12:51 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Овлақули Хожақули: “Қуллик сезгилари бўлмаган одамлар борлигига ишонгинг келади”

12.12.2006 19:02 msk

Нигора Ҳасанова

Яқинда Тошкентдаги Виктор Гюго номли Француз маданий марказида “Эски масжид” (Қарши) театр-студиясининг режиссер Овлақули Хожақули томонидан саҳналаштирилган “Медея” спектаклининг жамоатчилик кўриги бўлди. Спектакль премьераси Деҳлида (Ҳиндистон) бўлиб ўтадиган экспериментал театрлар халқаро анжумани доирасида бўлиб ўтади. “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги мухбири Овлақули билан спектаклнинг якуний репитициялари бўлиб ўтаётган Тошкентдаги Муқимий театрида учрашди. Суҳбатимизни Медея ҳақидаги савол билан бошладик.

“Фарғона.Ру”: - Ҳиндистондаги анжуманга айнан “Медея”ни олиб келишни сизга ташкилотчиларнинг ўзлари таклиф қилишдими?

Овлақули Хожақули: - Йўқ, бу уларнинг таклифи эмас. Антик пьесалардаги Аёл тимсолини кўрсатиш ва уларни замонавий ҳаёт билан боғлаш фикри менда анчадан бери бор эди. Бу спектаклда асосий урғу Медеяга, Аёл тимсолига қаратилган. Мен фақат Эврипид, Сенека, Гофман, Разумовская асарларидангина фойдаланмадим, бунда ўзим ҳам бешинчи муаллиф сифатида иштирок этаман.

“Фарғона.Ру”: - Медея мудҳиш қурбонликни амалга оширади – у ўз болаларини ўлдиради. Ўз қаҳрамонингизни оқлайсизми? Бундай ишни оқлаш мумкинми?

Овлақули Хожақули: - Оқлаш мумкин ва лозим. Ҳаммаси кимни ва нима учун қурбон қилаётганингга боғлиқ. Агар Медея ўз болаларини жаллодлар қўлида қолдирганда эди, бу унинг учун болаларини ваҳший ҳайвонлар чангалига ташлаш билан баробар бўларди. Медея ўз болаларини пок ва масъум қолишини маъқул кўрди, илло уларни ўзи номуносиб деб билган тарбия қилишларини истамади. У ўз болаларининг уларга ўхшаб катта бўлишини хоҳламади ва уларни қурбонликка келтириш билан воқеалар ривожига якун ясади.

Овлякули Ходжакули
Овлақули Хожақули. “Фарғона.Ру АА”фотоси
“Фарғона.Ру”: - Сиз ўз спектаклларингизни бу сиз учун дунё билан мулоқот қилишнинг, ўзингизни англашнинг ва ўз ёлғизлигингизни сақлаб қолишнинг ягона усули бўлгани учун яратасиз. Бу усулни қачон кашф қилдингиз, нима учун пьеса ёзувчи режиссёр бўлиш қарор қилдингиз?

Овлақули Хожақули: - Қачон топганимни аниқ айтолмайман, аммо энг биринчи истагим саҳнада бўлишдир. Актерлик маҳоратини ўрганаётган пайтимда ўқитувчиларим менда режиссёрлик қобилияти борлигини сезганлар. Кейин мен режиссёрлик факультетига кирдим, чунки мен учун ҳар бир материалда ҳамма нарсани қамраб олиш, ҳамма учун ўйлаш, ҳамма учун қарор қабул қилиш муҳим эди. Кейин ҳамма нарса ҳақида ўйловчи ва ҳамма учун ҳал қилувчи одам режиссёр деб аталса керак, деган хулосага келдим.

“Фарғона.Ру”: - Сизнинг “залда учта одам ўтирса ҳам, улар учун жон-жаҳдим билан ишлайман”, деган сўзларингиз ёдимда қолганди. Сиз залда қандай томошабин бўлиши истайсиз?

Овлақули Хожақули: - Мен инсоният ҳақида, инсон ҳаёти, озодлик, бахт ҳақида ўйлайдиган, ташвиш тортадиган, мен билан ҳамяратувчи бўлган томошабинни кўришни истардим. Менга кўнгил очишни истайдиган эмас, фикрлайдиган одамлар керак. Мен одамларнинг кўнглини очмоқчи эмасман. Шунинг учун ҳам менинг театрим – қашшоқ театр, аммо мен тижоратга шўнғиб кетмасликка ҳаракат қиламан. Бунинг учун бошқа санъат турлари бор, аммо мен театрни тижорат корхонасига айлантиришни истамасдим.

“Фарғона.Ру”: - Сизнингча, замонамиз қаҳрамони ким?

Овлякули Ходжакули
Овлақули Хожақули. “Фарғона.Ру АА”фотоси
Овлақули Хожақули: - Мен бунақа қаҳрамонни тасаввур қилиб кўришга уринганман... Мен учун у на диний, на сиёсий догмалар билан келишмайдиган одамдир. У эркин бўлишдан ва озодликка ишонишдан қўрқмайди. Албатта, мутлақ озодлик йўқ нарса, аммо ўз фикрини айтишдан қўрқмайдиган, қуллик сезгилари йўқ кишилар борлигига ишонгинг келади...

Маълумотнома: Овлақули Хожақули 1959 йили Туркманистонда туғилган. Тошкент театр институтининг режиссерлик факультетини (1986 й.) тугатган. М. Туманишвили раҳбарлиги остидаги ижодий лабораторияда (Тбилиси 1988-89 йй.) ўқиган. Чоржўй мусиқали драма театри бош режиссёри (1986-90 йй. Туркманистон) бўлиб ишлаган. Туркманистон, Украина, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия ва Ўзбекистон театрларида ишлаган. В. Шекспир, О. Уайльд, К. Абэ, Т. Манн, Еврипид, Г. Лорка, Тикамацу, А. Навоий, Ф. Аттор, Софокл, Г. Э. Лессинг ва бошқа адиблар қаламларига мансуб бўлган элликдан ортиқ асарларни саҳналаштирган. “Эдип” бадиий фильмини ҳамда “Оқимга қарши сузаётган одам” ҳужжатли фильмини суратга олган. У қўйган кўплаб спектакллар Польша, Германия, Финляндия, Италия, Франция, Туркиядаги халқаро театр анжуманларида мукофот олган.