19:30 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент валийлари. I қисм: Зангиота

14.12.2006 01:11 msk

Андрей Кудряшов (Тошкент)

© Фарғона.Ру фотоси

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Тошкент шаҳри пайдо бўлганидан бери ўн уч марта фотиҳлар ҳужумига учраган, тўрт марта ер билан яксон қилинган ва етти марта қаттиқ зилзилани бошдан кечирган. Драматик воқеалар ва табиий офатлар қадим шаҳар қиёфасини ўзгартириб борган, аммо одамларни қадимдан яшаб келган қулай иқлимли ерларини бутунлай ташлаб кетишга мажбур қилолмаган.

Ўтган аср охирида мустақил давлат пойтахтига айланган шаҳар бунгача бир-бирининг ўрнига келган империя ва шоҳликлар чеккадаги камтар вилоят бўлиб қолиб, дунёга буюк саркарда ва афсонавий ҳукмдорлар номларини туҳфа этган эмас. Бу ердан кўпроқ, айниқса синов йилларида, ўз замондошларининг руҳоний интилишларини тўғри йўлга йўналтириб валийлар чиққанлар.

Бу валийларнинг номлари ва ҳаётлари билан боғлиқ етти қадамжо шу кунгача бутун Марказий Осиёда табаррук ҳисобланади. Бу валийларнинг баъзилари ҳақиқий тарихий шахслар бўлган.

ЧЎПОН ЗИКРИ

Зангиота номи билан машҳур валий шайх Ойхўжа ибн Тожхўжа ибн Мансур мақбараси Тошкент жанубий-ғарбидан ўн беш километр нарида жойлашган. Солор дарёси қирғоғига яқин жойда археологлар насроний эрасидан аввалги II асрга дохил қадим шаҳарни топганлар. Ҳойнаҳой, бу яқин атрофда жойлашган энг қадимги аҳоли истиқомат қилган жой бўлиб, уни замонавий Тошкентнинг аждоди дея ҳисоблаш мумкин. Аммо Зангиота яшаган замонларда шаҳар бу ерлардан анча олисда жойлашган эди.

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Ривоятларга кўра, валий Зангиота бутун умр чўпонлик қилган, у одамларнинг подасини боқиб, уларни ёзда Ғарбий Тиёншон тоғларидаги серўт яйловларга ҳайдаб борган, қишга яқин эса Сирдарё, Чирчиқ ва Солор бўйидаги қамишзорларга қайтариб келган. Аснода, қайд этиш жоизки, ўша пайтларда бу лавозим анча фахрли ҳисобланарди. Бунинг устига, Ойхўжа ўзининг бениҳоя оқиллиги, раҳм-шафқатлилиги ва савобли ишлари билан халқ орасида обрў-эътиборини ошириб борган. У фақат ўз қавмдошларининг асосий бойлиги бўлмиш сигир ва қўйларни муваффақият билан кўпайтирибгина қолмай, жамоатнинг руҳоний раҳбари ҳам бўлиб ҳисобланарди – ўзаро жанжалларни ҳал қилар, кўнгилларни тинчлантирар, иймон-эътиқодга даъват қилар, касалларни даъволар ва ҳатто кароматлар кўрсатарди, пировардида у валий дея тан олинганди.

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Ривоят қилишларича, Ойхўжа дунёга келган пайтида улуғ устоз дуосини олиш учун уни ўша заҳотиёқ Ясси шаҳрига олиб кетганлар. Бу ажойиб чақалоқ валий Аҳмад Яссавий оёқлари остида дуо қилган, бундан устознинг кўнгли ийиб, авлодлар бу чақалоқнинг мақбарасини Яссавийга эҳтиром кўрсатилишидан аввалроқ барпо этажакларини башорат қилади. Бу воқеа ҳақиқатан ҳам бўлган бўлиши мумкин, чунки Ойхўжанинг чақалоқлик пайти (унинг қачон туғилгани аниқ маълум эмас) Аҳмад Яссавий ҳаётининг сўнгги йиллари билан тўғри келиши мумкин эди. Лекин ёш Ойхўжа тасаввуф сирларини валий Аҳмаддан эмас, Яссавия тариқатининг шайхи бўлган ўз отаси Тожхўжадан ўрганган.

Кейинчалик, ривоятга кўра, Ойхўжа бир неча устоздан таҳсил олган, Зангиота шогирдлари эса сон-саноқсиз бўлган. У тасаввуфда зикри Занги ёки чўпон зикри деб аталган ўз руҳоний амалиётини кашф этганини айтадилар.

Зикр – Парвардигор исм ва сифатларини ёдлашнинг махсус усуллари мусулмон мистикларининг маҳфий асрори бўлган. Бироқ айнан ўрта асрларда тасаввуфнинг турли мактаблари издошлари ичида зикрнинг қандай бўлиши кераклиги ҳақида “ғоявий” ихтилофлар келиб чиққан.

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Зангиота (қора танли) исмининг ўзи кунларини очиқ осмон остида ўтказадиган валий чўпоннинг юзи ва танасини қуёш нақадар куйдирганидан дарак берса керак. Лекин маҳаллий шеваларда “занги” сўзининг нарвон деган маъноси ҳам бор.

