12:42 msk, 16 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

2007 йилда Россиядаги чет эллик фуқароларнинг ҳаёти енгиллашадими?

07.12.2006 23:32 msk

Игорь Дрижак

Игорь Дрижак
Игорь Дрижак. flm.ru фотоси
Бугунги кунда чет эллик фуқароларнинг Россияда яшаши масаласида муаммоли ҳолатлар мавжуд. РФда амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижаларини таҳлил қила туриб, бугунги кунда миграцион жараёнлар иштирокчиларида бир-бирларига нисбатан анча эътирозлар борлиги хусусида гапириш мумкин.

Шуниси муҳимки, уларнинг кўпи асосли ва Россия баъзан ўз нуқсонларини бартараф қилиш бўйича чоралар кўриб туради. Аммо бу қонунчилик даражасида бўлаяпти, турмушда эса чора-тадбирлар бошқача амалга оширилмоқда.

Менинг субъектив фикрим шундан иборатки, қонунчилик ташаббуси ўз мафкураси доирасида тўғри ва уни тез-тез ўзгартириб туришга ҳожат йўқ. Бутун эътиборни режаланган натижага етишни секинлаштираётган ҳақиқий сабабларни бартараф этишга қаратиш лозим. Бунақа сабаблар кўп, аммо энг асосийлари қаторида коррупция, мансабдор шахсларнинг малакаси камлиги, чет эллик фуқаролар эга бўлишлари мумкин бўлган изоҳловчи ҳужжатларнинг йўқлигини айтиш мумкин. Афсуски, саналган камчиликлар билан кураш қарийб олиб борилмаяпти.

Россия президенти томонидан 2006 йилнинг 22 июнида тасдиқланган Хорижда яшовчи ҳамюртларни Россия Федерациясига ихтиёрий кўчишига кўмаклашиш бўйича давлат дастури бунга яққол мисол бўла олади. Унинг оралиқ натижалари 2007 йилнинг бошидаёқ маълум бўлиши керак, чунки ушбу дастурнинг биринчи босқичи айнан шу пайтга режаланган. Бироқ қўйилган вазифаларни ҳал қилишнинг бугунги суръати режалар амалга ошишига шубҳа қилишга мажбур қилади.

www.edinros.ru фотоси
Менимча, Федерал муҳожирлик хизматининг мансабдор шахслари ўзига тобеъ бўлган кишиларга жойларда ҳар бир вазият юзасидан одамга ўхшаб ишлаш ҳамда ҳар бир аризачи муаммоларини ўрганароқ, қонунчилик меъёрларига риоя қилиш имкониятлари ҳақида консультатив ёрдам бериш зарурлигини тушунтириб қўйишлари мумкин эди. Нозирлар Россияда “янги чет эллик”ларнинг пайдо бўлиш тарихига эътиборга олсалар яхши бўларди, чунки уларнинг кўпчилиги бирор-бир мамлакат фуқароси бўлиш истагини билдирган бизларнинг собиқ юртдошларимиздир. Бу одамлар паспортни шунчаки олганлар ва паспорт алмаштиришнинг оқибати бунақа бўлиши ҳақида ўйламаганлар. Улардан кўпи аллақачон мустақил равишда Россияга кўчиб келиб бўлганлар ва ҳозирда фақат Россия паспортига эга бўлмаганлари учун номашруъ ҳолатда юрибдилар. Бу тоифа одамлар на бирор жойга кетиш, на расмий равишда ишлаш имкониятига эгалар. Табиийки, улар ҳеч қанақа солиқ тўламасдан, номашруъ тарзда ишламоқдалар. Фуқароларнинг бу тоифасига ҳеч қанақа квота ёрдам беролмайди – ҳужжат бўйича улар РФда умуман йўқлар. Афсуски, яқинда қабул қилинган ҳужжатларида бу муаммони ҳал этиш назарда тутилмаган. Мансабдорлар эса бу муаммони ҳал қилишни истамаяптилар, чунки бу уларга қўшимча даромад келтиради.

