12:50 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Марат Гумаров: “Ўзбекистон бастакорлик мактаби бошқа миллий мактаблардан бир бош юқори туради”

15.12.2006 17:50 msk

Нигора Ҳасанова

Яқинда Олмаотада (Қозоғистон) пианиночиларнинг III халқаро кўрик-танлови бўлиб ўтди. Унда ўн мамлакатдан, шу жумладан, Ўзбекистондан ҳам 58 иштирокчи қатнашди. Танловни Қурманғази номидаги Қозоғистон миллий консерваторияси ҳамда Маданият ва ахборот вазирлиги ташкил этган. Ҳайъат таркибига Жания Аубакирова (Қозоғистон), Хамиш Мильне (Буюк Британия), Пэд Чун (Китай), Станислав Иголинский (Россия), Нан-Хи Ким (Корея), Изумико Айоаги (Япония), Флоран Бофар (Франция) ва Марат Гумаров (Ўзбекистон) каби таниқли пианиночилар кирганлар. “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги мухбири Ўзбекистон Давлат Консерваторияси профессори в. б. Марат Васильевич Гумаров билан у Тошкентга қайтганидан кейин учрашган.

Нигора Ҳасанова: - Марат Васильевич, марҳамат қилиб, танловнинг ўзи ҳақида, унинг дастури ва унда иштирок этиш шартлари тўғрисида гапириб берсангиз.

Марат Гумаров: - Олмаотада иккинчи бор бўлишим. 2004 йилда мен у ерга икки шогирдимни олиб боргандим, улар танлов совриндори бўлиб қайтгандилар. Энди эса мени кичик гуруҳ ҳайъати аъзоси сифатида таклиф қилишди. Таъкидлаш жоизки, икки йил аввалги танлов билан солиштирганда бу йилгисининг даражаси анча ўсибди. Танловнинг жўғрофий кўлами ҳам кенгайибди. Россиянинг Москва ва Новосибирск консерваторияларидан, Белоруссия, Украина, Озарбайжон, Хитой, Жанубий Корея, Япониядан иштирокчилар келишибди, яъни бу сафар ҳам шарқий, ҳам ғарбий ҳудудлар қамраб олинган. Гап фақат пул мукофотларининг катталигида ҳам эмас. Гарчи катта гуруҳдаги биринчи мукофот $10.000 бўлса-да. Бу катта кўрсаткич бўлиб, халқаро стандартлардаги танлов даражасидир. Европада, агар мукофот 500-700 евро атрофида бўлса, бу эътиборли кўрик-танлов бўлиб ҳисобланади.

Мазкур танлов яна шуниси билан ҳам мураккаб эдики, барча танловларда ижро этилувчи асарлар – Бах ёки Шостаковичнинг полифоник ижод намуналаридан ташқари, бутун жаҳон бўйлаб мусиқий жамоатчилик томонидан кенг кўламда нишонланаётган Моцарт йили муносабати билан Моцарт сонатасининг мажбурий ижроси ҳам киритилган.

Моцерт куйларини чалиш жуда қийин, чунки уни ҳар бир одам ўзича қабул қилади, Моцарт услубига риоя қилишни билиш эса ижрочининг мусиқачилик қобилияти юксак эканидан далолат беради. Бундан ташқари, иштирокчилар биринчи босқичда юксак маҳорат талаб этадиган иккита этюд чалиб беришлари ва ўзлари тамсил этаётган мамлакат бастакори басталаган куйни ижро этишлари шарт эди. Бу шу жиҳатдан қизиқ ва диққатга сазовор эдики, биз турли мамлакатлар бастакорлик мактаблари билан танишишга муваффақ бўлдик. Дарвоқе, япониялик ҳайъат аъзолари айнан шу жиҳатнинг муҳимлигини қайд этдилар, чунки уларда МДҲ мамлакатлари ёки Европа давлатларида бўлгани каби бастакорлик мактаблари йўқ.

