03:04 msk, 24 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: “Подруга” жамоатчилик жамғармаси хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ хатарларнинг олдини олишга ёрдам беради

16.12.2006 17:18 msk

Алла Пятибратова

Мавлуда Жўлдўшева – Ўшдаги “Подруга” жамоатчилик жамғармасининг ходимаси. Жамғарма лойиҳаларидан бири киши савдосининг олдини олишга қаратилган. Аввал бу лойиҳани Миграция бўйича халқаро ташкилот (МХТ) қўллаганди, энди эса ЕХҲТ қўлламоқда. “Шошилинч линия” бу лойиҳа таркибий қисмларидан биридир.

“Шошилинч линия”да ишловчи операторлар махсус тайёргарликдан ўтадилар. Ахир уларнинг қанақадир саволга жавоб беришни билишларигина кифоя қилмайди-да. Улар қўнғироқ қилган одам билан умумий тил топишлари керак. Унга эса автомат каби эмас, балки ҳамдардлик билдирувчи ва уни тушунадиган ҳамсуҳбат каби жавоб бериш керак. Албатта, бунда ўйин унсурлари бор. Ахир оператор бировларнинг муаммоларини кўнглига яқин олмаслиги керак, акс ҳолда “куйиб кетиш синдром”и пайдо бўлади ва у тез орада нормал ишлаш қобилиятини йўқотади.

М. Жўлдўшева “Шошилинч линия”да уч йилдан бери операторлик қилади. Ўтган вақт мобайнида у шунча кўп нарса эшитганки, бу ҳақда бемалол китоб ёзса бўлади. Баъзан драматик, баъзан ҳатто фожеавий воқеалар ҳам учрайди. Аммо Мавлуда буларнинг тўқиб чиқарилмаганини билади. Ўзининг шахсий тажрибасидан билади, ўзи ҳам кўп нарсаларни бошдан кечирган. Шу сабабли хатарга йўлиқиши мумкин бўлганларга ёрдам бериш учун оператор бўлишга розилик берган.

Одамларни хатардан огоҳ қилиш осон иш эмас. Одамлар бу ерга иш топишга ёрдам беришлари ёки энг камида, яхшироқ пул топиш учун қаерга бориш мумкинлигини эшитиш умидида қўнғироқ қиладилар. “Сиз қул савдоси қурбони бўлиб қолишингиз мумкинлигини биласизми?” деган саволни эшитишга эса улар ҳар доим ҳам тайёр бўлавермайдилар.

- Иш бошлаган пайтимизда қўнғироқ қилганларнинг кўпчилиги бизнинг нима иш билан шуғулланишимизни тушунмасдилар. Улар ўзлари иш топишлари мумкин бўлган конкрет манзилни айтадилар, деб ўйлагандилар, - эслайди Мавлуда. – “Бор-йўғи” маслаҳат олганларидан кейин эса ҳафсалалари пир бўларди. Айримлар буни яшириб ҳам ўтирмасдилар, ҳатто сўкина бошлардилар. Аччиқ билан гўшакни илиб қўярдилар. Аста-секин одамлар “шошилинч линия”га қандай мақсад билан қўнғироқ қилиш мумкинлигини англай бошладилар. Буни одамлар бошқа мамлакатларда ишлаш учун одам йиғадиган фирмалар кўпая бошлаганидан кейин тушундилар.

Даставвал ҳамма фирмалар ҳам машруъ тарзда ишламаганлар, уларнинг ҳаммалари ҳам лицензия олган эмасдилар. Улар ўз тузоқларига туширган одамларга “олтин тоғлар” ваъда қилганлар, аммо аслида эса ҳеч нимани кафолатлай олмаганлар. Ўш вилоятидаги жуда кўп одам бунақа фирмалардан жабр кўришга улгурган. “Шошилинч линия” операторлари бу ерга қўнғироқ қилган одамларни айнан шунақа хавф-хатардан огоҳ этишга ҳаракат қиладилар. Албатта, бу фирмачиларга ёқмасди. Улар баъзан бу ерга таҳдид билан қўнғироқ қилишарди. Аммо ҳозирда бунақа фирмалар фаолияти сал тартибга тушиб қолди, биров таҳдид билан қўнғироқ қилмай қўйди.

- Ҳозир бизга қўнғироқ қилаётганлар нима ҳақида сўрашни биладилар, - дейди Мавлуда. – Улар ишга жойлаштириб қўйишни сўрамайдилар, балки қайсидир фирмага ишониш мумкин-мумкинмаслигини сўрайдилар. Ёки ўзлари чақирилаётган мамлакатда уларни нималар кутиши мумкинлигини, кимдан ёрдам сўраш мумкинлигини, ўзларини қандай тутишлари кераклигини билишни истайдилар. Биз бегона юртда ўз ҳужжатларини қаерда сақлаш кераклиги, иш берувчига алданиб қолмаслик учун нима қилиш лозимлиги ҳақида тўлиқ маълумот беришга ҳаракат қиламиз: турли мамлакатлардаги Қирғизистон ваколатхоналари манзили ва телефонларини берамиз. Умуман олганда, ишга ёллашга дохил барча жиҳатлар ҳамда муҳтамал хавф-хатар ҳақида гапириб берамиз.

Шунга қарамай, жуда кўп одам турли сабабларга кўра қул савдоси қурбонига айланиб қолмоқда. Ишга отланаётган ҳар бир одам ҳам бегона юртга пул топиш учун кетишдан аввал уларни ўша мамлакатда нима кутиши мумкинлигини аниқлаб олмайди. Кўпчилик “қўшнимнинг омади чопмади, аммо мен ақллироқман, мени алдаб бўлмайди”, деб ўйлайди. Кимдир таваккал қилади. Инсон табиати шундай экан – у яхшиликка умид қилади ва бошқаларнинг аянчли тажрибасига эътибор бермасликка уринади.