Ривоятларга кўра, Зангиота узоқ умр кўрган ва 1258 йилда вафот этган. Унинг вафотидан бир аср кейин у туғилганида қилинган башорат катта воқеалар муҳитида амалга оша бошлайди.

ТЕМУРЛАНГ МАРҲАМАТИ ВА БУҚА ҲАҚИДАГИ АФСОНА

Самарқанд, Шаҳрисабз ва Туркистонда сақланиб қолган ўрта аср меъморий ёдгорликлари билан таниш бўлган кишиларнинг ҳар бири Зангиота мақбарасини кўрган заҳоти Амир Темур ва темурийлар даври обидалари услубини пайқай олади. Сирланган сополчалардан тизилган нақшлар билан безалган баланд равоқ ва каттакон юмалоқ гумбазлар кишида замонавий Ўзбекистоннинг бутун дунёга машҳур диққатга сазовор обидаларини кўрганда пайдо бўладиган таниш ҳисларни уйғотади. Ҳақиқатан ҳам Зангиота ёдгорлик мажмуаси Темурнинг шахсан буёруғига кўра унинг тириклик чоғидаёқ қурила бошланган.

1397 йилда Темур Маворауннаҳрдаги ҳокимият учун курашда ўзининг асосий рақиблари бўлмиш Мўғилистоннинг чиғатой ҳукмдорлари устидан қатор ғалабаларни қўлга киритгач, ўша пайтда барча туркий халқларнинг авлиёси ҳисобланган Аҳмад Яссавийнинг Яссидаги қабрини зиёрат этишга боради. Валийнинг шон-шуҳратини ўз империяси обрўсига эш қилмоқ учун Темур Яссида Аҳмад Яссавий мақбарасини барпо қилишни амр этади. Тошкент яқинида Зангиота мақбарасининг қурила бошлаши ҳам ўша йилга тўғри келади. Бу башоратнинг рўёбга чиқиши эдими ёки давлат мафкураси манфаати йўлидаги оддий тасодифмиди?

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Зангиота қишлоғида “Фарғона.Ру” АА мухбирлари ажойиб афсонани ёзиб олишга муваффақ бўлдилар. Эмишки, Яссидаги мақбара пойдевори ва деворларини қура бошлаган пайтларида ҳар оқшом қаердандир қурувчиларга ташланадиган ва улар томонидан кун бўйи қурилган барча нарсани бузиб кетадиган даҳшатли буқа пайдо бўлган. Бу ҳужум ҳақида Амир Темурга етказганлар ва у донишманд одамлар билан кенгашгач, улардан валий Аҳмад Яссавий бир маҳаллар Ойхўжанинг отасига айтган сўзларни эшитган. Шунда ҳукмдор кароматнинг юзага чиқиши учун амр берган ва ҳар иккала мақбара бир вақтнинг ўзида қурила бошлаган.

Амир Темур Тошкентга бир неча бор ташриф буюрган, 1365 йилда эса унинг деворлари олдида Чирчиқ дарёси водийсида “лой жанги”да чиғатой қўшинларини мағлуб қилган. Ҳойнаҳой, унга маҳаллий аҳолининг урф-одатларию ишонч-эътиқоди яхши маълум бўлган бўлса керак. Яссига зиёратга бориш олдидан Темур ўз империясининг шимолий-шарқий чеккаларидаги одамлар меҳрини қозониш учун Мўғулистон ҳукмдорлари қизларидан бирига уйланади. Ҳойнаҳой, эътиборли маҳаллий авлиё мақбараларнинг барпо қилиниши ҳам Хитойга юриш олдидан ишончли қароргоҳга айланиши керак бўлган ўлка аҳолиси муҳаббатини ва эътиборини қозониш учун кўзланган ўша сиёсий мақсад учун хизмат қилган бўлса керак.

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Темур бир умр орзу қилган охирги режанинг амалга ошиши тақдирда битилмаган кўринади. 1405 йилнинг кеч кузида Кавказ, Туркия ва Форс кўрфазигача чўзилган ўз давлатининг шарқидаги барча ғалаёнларни охиригача бостирган Самарқанд императори Мавороуннаҳрнинг улкан қўшинини шимолий даштлар томон солган. Қиш бошларига келиб у Ўтрор яқинида Сирдарёдан жадаллаб ўтиб кетаётиб, совуқ кучайиб кетгани туфайли юришни тўхтатишга ва қўшиннинг катта қисмини Тошкент яқинига юборишга мажбур бўлади. Саркарданинг ўзи даштда қишлашга қарор қилади, аммо оғир касалликка чалиниб, вафот этади. Ўша пайтга келиб Аҳмад Яссавий мақбараси қарийб битказилган, Зангиота мақбарасининг равоғи эса Самарқанд хукмдори, Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек даврида қуриб битирилган. Зангиота қишлоғидаги ёдгорлик мажмуасининг охирги иншооти бўлмиш минора ХХ асрда қурилган бўлиб, бизнинг замонамизда енгил таъмирланган.

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Мақбарадан унча олис бўлмаган жойда яна бир машҳур зиёратгоҳ – Зангиотанинг рафиқаси Анбарбиби мақбараси жойлашган. Анбарбиби мақбарасида унинг аввалги қайнонаси, Сулаймон Боқирғонийнинг онаси Улуғ подшо ҳам дафн этилган.