23:30 msk, 20 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон вақтинча сақлаш ҳибсхоналари бошлиқлари маҳбуслар шароитини яхшилаш хусусида қайғура бошладилар

06.12.2006 22:02 msk

Абдумўмин Мамараимов

Қирғизистон жанубидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари бошлиқлари 6 декабрь куни Жалолободда якунланган икки кунлик семинар-кенгашда ана шундай хайрли иш сари жиддий қадам қўйдилар.

Тадбир ташкилотчиларидан бири, “Справедливость” ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти кенгаши раиси Валентина Гриценкога кўра, учрашувда Қирғизистон жанубидаги ҳар уччала вилоят ВСҲ бошлиқлари, прокуратура ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари вакиллари иштирок этганлар. Тадбирда ВСҲдаги инсон ҳуқуқлари тамойиллари ва стандартлари кўриб чиқилган, бу муассасалардаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият муҳокама қилинган, маҳбуслар ҳақ-ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш ва уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш йўллари ўрганилган.

- Мени ВСҲ раҳбарлари ва ходимларининг бу муассасаларда маҳбуслар шароитларини яхшилаш ҳақида ўйланиб қолганларининг ўзиёқ қувонтиради, - деди Валентина Гриценко “Фарғона.Ру” АА мухбирига.

Ўшдаги “Луч Соломона” жамоатчилик жамғармаси раҳбари, Қирғизистон президенти ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия аъзоси Содиқжон Маҳмудовнинг маълум қилишича, бу ташкилот ҳудуддаги ВСҲ шароитини яхшилаш бўйича бой тажрибага эга.

- Ўтган йилдан бери биз уч тумандаги ва Ўш шаҳридаги ВСҲда сайр майдончаси қуришга ёрдам бердик, - деди у. – Баъзиларида таъмирлаш ишларини амалга оширдик.

Шу билан бирга, С. Маҳмудовнинг қайд этишича, бу ишларнинг ҳаммаси Ўш шаҳридаги ЕХҲТ маҳаллий бюросининг молиявий қўлловида амалга оширилган.

- Биз уч йил давомида мамлакат ҳукуматига мурожаат қилиб келдик, аммо ҳукумат бир тийин ҳам ажратмади. Давлат ҳатто маҳбуслар овқати учун ҳам кунига 35 сўм ўрнига 11-12 сўмдан (тақрибан 0,25$ – таҳр. изоҳи) ажратади, холос, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси. – Шароитнинг чидаб бўлмаслигидан кўпинча одамлар, ҳатто жиноят содир этмаган бўлсалар ҳам, тезроқ бу жойни тарк этиш учун айбга иқрорлик кўрсатмаларини беришга мажбур бўлаяптилар.

В. Гриценконинг қайд этишича, семинар-кенгашда бутун республикадан ВСҲ раҳбарлари ҳамда мамлакат Бош прокуратураси ва ИИВ вакиллари иштирок этилиши кутилганди. Аммо об-ҳаво шароитининг ёмонлиги туфайли пойтахт ва шимолий ҳудуд вакиллари Ўшга етиб келолмаганлар.

Семинар Бишкекдаги ЕХҲТ маркази ва ташкилотнинг Ўш шаҳридаги идораси қўлловида ўтган.