23:12 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Европа Иттифоқи делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари учун ёпиқ

14.12.2006 12:12 msk

Фарғона.Ру

Москвада чиқадиган “Независимая газета”нинг Европа Иттифоқи ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича Олий вакили матбуот хизматига таяниб бугун маълум қилишича, Европа Иттифоқи экспертлари 2005 йилнинг май ойида Андижонда бўлиб ўтган маълум воқеалар юзасидан Ўзбекистон томон билан музокаралар ўтказиш учун Тошкентга етиб келганлар. Делегация таркибида ЕИ раҳбарияти вакиллари, ЕИ Кенгаши котибияти ходимлари ҳамда бевосита Германия, Франция, Буюк Британия ва Швециядан экспертлар бор.

Эслатиб ўтамиз, 8 ноябрь Брюсселда Евроиттифоқ-Ўзбекистон ҳамкорлиги бўйича Кенгаш мажлиси бўлиб ўтиб, унда иккала томон алоқаларни тиклашга тайёр эканларини билдирганлар. Кенгашдан кейин бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўзлаган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Ўзбекистоннинг Андижон воқеаларига нисбатан тутган позицияси ўзгаришсиз қолганини тасдиқлаб, бу билан ҳар қандай халқаро текширув ўтказиш эҳтимолини истисно қилганди. Бунинг ўрнига Евроиттифоққа Андижон воқеалари бўйича иккитомонлама экспертлар учрашувини ташкил қилиш таклиф этилганди. Аснода В. Норов “2005 йилнинг май ойида Андижонда Ўзбекистон қонунчилиги ва Халқаро ҳуқуқ томонидан аввалдан ҳозирланган террорчилик хуружлари, конституцион тузумга, одамларнинг соғлиғи ва хавфсизлигига тажовуз қилиш дея баҳоланадиган жиноятлар содир этилган”лигини таъкидлаганди.

Uznews.netнинг хабар қилишича, кеча Европа делегацияси ўзбекистонлик ҳамкасблар билан бир қатор қисқа учрашувлар ўтказган. Бироқ Европа Иттифоқи комиссиясининг Ўзбекистонда бўлиши юзасидан аввалдан тасдиқланган график аэропортдаги туман туфайли ўзгартирилган. Жумладан, европалик меҳмонлар мамлакатдаги фуқаролик жамияти вакиллари билан бўладиган учрашувни бекор қилганлар.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячиларидан ташқари журналистлар ҳам европалик экспертлар билан учрашиш ва сўзлашиш имкониятидан маҳрум бўлганлар, улар турли манбалар орқали ушбу ташриф доирасида матбуот билан ҳеч қандай учрашув режаланмаганини билиб олганлар. Uznews.net сайтининг хабар қилишича, журналистлар билан алоқа қилишнинг истисно қилиниши Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан тузган битими шартларидан бири бўлган: мазкур ташриф ва унинг натижалари ҳақида ахборот тарқатиш фақат мамлакат ташқи ишлар вазирлиги салоҳиятига дохил иш бўлиб ҳисобланади.

Ўзбекистон мухолифатчилари ва ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, ЕИ экспертларининг Ўзбекистонга оммавий ахборот воситаларидан яширинча ва ошиғич равишда келиши яхши натижа бермаса керак. Улар Ўзбекистонда ҳозир нима бўлаётгани ва Андижонда аслида нима воқеа юз берганини тушуна олмайдилар. “Хьюман Райтс Вотч” халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти вакиллари ҳам ЕИ экспертларидан ҳафсалалари пир бўлган. Ушбу ташкилот ЕИ экспертларини Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат вакиллари билан учраштиришга астойдил уринганди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббускор гуруҳи раиси Суръат Икромовдан олинган маълумотларга кўра, европалик меҳмонлар ташрифи бирор-бир жиддий ўзгаришга олиб келмаса керак. Бироқ ҳуқуқ ҳимоячисида мавжуд маълумотларга кўра бир неча кун аввал Тоштурма номи билан танилган Тошкентдаги 1-тергов ҳибсхонасига мамлакат чекка жойларидаги колониялардан бир неча сиёсий маҳбуслар зудлик билан кўчириб келинганлар, улар орасида андижонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов ҳам бор.

Суръат Икромовнинг тахминига кўра, Ўзбекистон расмийлари ва ЕИ вакиллари ўртасида “савдо” бўлиш эҳтимоли бор. Бу “савдо” айрим номи чиққан маҳбусларнинг озод этилишида акс этса керак. Бунга жавобан ЕИ ҳам ён беради, буни эса расмий Тошкент интизорлик билан кутаяпти.



 

Реклама