23:12 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Самарқанд вилоят ҳокими ўз вазифасидан озод этилган

09.12.2006 16:08 msk

Ўз ахб. (Самарқанд)

“Фарғона.Ру” ахборот агентлиги Самарқанддаги манбаларининг хабар қилишларича, ўтган ҳафтада Самарқанд вилоят ҳокими Мамаризо Нурмуродов Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга уни ўз ихтиёрига кўра Самарқанд вилоят раҳбари лавозимидан бўшатиш илтимоси билан мурожаат қилган. Гарчи бу борада президентнинг тегишли Фармони чиқарилмаган бўлса-да (ҳар ҳолда бу ҳақда ОАВда эълон қилинмади), М. Нурмуродов ўз ваколатларини топширган.

Мамаризо Нурмуродов ҳоким лавозимида икки йилдан озроқ ишлади. Вилоятга янги раҳбар тайинланиши 28 декабрга мўлжалланган Самарқанд вилоят халқ депутатларининг навбатдаги сессияда бўлиши кутилмоқда.

Чет эллик журналистларга Мамаризо Нурмуродов Ўзбекистон молия вазири бўлиб ишлаган пайтда Европа тараққиёт ва тикланиш банкининг (ЕТТБ) Тошкентдаги мажлиси доирасида ўтказилган матбуот анжуманидан таниш бўлиб қолганди. Ўшанда журналистнинг “мамлакат аҳолиси даромадининг пастлигига сабаб нима?” деган саволига, “шуни унутмаслик керакки, Ўзбекистоннинг кўп фуқаролари ўз томорқаларидан қўшимча даромад оладилар”, дея билдирган ва бу билан матбуот анжумани иштирокчилари орасида кинояли кулги пайдо қилганди.

М. Нурмуродовнинг Самарқанд вилояти раҳбари сифатида юритган фаолияти мобайнида ҳудуддаги иқтисодий аҳвол ёмонлашишда давом этган. Айниқса, газ ва электр таъминотидаги узоқ муддатли узилишлар вилоят аҳолисининг алоҳида норозилигига сабаб бўлган. Ҳудуднинг турли бурчакларида аҳоли норозилик намойиши сифатида ва расмийларнинг эътиборини тортиш учун автомобиль йўлларини тўсиб қўйишга уринган. Шунингдек, маҳаллий маъмуриятлар ва куч ишлатар тузилмалари бинолари олдида стихияли митинглар ва пикетлар ўтказишга уринишлар бўлган. Бу каби воқеалар, манбаларга кўра, вилоятдаги Иштихон, Самарқанд ва Оқдарё туманларида содир бўлган.

Пахта йиғим-терими кампанияси бу йил қўшиб ёзиш бўйича оммавий операцияга айланиб кетган. Манбаларга кўра, ҳатто яхши ҳосил етиштирган пахтакорлар ва фермерлар ҳам режани бажариш учун пахта заводларининг ўзидан қўшимча пахта сотиб олишларига тўғри келган, уларни бу ишларга вилоят ва туман прокуратуралари ходимлари мажбур этганлар.

Вилоят маркази бўлмиш Самарқанд шаҳрини кенг кўламда реконструкция қилиш ишлари ҳам кўп норозиликлар туғилишига сабаб бўлган, чунки бу ишлар зарур тайёргарликсиз юргизилганди. Қурилиш ва таъмирлаш ишлари, кўча ва автомобиль йўлларини кенгайтириш, тарихий обидаларни қайта тиклаш ва таъмирлаш ишлари кўпчилик томонидан, айниқса, манфаатларига дахл қилинган шаҳарликлар томонидан бир хилда яхши қабул қилинмаган. Дейлик, янги автомобиль йўли қурилиши сабабли шаҳар четидаги маҳаллаларнинг бузилиши аҳолини пикетга чиқишга мажбур қилган, бу куч ишлатар тузилмалар ходимлари ҳамда оддий шаҳарликлар ўртасида муштлашиш билан тугаган. Автойўл қурилишини бир неча миллиард сўм сарф этилиб, якунлашга муваффақ бўлинган, аммо кейин бош прокуратура бу кўламли молиявий фирибгарликларсиз амалга оширилмаганини аниқлаган, лекин бугунги кунда буларнинг ҳаммасини унутиб юборганлар.

Бунақа можаролардан савдогарлар ҳам ҳам четда қолмаганлар. Сиёб бозори яқинида бузиб ташланган кийим-кечак бозори савдогарлари йиғилишиб, вилоят ҳокими Мамаризо Нурмуродовга ўз норозиликларини изҳор қилганларида, у савдо нуқталари эгалари ва савдогарлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, буни ҳал қилишга ваъда берган. Бироқ у ўз ваъдасини бажармаган, ўз ҳуқуқлари поймол қилинишидан норози бўлган фуқаролар эса таъқибга учраганлар.

Ҳоким фаолиятидаги Самарқанд вилояти аҳолисини қониқтирмаган мисолларни яна келтириш мумкин, аммо Нурмуродовнинг истеъфога чиқиш ҳақида илтимоснома беришига нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум. Бироқ икки ойдан бери Самарқанд ҳокими ва президент девони ўртасида пайдо бўлган муаммолар ҳақида миш-мишлар айланиб қолганди. Энди президент Ислом Каримов ўз ватани бўлмиш вилоятга бу сафар кимни раҳбар этиб тайинлашини тахмин этиш қолди, холос. Ҳозирча Самарқанднинг амалдаги мансабдорлари ичидан фақат шаҳар ҳокими Суҳроб Рафиқовгина ягона номзод бўлиб турибди. У Ўзбекистон президенти оиласининг дўсти, унинг Гулнора Каримова билан алоқалари яхши, унга Ўзбекистон катта сиёсати оламига эшиклар очиқ. Бундан ташқари, шаҳар ҳокими Олий Мажлис сенатори ҳамдир.

Бироқ бу миш-миш, холос. Самарқанд вилоятига айнан ким раҳбар бўлиши эса Янги йил арафасида маълум бўлади.

Маълумотнома: Нурмуродов Мамаризо Бердимуродович 1960 йилда Самарқанд вилоятининг Пойариқ туманида туғилган. Маълумоти олий. Ленинград молия-иқтисодиёт институтини тугатган, иқтисодиёт фанлари номзоди. Меҳнат фаолиятини 1982 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтида ўқитувчиликдан бошлаган. 1985-1988 йилларда Москва молия институти аспиранти. 1988 йилдан 1991 йилгача Тошкент халқ хўжалиги институтида ўқитувчи, сўнгра 1993 йилгача Тошкент молия институти доценти бўлиб ишлаган. 1993-2000 йилларда Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки раиси маслаҳатчиси, илмий-текшириш маркази бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2000-2004 йилларда Ўзбекистон Республикасининг молия вазири бўлган. 2004 йилнинг июль ойидан бошлаб Самарқанд вилоят ҳокими лавозимини эгаллаб келаётганди. 2005 йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб сайланган.



 

Реклама