16:16 msk, 18 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон асосий қонунининг ижро этилиш назарияси ва амалиёти бир-биридан анча фарқ қилади

10.12.2006 00:49 msk

Ўз ахб.

Саккизинчи декабрь куни Ўзбекистонда Конституция куни нишонланади. Ушбу муборак байрам муносабати билан бу кун республикада дам олиш куни дея эълон қилинган, Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари эса фақат шу байрам муносабати билан ўтказилган тадбирлар ҳақида хабар беришдан бўшамаяптилар. Байрам арафасида бутун мамлакат бўйлаб тантанали маросимлар бўлиб ўтган, муассаса, вазирлик ва маҳкамаларда нутқлар ирод қилинган, ўзбекистонлик журналистлар эса жўровоз бўлишиб миннатдор фуқаролар номидан давлат раҳбарини кўкларга кўтарганлар.

Қизиғи шундаки, шунча шовқин-сурон ичида ўзбекистонлик журналистлар иккита асосий саволни беролмай доғда қолиб кетаверганлар: “Конституция моддаларига турмушда нақадар риоя этилади? Агар уларга ёмон риоя қилинаётган бўлса ёки умуман риоя қилинмаётган бўлса, бунга ким ёки нима ҳалақит бераяпти?”

Аснода бу саволларга жавоб олиш жуда зарур бўлиб ҳисобланади. Эслаб кўринг, 1789 йилдаги Франция Инсон ва фуқаро ҳуқуқлари декларациясидаёқ шундай дейилганди: “Ҳақ-ҳуқуқлар кафолати таъминланмаган ва ҳокимият тақсим этилмаган жамият Конституцияга эга эмас”. Агар айнан шунақа бўлса, ўзбекистонликларга байрам қилиш учун сабаб йўқ...

Мамлакат асосий қонуни моддалари амалда қандай қўлланилаётганига амин бўлиш учун (бошқача айтганда Ўзбекистонда Конституция бор-йўқлигини билиш учун) бу ҳужжат матнига кўз югуртиб чиқиб, айрим моддаларга тўхталиб ўтайлик.

* * *

33-модда. Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказишни тўхтатиш ёки таъқиқлаш ҳуқуқига эга.

Бу қоғоздагина мавжуд бўлган моддадир. Мамлакат раҳбари машҳур роман қаҳрамонидек ҳалол одамларнинг бир жойга тўпланишидан қўрқади, шунинг учун тахминан 1992 йилдан бери Ўзбекистонда расмийлар ўзлари ташаббус кўрсатмаган бирорта ҳам митинг ёки намойиш бўлиб ўтмади. Бу қоида юзасидан бир истисно бор: у ҳам бўлса, Андижондаги рухсат этилмаган митинг. Бироқ мазкур митинг иштирокчиларининг кейинги тақдири ҳаммага маълум.

Шу билан бирга, мамлакатда ҳарбий парадлар ҳам бекор қилинган, чунки қуролли кишиларнинг шаҳар марказида бўлиши уларнинг ўзлари ҳақиқий душман деб билган кишига қурол ўқталиб қолиш эҳтимолини пайдо қилади (ҳойнаҳой, республика раҳбари Миср президенти Анвар Саодат хатосини назардан қочирмаса керак).

Юқорида айтилганларга қўшимача қилиб айтиш мумкинки, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ва мухолиф кайфиятдаги фуқаролар томонидан аҳён-аҳёнда уюштирилиб турадиган пикетлар, одатда, ўша заҳотиёқ тарқатиб юборилади, пикет иштирокчилари эса бир неча соатга милиция участкасига (ёки ҳатто жиннихонага) жойлаштириладилар. Агар тайёрланаётган пикет ҳақида расмийлар аввалроқ хабар топсалар, куч ишлатар маҳкамалар ходимлари унинг иштирокчиларини шунчаки уйдан чиқармай қўядилар. Ўз фикрини очиқ билдириш юзасидан конституцион ҳуқуқ ана шундай амалга оширилади.