Хатар кутиши мумкин бўлган яна бир катта гуруҳ аёллар, биринчи навбатда, ёш аёллардир. Улар узоқ ўлкаларга официант, раққоса, уй хизматчиси сифатида ишлаш учун боришга рози бўлган пайтларида бошқалардан кўра кўпроқ фаҳш ишлари билан боғлиқ қул савдоси қурбонига айланиш хатарига дучор бўладилар. Албатта, уларнинг ҳаммаси ҳам бегона мамлакатда уларни нима билан шуғулланишга мажбур этишларини билмайдиган даражада гўл эмаслар. Аёлларнинг бир қисми бунга онгли равишда рози бўладилар. Улар ўз таналарини сотиб бўлса-да, пул ишлашга ва янги ҳаёт бошлаш учун уйга маблағ билан қайтишга умид қиладилар. Бироқ уларнинг орзу-умидлари кўпинча сароб бўлиб чиқади. Балки улардан кимдир бу йўл билан пул топишга ва уйга муаммоларсиз қайтишга муваффақ бўлар. Аммо кўпчилик шунчаки асоратда қолади.

- Дейлик, қиз “экзотик” мамлакатлардан биридаги қўшмачи қўлига тушади. Уни қопқонга тушди, деяверинг, - дейди Мавлуда. – Унинг паспортини олиб қўядилар. У шаҳарни билмайди. Унга ҳеч ким ёрдам бермайди. Ундан фоҳиша сифатида фойдалана бошлайдилар. Саркашлик қилса, калтаклайдилар, ҳатто ўлдириб юборишлари ҳам мумкин ва бу билан ҳеч кимнинг иши бўлмайди. Полиция рейдлари пайтида ушланган ва ватанига депортация қилинган қизларнинг омади келган ҳисобланади. Бундан фақат шу йўл билан халос бўлиш мумкин.

- Наҳотки узоқ мамлакатларга ишга кетмоқчи бўлган қизлар ўзларини у ёқларда нима кутиши мумкинлигини билмасалар, - сўрайман Мавлудадан. – Наҳот улар ҳақиқатан ҳам официант ёки раққоса бўлиб ишлайман, деб ўйлаш даражасида содда бўлсалар?

- Қизлар ҳам ҳар хил бўлади, - дейди Мавлуда. – Ёши каттароқлари албатта ҳаммасини тушунадилар, аммо ҳар қандай шартни ҳам қабул қилаверадилар: у ерда ишни унча қийин эмас, деб ўйладилар ва пул ишлаб олишга умид қиладилар. Аммо, тасаввур қила оласизми, баъзи қизалоқларнинг мутлақо ҳеч нарсага фаҳми етмайди. Бир куни жамғармамизга ўн саккиз ёшли икки қиз кирди. Биттаси Таласдан, яна бири Нориндан экан. Ўз шаҳрида улар нима ҳам кўрибди дейсиз. Улар бир амаллаб мактабни битиргач, уйларида ўтирганлар, китоб ва газета ўқимаганлар, телевизор кўрмаганлар. Уларнинг савияси ва ҳаёт ҳақидаги тасаввури қанақа бўлиши мумкин? Бу ерда ақлли одамлар ҳам тез-тез алданиб қоладилар, булар эса хом қизалоқлар-ку...

Уларнинг ҳар иккаласини ҳам танишлари алдаб кетибди. Уларни узоқ мамлакатга чақиришмаган – Ўшда ҳаёт нақадар яхшилигию бу ерда ўзларининг жуда яхши пул топаётганларини айтиб беришган. Бу гапга ишонмай бўладими? Қизалоқлар яхшироқ пул топиш илинжида катта шаҳарга келишибди. Бу ерда эса уларни тезда қўшмачилар қўлига топширишибди. Энг аввал уларнинг паспортларини тортиб олишибди. Кейин қўрқита бошлашибди. Қисқаси, яхшилаб пишитилган сценарий бўйича иш қилинган. Нотаниш шаҳарда қизларнинг борадиган жойлари бўлмаган, ҳужжатсиз ва пулсиз эса уйга кетолмайсиз. Охир-оқибат, улар тақдирга тан беришибди. Шу тариқа, улар ўз тенгқурлари қатори “трасса”га тушиб қолишибди. Энг даҳшатлиси, қизлар ўз аҳволига тезда кўна қоладилар, қаршилик қилишдан қўрқадилар.

- Улардан биттаси уйга қочиб кетишни истаган, - дейди Мавлуда, - милиционердан ёрдам сўраб мурожаат қилишга уринган. Шунда у тасодифан қўшмачининг милиционернинг қўлига пул тиқаётганини кўриб қолган... Қизнинг барча умидлари пучга чиққан. Шу билан қолиб кетаверган ва пул жамғармагунича уйга қайтмасликка қарор қилган. Балки у ўзини эркин ҳис қилиш учун етарли даражада пул топишга ҳам муваффақ бўлар. Аммо бундан унинг қалби қанақа из қолади?

Мавлуда телефонда қиз боланинг овозини эшитганида айнан шу нарсадан хавотирга тушади. У бунақа ҳамсуҳбатига уни кутаётган хавф-хатарлар ҳақида айтаётган пайтида икки баравар ишонарлироқ гапиришга ҳаракат қилади.