08:38 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Пермь ўлкасидаги муҳожирлар: тожикистонлик олим савдо қилиш билан бирга ўз илмий ишларини ёзиш ва ёйинлашда давом этмоқда

18.12.2006 15:19 msk

А.Черних (Пермь)

Шомат Хайдаров
Шомат Ҳайдаров. "Фарғона.Ру АА" фотоси
Охирги бир неча йил ичида Камабўйидаги тожик ҳамжамиятининг миграцион ва этномаданий жараёнларини ўрганиш чоғида Пермь шаҳри ва Пермь ўлкаси қурилишлари ва бозорларида ишлаётган муҳожир тожиклар билан кўп маротаба учрашгандик. Ахир одамлар билан мулоқот қилмасдан туриб этнологик тадқиқот ўтказиш мумкин эмас, муҳожирлик, ижтимоий ва маданий мослашув, халқ миллий маданиятини сақлаб қолиш ортида эса ўз тақдирларига, ўз халқининг ўтмиши, бугунги куни ва келажаги ҳақида мулоҳазаларга эга бўлган конкрет шахслар туради.

Тадқиқот чоғида бизнинг ўқитувчилар ва шифокорлар, қурувчилар ва қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари ҳамда бошқа кўплаб касб эгалари билан учрашишимизга тўғри келганди. Сўровлар пайтида Пермдаги тожиклар уларнинг ҳатто ўз олимлари ҳам борлигини қайд этгандилар. У Кунгурада яшайди, бозорда мева-чева сотади, баъзан эса Пермга ҳам келиб туради. Бу олим филология фанлари номзоди, аввал Тожикистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти илмий ходими бўлган Шомат Ҳайдаров бўлиб чиқди. У ҳақида кўп одамлардан эшитдик ва бизда “у тожик ҳамжамиятида катта илмий обрўга эга одам экан”, деган тасаввур уйғонди.

Мен Ш. Ҳайдаров билан 2006 йилнинг январь ойида бир пиёла чой устида танишдим. Шомат Ҳайдаров тарихини ўшанда билдим. Бир томондан, бунақа “шахсий” ҳикояларни бошқа муҳожирлардан ҳам кўп эшитгандим. Аммо мени тақдир тақазосига кўра ўз ватанидан ва илмий қизиқишларидан олислаган олим ҳамкасбимнинг ҳикояси жуда таъсирлантирди.

- Сўғд вилоятининг Ашт туманида туғилганман, - дея ҳикоя қилганди ўшанда Ш. Ҳайдаров. – Филология фанлари номзодиман, Россияга келгунга қадар Тожикистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида ишлардим. Совет Иттифоқи тарқаб кетгандан кейин Академиядаги ишимни қўйиб, Россияга келдим ва савдо билан шуғуллана бошладим. Биз турли шаҳарларга қуруқ ва хўл мевалар таший бошладик. Бунақа иш билан 1994 йилдан бери шуғуллана бошладим, Нижний Новгород, Уфа, Челябинск, Свердловск вилояти, Тюменда бўлдим, кейин эса Пермга келдим.

Пермда мендан аввал акам савдо қила бошлаганди. Мен ҳам у билан бирга шу ерга келдим. Биз турли шаҳарларга борардик, Пермь вилояти бўйлаб мол етказиб берардик. Кейин Кургурдаги бозорда ўғлим ишлай бошлади, дўконча сотиб олиб, бир йил ишлади, кейин унинг ўрнида мен ишлай бошладим. Икки йил ишлаганимдан кейин ишни ўғлим давом эттиради. Ҳозир хусусий тадбиркорликка ҳужжат расмийлаштирдим, қизим ва куёвимни ишга олдим. Улар ҳам Пермь вилоятидаги Добрянка шаҳрида яшайдилар. Россия паспортини олганимдан кейин балки илм билан шуғулланишни давом эттириш учун мутахассислигим бўйича иш топарман. Чунки ўз ишимга жуда қизиқаман.

Хотиним ва иккита кичик фарзандим Тожикистонда, Ашт туманида қолганлар. У ерда уй қурдим, бутун оилам ўша ерда яшайди, 1990 йиллар бошида кўчиб ўтганмиз. Хотиним бу ёққа келишни истамайди. “Бўлди, - дейди, - ота-онамдан, қариндошларимдан шунча йил узоқда яшаганим етар, мен Душанбеда ўттиз йилдан ортиқ яшадим”. Шундай қилиб, Душанбедан туғилган жойимизга кўчиб кетдик.

