08:45 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Афғонистон бўйича халқаро анжуман иштирокчилари Марказий Осиё мамлакатлари ўзаро ҳамкорлигини фаоллаштиришга чақирдилар

18.12.2006 20:08 msk

Фарғона.Ру

Аввал хабар қилганимиздек, 2006 йилнинг 11-12 декабрь кунлари Душанбе шаҳрида (Тожикистон) “Афғонистон ва минтақавий хавфсизлик: толиблардан кейинги беш йил” халқаро анжумани бўлиб ўтганди. У Тожикистон Фанлар академияси Шарқшунослик ва ёзма мерос институти, А. Князев жамоатчилик жамғармаси ҳамда Конфликтология ва минтақавий тадқиқотлар маркази (Душанбе) томонидан ташкил этилганди. Анжуманда Афғонистон ва Марказий Осиёдаги хавфсизлик муаммолари бўйича етакчи мутахассислар ҳамда Тожикистон, Афғонистон, Эрон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Россия, Буюк Британия, АҚШ, Канада, Италия, Ҳиндистон, Қирғизистондан дипломатик вакиллар, Тожикистоннинг қатор давлат муассасалари вакиллари иштирок этгандилар.

Анжуман якунларига кўра унинг иштирокчилари резолюция қабул қилганлар, қуйида унинг матни билан таниша оласиз.

* * *

Анжуман иштирокчилари халқаро ҳамжамият уринишларига қарамай, Афғонистондаги вазият таранглигича қолаётганини қайд этадилар. АҚШ раҳбарлигидаги Ғарб мамлакатларининг Афғонистонни либерал қадриятлар асосида қайта тиклашга қаратилган сиёсати мамлакатда қўлловга эга бўлмаяпти. Мамлакатнинг бир қатор вилоятларида фаол ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда, коррупция, банг моддалари етиштириш, қуролли зўравонлик ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётда оммавий кўринишлигича қолмоқда.

Анжуман қатнашчилари бугунги кунда АҚШ томонидан раҳбарлик қилинаётган халқаро коалиция сиёсати боши берк кўчага кириб қолди, деган хулосага келганлар. Ҳомид Қарзай ҳукуматининг мамлакат аҳолиси ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилишда, барқарорликни таъминлашда юксак лаёқатга эга эмаслигини ҳисобга олган ҳолда, АҚШ, НАТО ҳамда ISAF халқаро кучларининг Афғонистондаги ҳарбий ҳозирлиги ўз-ўзидан аҳоли томонидан аксилҳукумат кучларига қўллов кўрсатилишининг ошишига ёрдам берувчи омилга айланиб қолмоқда.

Давом этиб келаётган ҳарбий-сиёсий бўҳрон ва “Толибон” ҳаракати режими ағдарилганидан кейин Афғонистонда ташкил этилган давлат тузилмаларининг заифлиги қўшни давлатларнинг ва энг аввало, Марказий Осиё мамлакатларининг хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Айнан шунинг учун ҳам Афғонистонда барқарорликка эришилишидан манфаатдор бўлган бу мамлакатларнинг фаол иштироки мамлакатдаги вазиятнинг барқарорлашувида муҳим омил бўлиши керак.

Афғонистондаги вазиятнинг ўнглануви жўғрофий жиҳатдан жаҳоннинг бошқа ерларида жойлашган геосиёсий ўйинчиларнинг биргаликдаги ҳаракатлари орқали эмас, айнан Афғонистон қўшни бўлган минтақа давлатлари, жумладан, КХШТ ва ШҲТ каби минтақавий ташкилотлар доирасида ҳал бўлади.

Бу жараёнда Афғонистон билан алоқа қилишда бой тарихий тажрибага ҳамда ички ҳарбий-сиёсий зиддиятни бартараф этиш тажрибасига эга бўлган Тожикистон ҳам алоҳида муҳим роль ўйнаши мумкин. Аснода “афғон муаммоси”ни ҳарбий йўл билан ҳал қилишнинг имкони йўқ, уни ижтимоий-иқтисодий уйғониш ва Афғонистон ичидаги барча сиёсий кучлар ўртасида ўзаро келишув юзасида ҳал этиш мумкин.

Анжуман чоғида Афғонистондаги ҳозирги ҳарбий-сиёсий вазият, Афғонистон жамиятининг бугунги турмушига оид элликдан ортиқ маърузалар ва чиқишлар тингланди. Бунда асосий эътибор Шимолий альянснинг “Толибон” ҳаракати режимини ағдаришдаги роли, Россия ва бошқа мамлакатларнинг Афғонистонга қаратилган сиёсати, Америка ва Евроатлантика кучларининг Афғонистон ва Марказий Осиё минтақасидаги ҳозирлигининг геосиёсий жиҳатларига қаратилди, Тожикистоннинг террорчиликка қарши курашдаги ҳамда Афғонистон тикланишидаги алоҳида ҳиссаси таъкидланди.

“Толибон” ҳаракати режими ағдарилганидан кейин Афғонистоннинг беш йиллик ривожланиш якунларига, Афғонистондаги иқтисодиёт, маданият, хавфсизлик жабҳасида Америка ташаббусларига баҳо берилди. Анжуман мажлисларида ва баҳс-мунозаралар чоғида тикланиш жараёнининг долзарб муаммолари ва қийинчиликлари таҳлил этилди.

Душанбедаги форум иштирокчиларининг кўпчилиги бугунги кунда “афғон муаммоси” дея умумий ном билан аталаётган муаммоларни ҳал этиш учун қуйидагиларни амалга ошириш зарур деб ҳисоблайдилар:

- Афғонистонга инвонпарварлик ва бошқа ёрдамлар миқдорини ошириш, “Афғонистон пакети” («Afghanistan Compact») ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар доирасида бу ёрдамларни бериш ва тақсимлашнинг халқаро ва ички механизмларини такомиллаштириш;

- ШҲТ-Афғонистон формати Марказий Осиё мамлакатлари ўзаро ҳамкорлигини фаоллаштириш;

- Афғонистон, Эрон ва Тожикистон халқларининг тарихий яхлитлигини ҳамда “афғон муаммоси”ни ҳал қилишдан уларнинг манфаатдорлигини ҳисобга олиб, уч мамлакатнинг тегишли муассасалари асосида бошқа мамлакатларнинг қизиққан мутахассис иштирокида манфаатдор ташкилотларга Афғонистонни тадқиқ қилиш халқаро марказини ташкил қилиш ғоясини қўллаб-қувватлашни таклиф этиш;

- юқорида зикр этилган марказ доирасида минтақа мамлакатлари ҳукуматлари ва халқаро ташкилотларга турмушга татбиқ этиш учун таклиф қилинадиган махсус илмий лойиҳалар ва амалий тавсиялар ишланмаларини амалга ошириш учун “Афғонистонда тинчлик” халқаро муаммолар гуруҳини ташкил этиш.

Душанбе, 12 декабрь 2006 йил