиқлади. Россия расмийларининг бу таклифи, энг аввало, Қозоғистонда яшовчи кишиларга қаратилган бўлса керак. Энг катта рус диаспораси айнан шу ерда истиқомат қилади. Қозоғистондаги рус диаспораси қарийб 4,5 миллион кишидан иборат, шу билан бирга, бу мамлакатда тақрибан 1 миллион “русийзабон европаликлар” - белоруслар, украинлар, немислар, яҳудийлар ва бошқалар бор.

1999 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Қозоғистон аҳолиси таркибидаги руслар улуши 30 фоизни ташкил қилади. Руслар ва “русийзабонлар”нинг бошқа катта қисми Украинада яшайди, аммо Луганск, Харьков, Қрим ва Одесса аҳолиси Путин таклифидан оммавий равишда фойдалана бошлашларини тасаввур қилиш қийин. Русларнинг яна бир йирик диаспораси Ўзбекистонда бўлиб, тақрибан 2 миллион кишини (аҳолининг қарийб 5,5 фоиз қисми) ташкил қилади. Бироқ диаспора сони тобора қисқариб бормоқда ва кўчириш дастури фақат депрессив мамлакатлардаги кишиларнинггина кўчишига сабаб бўлиши мумкин, холос.

Меҳнат ресурслари учун кураш

Қозоғистонда Россия раҳбарияти баёноти давлатларимиз тараққиёт йўллари ҳақидаги, охирги ўн беш йил ичидаги иқтисодий ўсишнинг айрим натижалари тўғрисидаги ҳамда русларнинг муҳтамал миграцион фаоллиги оқибатлари хусусидаги кенг кўламли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Қозоғистон раҳбарияти ҳам ўзининг собиқ ҳамюртларини қабул қилиб олиш ва жойлаштиришга тайёр эканини билдиргани сабабли меҳнат ресурслари учун кураш қаттиқ кечаяпти.

Ҳамма жойда Қозоғистонда руслар ёмон яшамаётганлари ҳақида муҳокама қилина бошланди. Таҳлилчи Сабит Жусупов интервьюсидан иқтибос будир: “Мен аминманки, мамлакатимизда яшаётган русийзабон аҳоли ўзини бу ерда жуда ҳам яхши ҳис қилаяпти. Кўпчиликнинг ўз бизнеси бор. Ўрта бизнес билан асосан руслар шуғулланадилар”.

Ҳар бир миллатнинг ўз соҳаси бор

Ҳозирча Қозоғистондаги иш соҳалари тақсимотида миллатлараро кучли зиддиятлар пайдо бўлганича йўқ: руслар азалдан шаҳарларда яшаб келганлар ва иқтисодиётнинг саноат жабҳасида фаолият юритганлар, саноат корхоналарида, маъмуриятларда ишлаб келганлар. Меҳнат бозоридаги руслар ва қозоқлар ўртасидаги бир қадар рақобат ўтган асрнинг 90-йилларида қишлоқдаги туб аҳоли вакиллари шаҳарларга кўча бошлаганларидан кейин, рус миллатига мансуб аҳоли ишлаган жабҳаларга даъвогарлик қила бошлаганларидан кейин пайдо бўлган. Бу русийзабонларнинг Қозоғистон ташқарисига чиқиб кетишига асос бўлган сабаблардан бири эди.

Турмуш даражасининг пасайиши мумкинлиги хавотирлантиради

Светлана, 51 ёшда, уй бекаси, Семипалатинск шаҳрида яшайди. Кўчириш дастури ҳақида эшитмаган. Гарчи Семипалатинскда саноат, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма бутунлай барбод бўлган бўлса-да, унинг оиласи бу шаҳардан кўчиб кетмоқчи эмас. “Бу ерда бизга ҳеч ким тазйиқ ўтказаётгани йўқ, ўғлим техникумда ўқияпти, эримнинг иши яхши, биз ҳеч қаерга кетмоқчи эмасмиз. Эримнинг акаси Россияга бориб, у ерда Семипалантинскдаги уйига ҳечам тенглашолмайдиган уйни зўрға сотиб олганини биламиз. Ҳозир у янги уй қурмоқчи бўлиб юрибди. Биз ўз уйимиздан ажралмоқчи эмасмиз, Путиннинг ёрдамига қарамай, бунақа уйни Россиядан сотиб ололмаслигимиз аниқ”.