Тожикистонда иш мавсуми бошланган пайтда ҳамма ўрик териш, полизга қараш учун Россиядан қайтади. Ёзда уч ойга уйга кетаман. Мен ҳар сафар шунақа қиламан: бу ерда бир неча ой яшайман, кейин икки-уч ой ватанда яшайман. Мен Россия фуқаролигини олиш учун ҳужжатлар ҳозирлаб қўйдим. Менга олти ой кутиш кераклигини айтишди, - дея ўз сўзини якунлади Ш. Ҳайдаров.

Кейин у киши билан яна учрашдик. Кунгур шаҳрида ишлаган пайтимизда озиқ-овқат бозорида Шоматнинг ишлашини кузатдик. Савдо-сотиқ ҳақида, Кунгурдаги тожикларнинг бошқа машғулотлари ҳақида гаплашдик.

- Россияга пул топиш учун меҳнатга лаёқатли кишилар, асосан эркаклар келадилар. Оналар, хотин, бола-чақа уйда қоладилар, - давом этади Шомат. - Асосан, қурувчилик ва савдо билан шуғулланамиз. Аммо шифокор, ўқитувчи бўлиб ишлаётганлар ҳам бор, лекин бунақалар кам. Бу ерда, Россияда қариндошларим ҳам савдо-сотиқ билан шуғулланадилар. Нижний Новгородда катта акам туради, у ҳам тарих фанлари номзоди, ватанда университетда дарс берарди. Бу ерда эса савдо-сотиқ билан шуғулланаяпти.

Илмий фаолият

Олим ҳаётининг маиший томонларига қарамай, илм-фан унинг асосий машғулотларидан бири бўлиб қолмоқда. Шомат Ҳайдаров китоблар ёзишда давом этаяпти, материал йиғаяпти ва форсийзабон халқлар антропонимикасининг ўзига хос хусусиятлари устида мушоҳада юритаяпти. Пермда олим томонидан бир қанча китоблар тайёрланган ва чиқарилган: 2002 йилда “Пажухиши лақабҳои мардуми ноҳияи Ашт” (“Ашт одамларининг лақаблари тадқиқоти”) ёруғ кўрган, “Мақолаҳои номшинсой” (“Антропонимия бўйича мақолалар”, Пермь, 2001) – бу китобдан эса олимнинг эроний халқлар антропонимикаси бўйича 24 мақоласи ўрин олган. Пермда якунланган яна бир катта китоб “Номвожаҳо: Қариб 38000 номҳои халқҳои эронизабон” (“Исмнома: эронийзабон халқларнинг 38000 га яқин исмлари”. Пермь, Форвард-С, 2003). Бу китоб учун материал Тожикистон, Ўзбекистон, Афғонистонда йиғилганди. Номлар тарихий, адабий, ҳужжатли материаллардан олинганди. Бу иш Тожикистонда юқори баҳога сазовор бўлган.

Олимнинг охирги асарларидан бири “Камабўйида орий тамаддуни излари” китобидир. Китобнинг 2006 йилда тайёрланиши ва чоп этилиши бежиз эмас: бу йил Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонов ташаббуси билан Орий тамаддуни йили деб аталган. Орий тамаддуни йили муносабати билан Ш. Ҳайдаров яна бир неча илмий ишларни тайёрлаб қўйган. Шомат Ҳайдаров Кунгурда ишлашига қарамай, ватан билан илмий алоқаларни узмай келмоқда. Унинг мақолалари Тожикистон матбуотида, илмий тўпламларда чоп қилинмоқда.

Аксарият муҳожирлар каби у ҳам ҳар йили куз охири-қиш бошларида ватанга қайтади, кейин эса яна Кунгурга келади. Уйга борган пайтда Ҳайдаров янги материал йиғиш, кутубхоналарда ишлаш, тожикистонлик ҳамкасблари билан суҳбат қилишга улгуради. Аэропортга Шомат Ҳайдаров ҳар доим китоблар билан тўла катта ва оғир сумкалар билан жўнайди. Бозорларнинг дам олиш куни - душанба кунлари ҳам Шомат Ҳайдаровни Пермь вилоят кутубхонасида кўриш мумкин.

Ш. Ҳайдаров томонидан Пермь ўлкасида тайёрланган ва чоп қилинган ишларнинг рўйхатиёқ одамни ҳайратга солади, ахир унинг бу ердаги асосий машғулоти бўлмиш савдо-сотиқ кўп меҳнат ва ғайрат талаб қилади, илм эса бугунги кунда олим учун бор-йўғи хобби бўлиб қолган. Нима ҳам дердик, ўз ҳавасига содиқлик кўпинча айнан шунақа вазиятларда синалади.

* * *

Ушбу мақолани тайёрлашда Ш. Ҳайдаров билан бўлган интервью ҳамда Ҳайдаров Ш., Одегов В. муаллифлигидаги “Следи арийской цивилизации в Прикамье (Историко-сравнительное изучение проблеми)” китоби материалларидан фойдаланилди.