20:48 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Сергей Абашин: Россиянинг Марказий Осиёдаги сиёсатига доир масалалар

30.05.2005 23:08 msk

С.Абашин

Ўзбекистондаги сўнгги воқеалар кутилмаган ҳодиса эмасди. Минтақадаги сўнгги вазият билан таниш бўлган исталган мутахассис бу воқеаларни башорат қилиши турган гап эди. Россия амалдорлари нима дейишмасин, “бизга хизмат борми?”, деб қўл қовуштириб турувчи таҳлилчилар қанчалик бизни “исломчилик арвоҳи” билан ёки “Америка қўли” билан қўрқитишмасин, ишсизлик, қашшоқлик, келажакнинг мавҳумлиги, амалдорлар ва милициянинг ўзбошимчалиги, мухолифатнинг йўқлиги, мавжуд муаммоларни ошкора ва виждонан муҳокама қилишни истамаслик содир бўлган воқеанинг асосий омилларидир. Мустақил таҳлилчилар бу ҳақда аллақачоноқ огоҳлантиришган эди. Лекин бугунги кунда мустақил таҳлилчиларнинг гапига қайси ҳукумат расмийси қулоқ соларди?

Ушбу масала юзасидан муҳимроқ бир гап айтиш учун, компьютеримга бундан ярим йилча олдин киритган ёзувларимни очдим. Ўшанда бу ёзувларни чоп этишнинг имкони бўлмади. Лекин менимча, ҳозирги пайтда, ҳамма кўрганларимиз ва эшитганларимиздан хулоса чиқариш пайти келган бир пайтда бу ёзувлар Ўзбекистондаги қонли воқеаларга менинг шарҳим бўлади, деб ўйлайман.

* * *

Мен москвалик таҳлилчи, Россия фуқароси сифатида Россиянинг Марказий Осиё борасидаги сиёсатини тасодифан минтақа давлатлари пойтахтларидан туриб кузатишга муваффақ бўлдим. 2003-йил кузида Тошкентда телевизор орқали Путин Россия ҳарбий базасини очиш учун Қирғизистонга борганини кўрдим. Орадан бир йил ўтиб, 2004 йил кузида мен Душанбеда Путиннинг Тожикистондаги Россия ҳарбий базасини очиши тўғрисидаги репортажларни кўрдим. Воқеалар марказида бўлганим учунми, мен воқеалар силсиласини бошқаларга нисбатан чуқурроқ ҳис этдим ва бу менда қарама-қарши ҳиссиётларни пайдо қилди. Расмий шахслар жавоб бера олмаган саволлар пайдо бўлди.

Демак, Россия Марказий Осиё минтақасининг бир қисми. Марказий Осиё ҳамкорлиги шартномаси (МОҲШ)га қўшилгач, бу юридик фактга айланди. Россия бундан қандай манфаат топади (бу ўринда яқинлашув жараёнининг ўзаро ишончли бўлиш бўлмаслигига аҳамият қаратмоқ зарур), Марказий Осиёга бундан нима наф? Олий амалдорлар нутқларидан ва уларга хизмат кўрсатувчи экспертлар сўзларига таянадиган бўлсак, фақат бир нарса аниқ: Россия минтақада “халқаро терроризм” ва наркотик савдосига қарши кураш учун қолмоқда (ёки қайтмоқда). Бу интерпретацияни агар фактлар тасдиқласа қабул қилиш мумкин эди. Аслида наркотрафик ўтган чегара ҳудудларидан Россия чегарачилари олиб чиқиб кетилиб, уларнинг ўрнини маҳаллий чегарачилар эгаллаётган бир пайтда, иккита ҳарбий базадаги ҳарбийлар қай тарзда наркотиук савдосига қарши кураш олиб боришлари мумкин? Ўз мақоми билан чекланган ҳарбий авиация ва ҳарбий қисмлар Марказий Осиёда қатъиян конспирация асосида фаолият кўрсатувчи “террористлар” ва “экстремистлар”га қарши қандай кураша олади? Минтақадаги жуда чекланган ҳарбий ҳозирлик ушбу хавфларга қарши самарали кураша оладими?