34-модда. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек, ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас.

Бу ажойиб сўзларга қарамай, Ўзбекистонда бирорта ҳам мухолифатчи партия ҳалигача рўйхатга олинмаган ва шундан келиб чиққан ҳолда, машруъ фаолият олиб бориш имкониятига эга эмас, унинг вакиллари эса сайловларга қўйилмайдилар. 90-йиллар бошларида кенг оммага яхши таниш бўлган “Эрк” ва “Бирлик” мухолифатчи партиялари амалда таъқиқланган, чунки ҳар иккала партия лидери ҳам 90-йилларнинг биринчи ярмида Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлганлар. Чет элга чиқиб кетишидан сал аввал “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатни қанақадир “номаълум шахслар” ўлгудек калтаклаганлар. “Эрк” раҳбари Муҳаммад Солиҳ эса хорижга чиқиб кетганидан кейин террорчи дея эълон қилиниб, сиртдан 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ўзбекистонда бу партиялар вакиллари ҳеч қандай сиёсий фаолият билан шуғуллана олмайдилар ва мамлакат ҳудудида фақат шу партиялар базасида ташкил этилган ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларигина фаолият юритадилар. “Эрк” ва “Бирлик”нинг фаолроқ тарафдорлари мамлакатни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлганлар.

Кейинроқ тузилган партиялар ва жамоатчилик ҳаракатлари ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин. “Серқуёш коалиция” раҳбари Санжар Умаров ва унинг мувофиқлаштирувчиси Нодира Ҳидоятова ислоҳотларни ёқловчи янги сиёсий ҳаракат ташкил этишга уринишларидан бир неча ой кейин ҳибсга олиниб, узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилингандилар. Ўшандан буён республикада мухолифатчи партиялар ва бирлашмалар тузишга уринишлар бўлгани йўқ.

Бугунги кунда мухолифатчилик у ёқда турсин, ўзини ҳукуматга қарашли бўлмаган партия аъзоси деб эълон қилиш ишдан айрилиш, МХХ ва прокуратуранинг диққат-эътиборига тушиш, ҳатто рангли металл сотганликдан тортиб товламачилик қилганликкача бўлган бемаъни айбловлар бўйича панжара ортига тушиб қолиш билан баробардир.

39-модда. Пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас.

Истеъмолчилик сарф-ҳаражатлари ҳақидаги маълумотларни ёйинлаш маън қилинган ва бу борада охирги 15 беш йил ичида маҳаллий матбуотда ҳеч қанақа ахборот пайдо бўлмаган. Акс ҳолда, республика аҳолисининг аксар қисми қашшоқликда яшаётгани маълум бўлиб қоларди.

БМТ стандартларига кўра, кунига 1,08 доллардан (ойига 32 доллардан) ошмаган даромад ўта қашшоқлик кўрсаткичи бўлиб ҳисобланади. Бугунги кунда эса Ўзбекистондаги энг кам маош миқдори тақрибан 10 долларни, энг кам пенсия миқдори 20 долларни, болаликдан ногирон бўлганлар учун бериладиган нафақа миқдори 20 долларни, биринчи тоифали ўқитувчи ставкаси 60 долларни (бундан ташқари, янада камроқ маош оладиган иккинчи ва учинчи тоифали ўқитувчилар ҳам бор), биринчи тоифали шифокор ставкаси 56-58 долларни ташкил этади.

Таққослаш учун: Тошкентда жамоат транспортидан фойдаланиш учун олинадиган ойлик чипта 12 доллар туради. Агар ой мобайнида фақат нон ва сув билан тирикчилик қилинса, ўшанга ҳам 4-5 доллардан кетади. Бунга коммунал хизмат учун тўланиши шарт бўлган ҳаражатларни қўшсангиз, Ўзбекистонда энг кам ойликка тирикчилик қилиш мумкин эмаслигини тушунасиз. Ҳатто Бухенвальдда ҳам бундан яхшироқ боқсалар керак эди...

