13:53 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россиядаги “номашруъ муҳожирлар”ни машруълашув жараёнларини қийинлаштириб юбораётган расмийларнинг ўзлари пайдо қилмоқдалар

08.12.2006 19:36 msk

Феруза Жоний

2006 йилнинг кузида Россияда чинакам “аксилмуҳожирлик” кампанияси бошланганидан кейин маҳаллий оммавий ахборот воситалари Россияга ишлаш учун келган одамлар бу ерда машруъ тарзда ишлашни ва солиқ тўлашни истамасликлари каби таъкидларга алоҳида урғу бера бошладилар. “Муҳожир” сўзи сал бўлмаса “жиноятчи” сўзидек қабул қилинадиган бўлди. Россия фуқароларига муҳожирларни мамлакатдан пулларни “сўриб олаётган” ва уларни ўз ватанларига ўтказаётган ҳамхўраклар сифатида тақдим этаяптилар.

“Фарғона.Ру” АА журналистлари бу борада ўз тадқиқотларини ўтказдилар ва Россияга келган кўплаб одамлар билан суҳбатлашдилар. Маълум бўлишича, суҳбатдошларимизнинг ҳеч қайсиси Россияда номашруъ тарзда яшашни истамас экан. Бироқ уларни бунга ҳаётнинг ўзи мажбур қилар экан, зеро уларнинг мамлакатда машруълашув жараёни кўплаб бюрократик тўсиқлар ва сарф-ҳаражатлар билан боғланганки, постсовет республикаларидан келган одамларнинг жуда озчилиги бу тўсиқларни енгиб ўта олади.

ҲАР ҚАНДАЙ МУҲОЖИР СОЛИҚНИ БАЖОНИДИЛ ТЎЛАБ, ТИНЧГИНА ҲАЁТ КЕЧИРГАН БЎЛАРДИ

Турли маълумотларга кўра, Россияда 5 миллиондан 15 миллионгача одам номашруъ тарзда ишлайди ва улардан тақрибан 700 мингтасигина ишлаш учун рухсатномага эгалар. Вазиятнинг бунақалигидан ҳайратланмаса ҳам бўлади: бу ҳужжатни расмийлаштириш сарфи 350 долларгача етади, бу эса келаётган муҳожирлар учун катта пул. Кўплаб бюрократик тўсиқларни енгишга сарф этилган куч, вақт ва асаб бу ҳисобга кирмайди.

Хўш, муҳожир нима қилсин? Бекорчи ёшлардан бири айтгандай, “ўз ватанига сурсинми”? Хўп, уларнинг ҳаммалари ишсизлик, пулсизлик, муҳтожлик кутиб турган ўз мамлакатларига “сурдилар” ҳам дейлик. Унда шсиз сандирақлаб юрган одамларнинг улкан оммаси вазиятдан чиқиш йўлларини ва айбдорларни қидириш асносида фикрларини хавфсиз бўлмаган ғояларга қаратиши мумкин бўлиб қолади. Ўша биз билган Номашруъ муҳожиротга қарши ҳаракат (НМҚҲ) ташвиқ қилаётган “ёш унсурлар айбдор”, “ҳокимият айбдор”, “келинглар, яхшиси уни...”га ўхшаш кайфият пайдо бўла бошлайди. Қизиқ, агар Россия атрофида, Худо кўрсатмасин, мамлакат осойишталиги ва барқарорлигига хавф солувчи фуқаролик урушлари ва инқилоблар ўчоқлари гуриллай бошласа, Россиядаги муҳожирларни қувғин қилаётганлар бунга қандай муносабатда бўлар эканлар? Тахмин қиламизки, у ҳолда миллий манфаатлар рашкчил ҳимоячиларининг ўзлари ўша заҳотиёқ Европа ва Америкага ҳижрат қилишни истаб қоладилар.

Кўриниб турибдики, ишсиз одамларнинг ватанларидан кетишлари ҳамда мамлакатга гастарбайтерлардан пул оқиб келиши қай бир даражада вазиятни юмшатиб турибди ва муҳожирларни етказиб бераётган мамлакатда ижтимоий тўлқинланиш келиб чиқиш эҳтимолини камайтираяпти. Бунинг устига, Россиянинг ўзидаги демографик жараён янги кучлар келишини талаб этаётгани ҳақида гаплардан ҳам безор бўлиб кетдик. “Қадрдон” аҳолимиз қариб, камайиб бораяпти, яқин келажакда унинг ўз-ўзига хизмат кўрсатишга ва боқишга ҳоли қолмайди. Ҳозирнинг ўзидаёқ Пенсия жамғармасига пул кам тушаяпти: “оқ” маошга ишлайдиган меҳнатга лаёқатли аҳоли тобора камайиб бормоқда.

Муҳожирлар ҳаётини ширин ва ҳавас қилса арзугилик турмуш, деб бўлмайди. Бу ерда эса яна уларга қарши кенг кўламли кампания бошлаб юборилган. Бу ҳақда маълумотга эга бўлмаган одамларга муҳожир Россия қонунларини бузаётган, машруъ равишда ишлашни, Россия хазинасига солиқ тўлашни истамайдиган ва россияликларнинг пулини ўмараётган жиноятчи, дея сингдирилмоқда.