Албатта, гап фақат террорчилик ва наркотиклардагина эмас. Айни пайтдаги Россия раҳбарияти бир неча йиллик иккиланишлардан сўнг Марказий Осиёдан кетмасликка, аксинча бу минтақада узоқ муддат қолишга ва минтақани Россия геосиёсий манфаатлари доирасида сақлаб қолишга қарор қилган кўринади. Балки, ҳокимиятнинг бу борада жўяли сабаблари бордир. Лекин ҳозир мен бу масалани мухокама қилишни истамас эдим. Мени бошқа масала қизиқтиради: агар Россия минтақада қолаётган (ёки қайтаётган) бўлса у минтақа халқларига, бу ҳудуддаги мамлакатлар аҳолисига қандай баёнот билан мурожаат қилади? Мен албатта Россия ҳукуматинингг минтақа мамлакатларини бошқараётган элитага уларнинг режимлари барқарорлигини сақлаш, душманлари билан курашиш ва халқаро доираларда уларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги шаъмаларига яхши тушунаман. Лекин Марказий Осиё лидерлари билан парда орти учрашувлари ва Россия Марказий Осиёга ишончли тарзда стратегик таъсир ўтказа олишини кафолатлаш учун шахсий муносабатлар яхшилигини баъзан бўрттирган ҳолатда кўрсатиш етарлимикин? Мафкура қандай? Россиянинг Марказий Осиёдаги ҳозирлигининг асосий мақсадлари нимада?

ХIХ асрда Россия империяси Марказий Осиё халқларига тинчлик, тартиб, “цивилизация”га қўшиш ваъдасини бериб, минтақани босиб олди. ХХ асрда Шўролар ҳокимияти Марказий Осиё халқларига коммунизм ваъда қилди. Бугунги Россия нима таклиф қила олади? АҚШ Ироққа бостириб кирганда ваъда қилган демократияними? Демократия ҳақида Россия лидерларидан бирортаси эслаб ҳам қўяётгани йўқ. Ўзимизда демократияни қуриб олсак ҳам катта гап. Хўш, унда собиқ ўлкаларни Россияга яна нима жалб қила олади? Аниқ мақсадни билмаслигимиз ва минтақа халқлари томонидан қўлловга эга бўлмаслигимиз туфайли биз яна тарихнинг қайсидир бир саҳифасида рақибларимизнинг кинояли табассуми остида Марказий Осиёдан ҳайдалишимиз турган гап.

Ҳокимият, нафақат ҳокимият, балки Марказий Осиёдаги Россия сиёсатини қўллаётган рус жамияти маҳаллий аҳолининг барча тоифаларига, барча гуруҳларга бизнинг бўлажак алоқаларимиз, муносабатларимиз юзасидан бир-бирига зид бўлмаган концепция билан мурожаат қилмоғимиз зарур. Менда масалан мана бундай савол туғилди: Россия маиший даражада ёхуд қандайдир бир майда амалдор даражасида бўлса ҳам, ҳар йили Россия шаҳарларига пул ишлаш учун келаётган юз минглаб, балки миллионлаб тожик ва ўзбекларнинг инсоний ғурури, маданияти ва динини ҳақоратлаган ҳолатида дўстлик ва ўзаро манфаатлар ҳақида лоф ура оладими? Ҳар хил фобиялар ва қўрқувлар билан ўраб олинган миграция масаласини Марказий Осиёда Россия обрўсининг тикланишидан узиб олган ҳолда кўриб чиқса бўладими?

