05:24 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Экспертлар фикри: Афғонистондаги тобора ёмонлашаётган вазият тезроқ ҳал этилиши керак

12.12.2006 13:10 msk

Ўз ахб., Душанбе

Тожикистон пойтахти Душанбеда икки кунлик “Афғонистон ва минтақавий хавфсизлик: толиблардан кейинги беш йил” конференцияси бошланди. Мунозараларда Тожикистон, Афғонистон, Россия, Буюк Британия, АҚШ, Ўзбекистон, Қирғизистон вакиллари – эътиборли олимлар, дипломатлар, мустақил тадқиқотчилар иштирок этмоқдалар. Анжуман Тожикистон Фанлар академияси Шарқшунослик ва ёзма мерос институти базасида бўлиб ўтаяпти, у А. Князев жамоатчилик жамғармаси ҳамда Конфликтология ва минтақавий тадқиқотлар маркази томонидан ташкил этилган.

Анжуман ишининг биринчи куни Афғонистондаги бугунги аҳвол юзасидан турли-туман ўзига хос “ташхислари” баёнига бағишланди. Таниқли афғоншунос, Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти профессори Виктор Коргунга кўра, Афғонистондаги вазият тобора кўпроқ “совет давридаги вазият”ни эслатаётир. Мамлакат жанубидаги “европачи” гарнизонлар, маърузачи берган маълумотларга кўра, фақат ўзларини қўриқлаш билан машғул бўлаяптилар, холос. Маҳаллий аҳоли орасидан кўпчилик толиблар томонга ўтиб кетаяпти ва “бу толиблар кучли бўлгани учун эмас, Ҳомид Қарзай ҳукуматининг кучсизлиги туфайли содир бўлаяти”. Мамлакатда коррупция, талончилик ва ўғирлик гуллаб-яшнаяпти. Мамлакат парламентига бўлиб ўтган сайловлар “Россиядагидан кўра демократикроқ ва эркинроқ бўлганига қарамай, парламентда афғон ва совет аскарларининг қонини тўккан кечаги дала қўмондонлари ва бандитлар ўтирибдилар”.

В.Коргун
В. Коргун. “Фарғона.Ру” АА фотоси
Профессор В. Коргун маҳаллий кузатувчиларга таянган ҳолда, Ҳомид Қарзай ҳукуматидаги беш юздан ортиқ мансабдор амалдаги қуролли гуруҳлар билан боғлиқлигини, уларнинг умумий миқдори эса юз эллик минг кишига етишини маълум қилади.

Афғонистон аҳолиси ўзларига “нима учун аксилтеррорчилик коалицияси қўшинининг ўттиз бир минг аскар ва зобитлари ҳалигача Бин Лодинни топа олмаяптилар”, дея савол бермоқдалар. Бунда “биринчи рақамли террорчи” тоғларда қанча узоқ ўтирса, бу ким учундир яхши, деган тасаввур туғилади” – дейди В. Коргун.

Бироқ, Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги Стратегик тадқиқотлар институти директори жаноб Ҳазрат Ваҳризга кўра, афғонистонликлар барибир “кўрсатилган ёрдам учун иттифоқчилардан миннатдорлар”. “Аксилтеррорчилик коалицияси қўшинларининг мамлакатда борлиги ҳеч бўлмаганда бугунги кунда мамлакатда мавжуд бўлган мўрт тинчликнинг кафолати бўлиб ҳисобланади”, - деб ҳисоблайди эксперт.

Генри Платер-Зиберк
Генри Платер-Зиберк. “Фарғона.Ру” АА фотоси
“Марказий Осиёда Ғарб сиёсати мавжуд эмас. Мен у ўзгаради деб ўйламайман, чунки у шунчаки йўқ. Аммо бу менинг шахсий нуқтаи назарим бўлиб, у Буюк Британия нуқтаи назарини мутлақо акс эттирмайди”, - дея билдиради Буюк Британия Мудофаа академияси катта таҳлилчиси Генри Платер-Зиберк. Платер-Зиберкка кўра, минтақадаги ҳарбийлар ва таҳлилчилар “Ғарб”, “минтақавий хавфсизлик” ва бошқа тушунчаларга қанақа маъно юклаётганларини кўпинча ўзлари ҳам тушунмайдилар. Британиялик таҳлилчи Марказий Осиё мамлакатлари Буюк Британия, Германия, АҚШ, Франция ва бошқа мамлакатларга минтақадаги ҳаётни яхшироқ ва тезроқ тушунишга ёрдам беришдан ўзлари манфаатдор бўлишлари кераклигини, улар очиқ ва ҳамкорликка тайёр бўлишлари лозимлигини айтди.