Аснода маҳаллий ксенофоблар кўпчилик муҳожирларнинг тонг саҳардан то тун қоронғусигача, кўпинча дам олиш кунисиз, энг ифлос ва оғир ишларда ишлаётганларини сезмаганга олишга ҳаракат қиладилар. Яна улар муҳожирларнинг битта хонада 8-10 кишидан расво шароитда яшаётганларини, ижарага олинган уйлар учун москваликлар ишламай, муаммосиз яшайдиган даражада кўп пул тўлашларини, москвалик милиционерларни “боқаётган”ларини, мудом ўзларини таҳқирланган одамлардай ҳис қилишларини ва эртанги кун мавҳумияти олдида доимий қўрқувда яшашларини, тақирбошлар олдида дағ-дағ титрашларига тўғри келаётганини, зарур бўлиб қолган пайтда москваликлар ҳам тўлай олмайдиган “мўмай” пул узатмасалар, тиббий ёрдамга умид қилолмасликларини, хўжайин уларга ўзи истаган пайтда жарима солиши ёки умуман, маош бермай қўйиши мумкинлигини, ўғирланмаган, балки оғир меҳнат эвазига топган пулларини ўз ватанларига қийин шароитларда ўтказаётганларини, машруълашув жараёнларини турли хил йўллар билан қийинлаштираётган расмийларнинг ўзлари муҳожирларни қонунбузарларга айлантириб қўяётганларини сезмаганга оладилар.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Мафкурачи ва ташвиқотчилар ҳар қандай муҳожир солиқни бажонидил тўлаб қўйиб, тинчгина яшашни афзал кўриши, аммо юқорида санаб ўтилган муаммолар туфайли уларнинг кўпчилиги имконсиз экани ҳақида ғинг демайдилар. “Фуқаровий кўмак” комитети раиси Светлана Ганнушкинанинг “Озодлик” радиосига берган интерьюсида билдиришича, “Россияга келаётган одамларни рўйхатдан ўтказмаслик ва шундан кейин уларни бу иш учун жазолаш улар учун манфаатли. Иш берувчилар баъзан милиция билан тил бириктириб оладилар ва маош берилган куни бу ҳақда милицияга хабар бериб қўядилар, кейин эса милиция улардан пул йиғади. Афсуски, бундай кўриниш билан курашиш жуда қийин, чунки у ҳалол бўлмаган иш берувчилар ва милиция ходимларига даромад келтиради”.

Ишларнинг бу тахлит бўлиши Россия раҳбариятига ҳам фойдали, деган фикр бор. Ахир солиқ тўлаётган одам нима қилади? Бу билан у ўзини тиббий ёрдам, пенсия билан таъминлайди, болаларини бепул ўқита олади ҳамда бошқа ижтимоий имтиёзларга эга бўлади. Муҳожирлар эса буларнинг ҳаммасини талаб қилмасликлари, ифлос ишлар билан шуғулланишга тайёр эканлари, маошни эса россияликлардан бир мунча кам олишлари билан қулайлик туғдирадилар. Бу билан муҳожирлар ўзлари иштирокида ишлаб чиқарилаётган моллар таннархининг арзонлашувига ҳисса қўшадилар – бу ҳам маҳаллий аҳолига фойда. Шундай бўлса-да, улардан нафратланадилар, талайдилар, ҳуқуқларини поймол қиладилар, қувғин қиладилар...

Буларнинг ҳаммасидан ташқари, муҳожирларни фақат алоҳида малака талаб қилинмайдиган ишларга – идиш-товоқ ювиш, бозорда савдо қилиш, кўча супуришгагина яроқли деб қараш одат тусига кирган... Ваҳолонки, улар орасида олий маълумотга эга бўлган шифокорлар, муҳандислар, ўқитувчилар, муҳаррирлар кам эмас... Эълонларга қарасангиз, бу касб эгаларининг Россияга кўплаб миқдорда талаб қилинишини кўрасиз. “Ўз” мутахассисларимиз мактабга бормайдилар: чунки бу касбнинг обрўси йўқ ва ойлиги кам. Ташқаридан келганларни эса мактабларга ишга қабул қилмайдилар – уларда икки бошли бургут тасвири туширилган паспорт йўқ. Ахир маҳаллий амалдорлар учун Россия фуқаролигининг бўлиши малака, тажриба ва бошқаларнинг бўлишидан кўра муҳимроқ-да. Уларнинг мантиғига кўра, ўқувчиларни паспортининг ранги бошқача бўлган малакали мутахассислар ўқитганларидан кўра тарих ва кимё фанларини галма-галдан ўқитаётган “ўз” ўқитувчиларимиз афзал.

2006 йилнинг сўнгги ойларида Россия, аниқроғи унинг раҳбарияти ўзини гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа ташлаяпти. Гоҳ энг юқори лавозимли шахслар томонидан мамлакатда демографик бўҳрон вужудга келганию ташқаридан ишчи кадрлар талаб қилиниши хусусида билдирилаяпти, ҳамюртларни Россияга кўчириш чақириқлари янграяпти. Гоҳ Россия фуқаролигини олиш йўлидаги биринчи қадам бўлган вақтинча яшашга рухсатномалар бериш учун ажратилган квоталар икки баробар қисқартирилаяпти. Ҳақиқатан ҳам Россия парадокслар (қарама-қаршиликлар) мамлакатидир.

* * *

Январь ойидан бошлаб Россиядаги муҳожирлар ҳаётини енгиллаштиришга ваъда қилганлар. Аммо муҳожирот жабҳасида қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар ва сўнгги воқеалар қабатида бу ишнинг амалга ошиши маҳол кўринади. “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги бу мавзуга ҳали кўп қайтади.