12:29 msk, 29 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон ҳукумати мамлакатнинг HIPC дастурига кириш шартларини эълон қилди

15.12.2006 19:33 msk

Х. Валидов

15 декабрь куни Қирғизистон ҳукумати мамлакатнинг HIPC (камбағал давлатлар учун қарз юкини енгиллатиш ташаббуси) дастурига кириш шартлари ҳақидаги расмий хабарни эълон қилди.

“Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ташқи қарзни қисқартиш бўйича механизм ва тартибларни диққат билан ўрганиб чиқиб, мамлакат ташқи қарз юкини енгиллатиш ташаббуси якуний босқичига эришиш шартлари бўйича мулоҳазаларни жамоатчилик танишиши учун тақдим этади.

Қўйилаётган шартлар системали коррупцияни қисқартириш, давлат маблағларини бошқаришда шаффофликни кучайтириш, энергетик ва тоғ-кон жабҳаларида самарадорликни ошириш, фуқароларнинг ижтимоий аҳволини яхшилашга қаратилган бир қатор чора-тадбирларни амалга оширишни кўзда тутади.

Қайд этиш лозимки, тақдим этилган шартлар мамлакатнинг аввалда маъқулланган ва амалга оширилаётган ўрта муддатли ривожланиш стратегиясида аллақачоноқ акс этган ҳамда улар Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки томонидан қабул қилиниш-қилинмаслигидан қатъий назар бажарилади. Мазкур Стратегияни амалга ошириш билан биргаликда ташқи қарз бир қисмининг кечиб юборилиши иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга имкон беради.

Илова қилинаётган шартлар муҳокама қилинди ва улар юзасидан Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси миссиялари билан, умуман олганда, ўзаро мувофиқ фикрга келинди. Шартларнинг мақбуллиги юзасидан якуний қарор мўлжалан 2007 йилнинг мартида Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси Директорлар кенгаши мажлисларида қабул қилиниши тахмин қилинмоқда.

Таъкидлаш лозимки, агар мазкур шартлар Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси Директорлар кенгаши томонидан маъқулланмаса ёҳуд ўзгартирилса, Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ушбу дастурда иштирок этишдан бош тортишга ҳақли бўлади. Бундан ташқари, Қирғизистон Республикаси Ҳукумати бу дастурдан, мамлакат учун бирор салбий оқибатсиз, истаган босқичда чиқиб кетиши мумкин.

Умуман олганда, Қирғизистон Республикаси Ҳукумати юқорида зикр этилган механизм доирасида 700 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдордаги қарз юки қисқаришини кутмоқда. Реструктуризация қилинган ва қарз эвазига берилиши керак бўлган маблағларни ҳар йили иқтисодий имкониятларни мустаҳкамлашга, ижтимоий сарф-ҳаражатларга, аҳолининг муҳтож қатламлари турмуш даражасини оширишга йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.

Ҳукумат муҳокама қилинаётган шартларни амалга ошириш ёки “якуний” босқичга етишни 2008 йилнинг ўрталарига режалаган”.



 

Реклама