Россия-Тожикистон Славян университети профессори Гўзал Моиддинова Г. Платердан фарқли ўлароқ Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Покистон давлатларининг ШҲТ каби ташкилотлар доирасида Марказий Осиёда юритаётган, муайян режага асосланган сиёсати ҳақида гапирди. Жумладан, у шундай деди: “Агар Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар Фарғона водийси каби вазият қалтис бўлган ҳудудда тинчликни сақлаш бўйича кучларини бирлаштирсалар, бу минтақа мамлакатлари ва халқларининг доимий танглик шароитида эмас, тинчлик-осойишталик шароитида тараққий этишларига ёрдам берадиган қандайдир қўшма дастурни яратсалар ва амалга оширсалар ёмон бўлмасди”. Айни пайтда у вазиятнинг қалтислиги Ғарбнинг Афғонистонга нисбатан “мамлакатни боши берк кўчадан чиқишига кўмак берувчи маълум режага асосланган яратувчанлик сиёсати”ни амалга оширишга ҳаракат қилмаётгани билан боғлиқлигини ҳам қўшимча қилди.

Тожикистон Фанлар академияси Тарих, археология ва этнография институтининг директор ўринбосари Виктор Дубовицкий миллатлараро муносабатларнинг Афғонистондаги вазият барқарорлашувига таъсири юзасидан батафсил тўхталди. Унга кўра, пушту муаммоси, яъни энг кўп сонли энтик гуруҳнинг бошқа халқлар билан, энг аввало, тожиклар, ўзбеклар ва ҳазоралар билан муносабати фақат зудлик билан ҳал этишни талаб қилувчи муаммо бўлибгина қолмай, миллатлараро муносабатларда айни пайтдаги нозик вазиятнинг салбий томонга ўзгаришига катта таъсир қилиши мумкин бўлган қарорлар қабул қилинишида эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишни талаб этувчи муаммо бўлиб ҳисобланади.

Сўзга чиққанларнинг кўпчилиги Афғонистонни ўрганиш бўйича мунтазам ишлайдиган қандайдир халқаро тадқиқот маркази ташкил этиш зарурати ҳақида гапирдилар. “Россия ва Шарқ” маркази директори Владимир Бойконинг айтишича, ҳозирги вазиятда Афғонистонда содир бўлаётган барча воқеаларни доимий равишда, ҳар куни ўрганиш талаб этилмоқда. Албатта, ушбу анжуманга ўхшаш семинарлар ва конференциялар катта фойда келтиради, аммо улар тадқиқотчилар фаолияти самарасини камайтирадиган қисқа муддатли ва доимий бўлмаган форум бўлиб ҳисобланади.

Посол США в Таджикистане Трейси Джейкобсон
АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Трейси Жейкобсон. “Фарғона.Ру” АА фотоси
“Афюн ишлаб чиқариш Афғонистон экспортининг ягона рақобатбардош моддаси бўлиб ҳисобланади, 2006 йилда героин савдосидан олинган даромад 26-30 миллиард долларга етган”, - дея маълум қилди Тожикистон Фанлар академияси Шарқшунослик ва ёзма мерос институтининг директор ўринбосари Саиданвар Шохуморов ўз маърузасида. БМТ маълумотларига таянган ҳолда, маърузачи 2005 йилда мамлакатда қорадори экиладиган экинзорлар 40 фоизга қисқарганини маълум қилди. Бироқ баҳс-мунозара модератори ва анжуман ташкилотчиларидан бири бўлган А. Князев, ундаги маълумотларга кўра, экин майдонлари “қорадорига бўлган талаб 2003 йилга солиштирганда икки-уч баробар камайгани” учун қисқараётгани юзасидан аниқлик киритди.

12 декабрь куни анжуман ўз ишини давом эттиради. “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги конференциянинг расмий ахборот ҳамкори бўлиб ҳисобланади.