Россия Марказий Осиё элитасига нима деб мурожаат қилади? Мен бу ўринда бирор бир давлатни бошқараётган ҳоким гуруҳни эмас, балки сиёсатчилар, олимлар, маданият ва жамоат арбобларини назарда тутаяпман. Наҳотки Россия ҳокимияти маҳаллий зиёлилар ва уларнинг янги авлоди билан ошкора ишончли алоқалар ўрнатилмай туриб, ҳарбий базалар Марказий Осиёда узоқ вақт қолиши кафолатланишига ишонадилар. Ҳарбий алоқалар иқтисод, сиёсат, маориф, маданият, фан ва кинемотография соҳалари бўйича ҳамкорлик билан мустаҳкамланиши керак эмасмиди? Бу йўналишда Россия ҳукумати нима қилди, нима қилмоқда ва нима қилмоқчи? Сизга тушунарлими? Мен эса тушунмаяпман.

Қаранг, Марказий Осиёда халқаро ташкилотлар, давлат ва нодавлат жамғармалари, институтлар қай даражада фаолият кўрсатмоқда. Улар минтақадаги аҳвол юзасидан кенг миқёсли ахборот тўпламоқдалар. Улар пайдо бўлаётган барча ижобий ва салбий тенденцияларни диққат билан кузатмоқдалар. Улар ўзаро алоқалар тармоғини яратишмоқда, мутахассисларни тайёрлашмоқда, тил ўргатишмоқда, ўз маданий меъёрларини ҳаётга тадбиқ этишмоқда. Буларни Россия қилаётган ишлар билан солиштириб кўринг. Россия ҳеч нарса қилмаяпти. Бишкек ва Душанбеда Россия молияси асосиида фаолият юритувчи россияпараст мутахассисларни тайёрлаши мўлжалланган Славян Университетлари очилган эди. Улар ўз вазифаларини бажаряптими? Россия заҳираларининг самарали сарфланаётгани тўғрисида очиқ-ойдин ахборот борми?

Россия ҳукумати минтақадаги мухолифатга қандай муносабатда бўлмоқда? Россия фақат бир сиёсий гуруҳга ёки шахсга умид қиляптими? Агар бу клан бўлса, бу шахс жамиятнинг ишончини йўқотса, ўз салоҳиятини бажара олмаса, коррупцияга ботиб қолса, кечириб бўлмас жиноятларни қилсачи? Наҳотки жиддий ва узоқ муддатли таъсирни фақат амалдаги режимларни танқид қилмаслик йўли билангина сақлаб қолиш мумкин бўлса? Россия Ислом ва исломий мухолифатга қандай сиёсат юргизмоқчи? Зиддиятлар ва ишончсизлик сиёсатиними? Ёки у минтақадаги исломий мухолифат билан диалоглар йўлини излаши керакми?

Ниҳоят, Россия Марказий Осиёнинг русийзабон аҳолисига - фақат русларгагина эмас, украин, татар, немец, корейс, русийзабон тожик, ўзбек ва қирғизларга нима деб мурожаат қилмоқчи? Сир эмаски, Марказий Осиёда русийзабон аҳоли вакиллари кескин камаймоқда. Бу одамлар ўзларининг айни пайтдаги ватанларида келажакларини кўрмаганликлари учун Россия ва бошқа мамлакатларга кўчиб кетмоқдалар. Россия бу жараённинг тўхташини истайдими? Лекин у бу борада нима қиляпти? Нима қила олади? Руслар ва русийзабонларнинг минтақадан кетмасликлари учун Россиянинг таъсири ва маблағи етадими? Агар мавжуд бўлса, Россиянинг Марказий Осиё билан келажакдаги алоқалари дастуридан бохабар бўлиш жуда қизиқарли бўлар эди. Бу дастурни ким тузганлиги, қайси масалалар муҳокама этилганлиги ҳам қизиқ. Ёки бу икки одамнинг суҳбати бўлганми? Бир одам буйруқ берган, иккинчиси эса “бажарамиз”, деб қуллуқ қилганми? Мен муштарий қўйилган саволларга жавоб кутаётганлигини биламан. Лекин айрим пайтларда саволларни тузиб уни жамият ёки ҳокимият доираларига етказиш, ҳаттоки бу саволлар риторик оҳангда бўлса ҳам, ўта муҳимдир.

* * *

Сергей Николаевич Абашин – Россия Фанлар Академияси Этнология ва антропология институтининг катта илмий ходими