02:26 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Бишкек ёшлари мамлакатнинг HIPC дастурига киришига қарши актив норозилик билдирмоқдалар

13.12.2006 14:27 msk

Азамат Қачиев, Бишкек

29 ноябрдан бошлаб Қирғизистон пойтахтида мамлакатнинг HIPC дастурига киришига қарши митинглар бўлиб ўтмоқда. Дам олиш кунларидан ташқари ҳар куни ёшлар Жаҳон банки ва миллий банк бинолари олдида норозилик намойишлари ўтказмоқда. Митинг ташкилотчилари митинглар Қирғизистоннинг бу дастурга кириши ҳақидаги музокаралар тугагунча давом этишини таъкидламоқдалар.

12 декабрь куни “Кел-Кел” ёшлар бирлашмаси ва Ёш сиёсатчилар форуми томонидан уюштирилган митинг соат 13:00 да Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) биноси олдида бошланди. Бишкекнинг Эски майдонида 300-400 талаба йиғилди. Намойишчилар парламент депутатлари уларнинг олдига чиқишларини талаб қилдилар. Аммо парламент аъзолари чиқавермаганларидан кейин “Аксилхипик” тадбири иштирокчилари Миллий банк томон йўл олдилар, у ерда намойишчилар мамлакат мадҳиясини куйладилар ва бинога бир неча тухум отдилар.

Митингчилар Жаҳон банки ваколатхонаси биносига етганларида амалдор устидан кулинган плакатларни ҳамда ЖБ вакили Рожер Робинсон тулупи солинган ясама тобутни ёқиб юбордилар, шунингдек, бинога палағда тухум отдилар. Шундан сўнг улар уйларига тарқалдилар.

“Парламент аъзолари ўзларининг халқ вакиллари эмасликларини яна бир маротаба исботладилар: улар олдимизга чиқмадилар”, - дея билдирди Ёш сиёсатчилар форуми вакили Адил Турдуқулов.

“Кел-Кел” ёшлар бирлашмаси аъзоси Жилдиз Бўрўнбаева ҳам ана шундай фикрда: “Биз митинг қилаверамиз, чунки биз Американинг мустамлакасига айланишни истамаймиз, биз озодликни танлаймиз”.

Аснода 2006 йилнинг февраль ойи охирида Қирғизистоннинг давлат қарзи 2025672000 АҚШ долларини ташкил этган. Иқтисодиёт ва молия вазири Ақилбек Жапаровга кўра, агар Қирғизистон HIPC дастурига кирса, “мамлакатнинг тақрибан 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги қарзи кечиб юборилади ва (Қирғизистон) аста-секинлик билан ташқи қарздан қутилади”. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги статс-котиби Азамат Дикамбаев ҳам шундай деб ўйлайди: “Қирғизистоннинг ташқи қарз муаммосини ҳал қилиш учун HIPС дастуридан бошқа имкони йўқ. Агар ҳеч қанақа чора кўрилмайдиган бўлса, кейинчалик ташқи қарзлар юзасидан муаммолар туғилади”.

Қирғизистоннинг собиқ бош вазири ва касби иқтисодчи бўлган Амангелди Муралиев “Фарғона.Ру”га берган интервьюсида “мамлакат бу дастурга кириши керак эмас, вазиятдан чиқишнинг бошқа йўллари ҳам бор, аммо ҳукумат нимагадир бу йўлларни қидирмаяпти. Мен Россия, Хитой, Япония, Қозоғистон ҳукуматларига, халқаро молия институтларига, жамғармаларига Қирғизистон тараққиётининг янги стратегиясини амалга ошириш учун грантлар ажратиш илтимоси билан мурожаат қилиш мумкин эди, деб ўйлайман. МДҲ, ЕврОсИҲ, ШҲТга аъзо мамлакатларнинг ХВЖ ва ЖБ каби халқаро молия институтларини ташкил этиш вақти келди”.

Мамлакатдаги вазият ҳукуматнинг Жаҳон банки билан олиб бораётган музокаралари аҳоли қониқтирмаётгани билан ҳам таранглашмоқда. Бундан ташқари, музокаралар ёпиқ эшиклар ортида ўтмоқда ва журналистларнинг тўла маълумот олишларига имкон бўлмаяпти.

“Жаҳон банки мамлакатга босим ўтказиш учун пишанг топиб олди ва онгли равишда бизни бу дастур томон итараяпти”, - деб ҳисоблайди ҳуқуқ ҳимоячиси Анара Дауталиева. – “Мен бу ерда Америка билан Россиянинг геосиёсий ўйини кетаяпти, деган фикрдаман. Ахир мамлакат HIPC дастурига кирса, Американинг “Ганси” базаси яна узоқ муддатга шу ерда қолади, буни эса биз истамаймиз”.

“Нима бўлганда ҳам биз ўз митингларимизни ҳукумат бу ғоядан воз кечгунига қадар давом эттираверамиз. Агар биз барибир HIPC дастурига кирсак, у ҳолда биз вазирлар маҳкамасининг истеъфосини талаб қиламиз”, - дея билдирди Адил Турдуқулов.

Бу орада, 24.kg ахборот агентлигининг бугун хабар қилишича, Бишкекдаги халқаро корчалонлик кенгашининг очиқ мажлисида ХВЖ Қирғизистондаги ваколатхонаси раҳбари Жеймс МакХью: “HIPC Қирғизистон суверенитетига хавф солмайди”, дея билдирди. У буни республика дастурга киришда ўз зиммасига олган мажбуриятлар, моҳиятан, мамлакат расмийлар томонидан ишлаб чиқилган ислоҳотлар стратегияси бўлиб ҳисобланиши билан изоҳлайди.

Жаҳон банкининг минтақадаги вакили Рожер Робинсоннинг тушунтиришича, HIPCда халқаро молия институтлари томонидан амалга оширилиб келаётган Қирғизистонга берилаётган ёрдам шартларидан ташқари чиқадиган ҳеч нарса йўқ. “Бу ташаббус фақат мамлакатда содир бўлаётган жараёнларни тезлаштиради, холос, - дея қайд этади МакХью. – Шунинг учун ҳам мен агар республика ташқи қарзларидан кечиб юбориш дастурига кирадиган бўлса, ундаги вазият яхшиланади, деб ҳисоблайман. ХВЖ таянадиган макроиқтисодиёт нуқтаи назаридан HIPC Қирғизистон учун манфаатли бўлиши мумкин эди”.

Шунга қарамай, халқаро молия институтларининг ҳар иккала вакили ҳам HIPC дастури якунланганидан кейин Қирғизистон яна ташқи қарзнинг аввалги даражасига қайтиши мумкинлигини истисно қилмайдилар.

“Агар расмийлар зарур ислоҳотлар ўтказмасалар, муваффақиятсизликдан қочиб қутулиб бўлмайди”, - дейди Рожер Робинсон. Бундай бўлган тақдирда у муваффақиятсиз тажрибани HIPC дастурига юклашларини истисно қилмайди. “Қарз юкининг камайиши фойдали, аммо у мамлакатдаги мавжуд муаммоларни ҳал қила олмайди, - дея таъкидлайди Рожер Робинсон. – Шунинг учун ҳам давлат қарзларни кечилиши билан боғлиқ муаммолар ўз-ўзидан йўқолиб кетишига умид қилмасдан, уларни ҳал этиши керак. Қирғизистон HIPC дастурига киргач, бошлаган нуқтасига қайтишга йўл қўймаслигини намойиш этиши керак”.