Катта авлод вакиллари яшаш жойларини алмаштиришни унча хушламайдилар. Ёшлар эса бу каби дастурларга қизиқаяптилар ва Россиядаги танишларидан у ёққа бориб жойлашишнинг турли вариантларини ўрганаяптилар. Масалан, 29 ёшли Владимир Семипалатинскда яшайди ва ишлайди. Унинг хотини ва иккита боласи бор. Владимир Россиянинг Қозоғистонга яқин ҳудудларига жойлашиш имкониятлари, у ердаги маош миқдори ва меҳнат бозоридаги таклифлар кўламига қаттиқ қизиқиб юрибди. Уни ўғилларининг келажаги ҳамда қозоқ тили жорий қилинганидан кейин аввалги иш жойида қолиш имконининг бор-йўқлиги ташвишга солади. Владимирни Россия раҳбариятининг кўчиб бориш учун биринчи навбатда қишлоқ жойларини белгилаганлиги ҳафа қилади. Владимирнинг оиласи эса шаҳарда яшашга кўникиб қолган ва Россиянинг чекка қишлоқлари шароитида яшашни тасаввур ҳам қилолмайди.

Яхши ҳаёт орзусида

52 ёшли Вера Усть-Каменогорскда нон маҳсулотлари сотувчиси бўлиб ишлайди. У билан суҳбатда Қозоғистонда содир бўлаётган воқеаларга нисбатан ғашлик сезилади. “Мен барибир бу ердан кетаман, - дейди Вера, - фақат пенсиягача ишлаб қўйиш керак. Акам ўз оиласи билан Россияга кўчиб кетган. Дастлабки пайтларда мен ундан ёрдам олиб турмоқчиман”.

Миллатлараро зиддиятлар ҳақида Вера қуйидагиларни сўзлайди: “Яхшироқ жойларнинг ҳаммасини қозоқлар эгаллаб олганлар, русларни ҳеч қаерга олмаяптилар, яқинда ҳамма нарсани қозоқ тилига ўтказадилар. Бу ерда қолиб нима қиламиз? Невараларимиз яхши таълим олишларини, болаларимиз иш жойини йўқотиб қўйишдан қўрқмасликларини истардик.”

Кетиш кераклиги ҳақида қатъий аҳд кўпроқ Қозоғистон аҳолисининг турмуши йўлга тушиб кетмаган қатлами орасида кузатилади.

Миллатлараро муносабатлардаги асосий жиҳатлари

Шуниси қизиқки, муаммоли ҳудудларда, масалан, Шарқий Қозоғистон вилоятида расмийлар этносиёсий вазият ривожини доимий равишда кузатиб турадилар. Ўз характери, шакли ва интенсивлигига қараб миллатлараро муносабатлар вазиятни издан чиқарувчи ёки позитив омил бўлиши мумкин. 2005 йилнинг июнь-июль ойларида вилоят аҳолиси орасида уйма-уй юриб сўров ўтказилганида миллатлараро муносабатлар динамикаси ижобий бўлганига гувоҳ бўлинган. Масалан, сўралганларнинг 72,3 фоизи ўз атрофидаги одамларнинг миллий мансубиятига унча эътибор бермас эканлар. Аснода миллий мансубият бўйича чидамлиликни кўпроқ 18-29 ёшдаги йигит-қизлар намойиш этарканлар. Миллий мансубият аҳамиятсиз бўлган кишилар орасида шу ёш тоифасига дохил ёшлар кўпчиликни (95,8 фоиз) ташкил қилади. Бундан маълум бўладики, янги авлод мустақил Қозоғистон шароитига мослашиб улгурган. Сўралганларнинг 78,1 фоизи миллатлараро муносабатларни ижобий баҳолаган.