Агар 2007 йилнинг январидан кучга кирадиган янги қонунлар юзасидан ўз фикримни билдиришга уринсам, аввал баён этилганларни ҳисобга олган ҳолда, мен уларнинг амалга ошириш натижалари олдингидай бўлишини, аммо Россия иқтисодиёти учун бироз самаралироқ бўлишини айтган бўлардим, чунки чет элликларнинг бир қисми машруълашишга эриша оладилар. Ҳукуматнинг “Россия Федерациясида чет эллик фуқаролар томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатномалар бериш тартиби тўғрисида”ги, “Виза олиши шарт бўлмаган ҳолда Россия Федерациясига келган чет эллик фуқароларга ишлашга рухсатнома бериш учун 2007 йил квоталарини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда “2007 йил учун Россия Федерацияси ҳудудида чакана савдо соҳасида фаолият юритувчи хўжаликлар томонидан ишлатилаётган чет эллик фуқаролар миқдорини белгилаш тўғрисида”ги охирги учта қарори хусусида улар бугунги кунда чет эллик фуқароларда мавжуд бўлган муаммоларни тўла ҳал қила олмаслигини қайд этиш мумкин. Бу қонунлар, чет эллик фуқаролар билан боғлиқ меҳнат муносабатлари муаммоларини бартараф қилишни мақсад қилган ҳолда, “гастарбайтерларга қарши курашиш”, “кавказликларнинг бозорлардаги зўравонликлари” каби урғуларга йўл беради ва коррупциянинг гуллаб-яшнашига имкон яратади.

Биринчи апрель куни Россия бозорларидаги аҳволни кузатиш қизиқ бўлса керак, чунки шу кундан бошлаб бозорларда чет эллик фуқароларнинг ишлаши юқорида эслатилган ҳукумат қарорлари билан максимал даражада чекланади. Қизиқ, 2007 йилнинг 1 апрелидан бошлаб бозорларда чет эллик савдогарларнинг бўлмаслигига ишонадиган одам бормикин?! Тахмин қиламанки, бундай чора-тадбирлар қонунбузарликлар учун олинадиган пора ҳажмини ошишига сабаб бўлажагига амин бўлган кишилар кўпроқ бўлса керак. Шу нисбатда иш учун рухсатнома олиш ва чет элдан ишчи кучи жалб қилиш тартибининг енгиллаштирилгани оқилона ишга ўхшамайди. Бироқ коррупцияларчилар учун албатта яхши бўлади: ишчи қанча кўп бўлса, жазолашга асос берувчи қонунбузарликлар шунча кўп бўлади.

www.best-newz.ru фотоси
Юқорида айтилган гаплар хулосаси ўлароқ тахмин қиламанки, кириб келаётган йилда чет элликлар муаммолари миқдори камаймаса керак. Менинг ҳамкасбларим бўлмиш ҳуқуқшунослар ва адвокатларнинг эса ҳақ-ҳуқуқлари бузилган кишиларни ҳимоя қилиш бўйича ишлари анча кўпаяди. Шу билан бирга, Россия қонунчилиги эволюциясидан қатъий назар чет эллик фуқаролар ўз кучлари билан муаммони ҳал этишга ёрдам бераётган аллақандай тенденция пайдо бўлганини қайд этишни истардим. Бу тенденция одамларнинг пул учун арзимаган муълумотномадан тортиб паспортгача бўлган ҳар қанақа ҳужжатни ясаб бериши мумкин бўлган ёлғондакам идоралардан эмас, профессионал ҳуқуқшунослардан ёрдам сўраб мурожаат қилаётганларида акс этгандир. Бундан ташқари, охирги пайтларда ҳуқуқ ҳимоячиларининг фаолияти кўпроқ эл оғзига тушмоқда, у жамоатчилик қизиқишини ўзига жалб этаяпти, охир-оқибат, кўзланган натижага эришилаяпти. Умид қилардимки, бу тенденция давом этади, чет эллик фуқаролар эса оқилона иш тутиб, ўз ҳуқуқларини қонуний йўл билан ҳимоя қилишдан чўчимай қўядилар.

Игорь Дрижак, “Финанси. Право. Менежмент” юридик-консультацион ширкати директори, Москва шаҳри. Муаллиф розилиги билан босилди. FLM.ru