Иккинчи босқичда барча иштирокчилар ижро этишлари керак бўлган йирик асар билан бир қаторда юксак маҳорат талаб этадиган бешта пьеса ижро этилиши лозим эди. Бу жуда мушкул вазифа, чунки ҳар бир пьесага тайёргарлик жуда кўп вақт талаб этади. Қайд этиш жоизки, танловда бешта пьесанинг ҳаммасини эмас, икки-учтасини тинглайдилар, уларни ҳайъат ижрочи саҳнага чиқишидан аввал танлайди. Кўп ижрочилар учун айнан шу нарса энг катта қийинчилик бўлиб ҳисобланади. Катта асарни ижро қилгандан кўра миниатюраларни ижро қилиш ҳар доим қийинроқдир. Ижрочи ҳиссий ва технологик жиҳатдан дафъатан асар руҳига кириши керак бўлади, ахир ҳамма пьесалар фарқли техника билан ижро этилиши керак-да. Бу жуда оригинал йўл бўлиб, биронта танловда бунақа дастур йўқ. Олмаотадаги танловнинг ғайриодатий экани ҳам шу билан белгиланса керак.

Нигора Ҳасанова: - Танловда Ўзбекистондан кимлар иштирок этдилар?

Марат Гумаров: - Мамлакатимизни икки иштирокчи Успенский номидаги мусиқа мактаби ўқувчиси Юля Шек (ўқитувчи Э. Мирқосимова синфи) ва консерватория магистратураси талабаси Гулруҳ Шокирова (профессор в. б. М. В. Гумаров синфи) тамсил этдилар. Юля кичик гуруҳда чиқиш қилди, ўзининг энг яхши ижрочилик қобилиятини намоён қилди, у ҳайъатнинг кўп аъзоларига ёқди. Юля дипломга сазовор бўлди ва ўйлайманки, унинг бу танловдаги иштироки келажакда қизнинг профессионал ривожига катта туртки бўлади.

Гулруҳ катта гуруҳда ўйнади. У ҳам жуда яхши чиқиш қилди ва унинг ижроси ҳайъат аъзоларига маъқул бўлди. Гулруҳ қийин беллашувда учинчи мукофотни қўлга киритди, чунки танловда Москва консерваторияси вакиллари иштирок этгандилар, биз эса бу даргоҳнинг бутун дунёда юқори баҳоланадиган профессионализм “бешиги” эканини биламиз.

Нигора Ҳасанова: - Иштирокчиларимиз қайси бастакорларнинг куйларини ижро этдилар?

Марат Гумаров: - Юленька Сайфи Жалил пьесаларини ижро этди, улар тасвирий йўналишда ёзилгани, шу билан бирга, моҳиятан жуда миллий экани билан тингловчиларга ёқди. Гулруҳ Нуриддин Ғиёсов тўрт “Кайфият”идан цикл ижро этди. Бу жуда қизиқарли асардир. Айтишим мумкинки, менинг шогирдларим уни Германияда, Италияда, кўплаб халқаро танловларда бир неча маротаба ижро қилганлар ва у ҳар доим катта катта олқишларга сазовор бўлади. Асар ёзилганига анча бўлган – буни муаллиф талабалик йилларида ёзган, аммо у ерда янги турдаги техника ва миллий асос моҳирона уйғунлаштирилган. Бир марта мендан Германияда ҳатто: “Биласизми, биз мусиқий энциклопедиядан Ғиёсовни қидирдик, аммо Генделни топдигу Ғиёсовни топа олмадик”, дегандилар. Ва бу нарса бизнинг бастакорларимиз ва ижрочиларимизни эндиликда таний бошлаганларидан ҳамда улар ҳақида, уларнинг ижоди хусусида кўпроқ билишни исташларидан далолат беради. Менимча, бу энг асосий масаладир, ахир биз танловларга фақат ижрочиликда қандай ютуқларга эришганимизни кўрсатиш учунгина бормаймиз, балки шунинг баробарида ўз бастакорларимиз ижодини ҳам ташвиқ қиламиз.

Бу танловда мен турли мамлакатлар бастакорларининг кўплаб асарларини тинглаб кўрдим ва Ўзбекистон бастакорлик мактаби бошқа кўплаб миллий мактаблардан бир бош юқори турар экан, деган хулосага келдим. Мен ҳеч кимни ҳафа қилмоқчи эмасман, аммо биз бу соҳада анча илгарилаб кетган эканмиз.