Миллатлараро муносабатлардаги муаммолар ҳақида конкретроқ саволлар бошқа натижа берган ва асосий муаммоли жиҳатларни қайд этган. Сўралган респондентлар миллатлараро муносабатлардаги муаммо ўлароқ қуйидагиларни белгилаганлар: тажовузкорлик, ёшлар ўртасидаги миллатлараро чидамсизлик - 26,5 фоиз; тил тўсиғи - 19,8 фоиз; миллий мансубиятга кўра ишга жойлашиш ва мансаб поғоналардан кўтарилиш муаммоси (туб аҳолига эътиборнинг кўпроқлиги, русийзабон ахолининг келажакка ишонмаслиги) - 18,8 фоиз.

Шу тариқа, хос саволлар русийзабон аҳолининг Қозоғистондаги тил муаммолари, мансаб поғоналардан кўтарилиш муаммоларидан ташвишга тушганини ойдинлаштиради. Сўралганларнинг катта қисми миллий мансубият бўйича ҳақ-ҳуқуқларнинг поймол қилиниши ҳодисаларига шахсан дуч келганлар. Бундай ҳодисаларнинг аксарияти (23,8 фоиз) хизмат муносабатлари жабҳасига тўғри келади. Жамоат жойларида бу кўрсаткич 25,4 фоизни, шахслараро муносабатларда 9 фоизни ташкил қилади. Шундай қилиб, ҳақ-ҳуқуқларни поймол қилиш бўйича салбий тажриба хусусий, маҳаллий характерга эга, аммо бу каби зиддиятли тажриба ва имкониятнинг борлиги муайян этник гуруҳларга тегишли кишиларда сиёсий ёки иқтисодий ўзгаришларга нисбатан салбий муносабат уйғонишига олиб келиши мумкин.

Агар миллатлараро зиддият пайдо бўлса, сўралганларнинг 18,9 фоизи ўз миллати вакилларининг тарафини олишга тайёрлар. Яъни сўралганларнинг ҳар бештасидан биттаси миллатлараро муносабатлар таранглашган тақдирда шахсий миллатлараро алоқалар ва чидамлилик ҳақида унутишга тайёр. Сўралганларнинг 20 фоизи зиддиятни бартараф қилишда расмийларга ёрдам беришга тайёр, 18,2 фоиз кишилар эса бунда мутлақо иштирок этмоқчи эмаслар. Шу тариқа, нобарқарор ўтиш даврида кучайиши мумкин бўлган этник экстремизмнинг ёйилиш имконияти барибир бор.

Сўровлардан бирида Усть-Каменогорскдаги сўралганларнинг 26 фоизи Қозоғистондан кетиш истагини билдирган. Бунда сўралганларнинг 17 фоизи “ҳа, истайман” деган жавобни, 9 фоизи эса “истайман, лекин имкон йўқ” деган жавобни берганлар. Респондентларнинг 19 фоизи ҳали бир қарорга келмаган. Бироқ мазкур тоифани Қозоғистонни ташлаб кетиши мумкин бўлган кишилар қаторига қўшиш мумкин, чунки бундай жавоб берувчи одамларнинг ичида қолишга қатъий қарор йўқ. Сўралганларнинг 53 фоизи эса Қозоғистондан кетишни истамайди. Сўров иштирокчилари томонидан асосан “ҳозирча кетишни истамайман” (39 фоиз) жавоби танланган. Яъни респондентлар, агар вазият чатоқлашса, улар Қозоғистонни шунчаки ташлаб кетишга мажбур бўлишларини тушунадилар. Ҳозирча эса собиқ ҳамюртлар Россиядаги турмушни узоқдан туриб, ўзлари яшаётган маконда қолиб кузатишни маъқул кўраяптилар.

ИЛОВА:

* Шарқий Қозоғистон вилоятидаги этник ва диний вазият мониторинги // Материаллар Усть-Каменогорск шаҳри ҳокимияти томонидан тақдим этилган.