67-модда. Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар.

Цензурага йўл қўйилмайди.

Шунақа ажойиб модданинг борлиги совет давридан бошлаб 2002 йилгача Ўзбекистонда цензура институтининг сақланиб қолишига мутлақо ҳалақит бергани йўқ. Штатдаги цензор чоп этиш учун тайёрлаб қўйилган саҳифаларни диққат билан ўқиб чиқар ва ундаги расмийларга ёқмай қолиши мумкин бўлган барча нарсаларни ўчириб ташларди. Унинг имзосисиз газетанинг бирор саҳифаси ҳам чоп қилинмасди. Бу тартиб сал бошқачароқ кўринишда радио ва телевидениеда ҳам бор эди.

2002 йилда Ислом Каримов дастлабки цензурадан ўтказишни бекор қилди. Бироқ Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари Асосий қонуни билан кафолатланган эркинликка эга бўлолмай қолавердилар. Муҳаррирлар ва муассисларни, агар уларнинг нашрида номақбул мақолалар пайдо бўлгудек бўлса, ўша заҳоти мансаби ва бизнесидан айрилишини айтиб огоҳлантирганлар. Шундай қилиб, бугунги кунда муҳаррирлар ва муассисларнинг ўзлари энг ашаддий цензорларга айланганлар. Аммо баъзан улар ҳам “қовун тушириб” турадилар. Шунда таҳририятга президент девонидан қўнғироқ қилишиб, уларнинг мақолалари қаттиқ норозилик туғдиргани ҳақида хабар қиладилар.

Ўзбекистонда Интернет ҳам қаттиқ цензурага дучор қилинган. Гарчи собиқ ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев бу иш бўлмаётгани ҳақида илҳом билан ёлғонлаган бўлса-да, аслида республикада амалдаги расмийларни танқид қилувчи мақолалар чоп қилинадиган мухолиф йўналишдаги веб-сайтларнинг кўпчилиги бўғилади. Масалан, Ўзбекистонда “fergananews.com”, “uznews.net”, “uzmetronom.com”, “muslimuzbekistan.com”, “freeas.org”, “uzbekistanerk.org”, “uza.belgweb.com” ва бошқа кўплаб сайтлар бўғилган.

106-модда. Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади.

112-модда. Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Судьяларнинг дахлсизлиги қонун билан кафолатланади.

Ҳақиқатда эса Ўзбекистондаги суд ҳокимияти ижроия ҳокимиятининг қўғирчоғидир. Ижроия ҳокимияти раҳбари Сенатга Конституцион суд раиси ва судьяларини, Олий суд раиси ва судьяларини, Олий хўжалик суди раиси ва судьяларини тақдим қилади. Расман сенаторлар бу номзодларни қабул қилмасликлари мумкин, аммо амалда ижроия ҳокимияти раҳбари томонидан тайинланган ва тасдиқланган шахслардан ташкил топган Ўзбекистон парламентининг Юқори палатаси ҳеч қачон бунақа қилмайди. Қайд этиб ўтиш лозимки, вилоят, туманлараро, туман, шаҳар, ҳарбий ва хўжалик судлари судьяларини ҳам бевосита президентнинг ўзи тайинлайди ва ишдан олади. Умуман олганда бу ёғи худди кинодагидай: “Сен ҳайрон бўлсанг керак, албатта, аммо сенинг адвокатинг ҳам ўзимман...”

* * *

“Фарғона.Ру” ахборот агентлиги муштарийларга Ўзбекистон Конституциясининг бошқа моддаларини ҳам ишлаши устида мулоҳаза қилиб кўриш ва уларни баҳолашни таклиф қилади. Энг қизиқарли изоҳлар сайтимизда эълон қилинади. Ўз фикр-мулоҳазаларингизнинг бу ерда қолдиришингиз мумкин.