12:39 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик талаба: “Келажакда “олтин даврим”да бошдан кечирган нарсаларни эсламасликка ҳаракат қиламан”

06.12.2006 21:23 msk

Ўз ахб.

“Фарғона.Ру” АА почтасига ҳар куни турли мулоҳазалар, таклифлар, шахсий воқеалар битилган хатлар келиб туради. Уларнинг баъзиларини сайтимизда чоп этиб борамиз. Бугун “Фарғона.Ру” муштарийлари эътиборига тошкентлик ёш йигит – журналист талабадан олинган мактубни ҳавола этамиз. У ўзининг камтарин бюжети нимадан иборатлиги ва уни қандай сарфлаши ҳақида ҳикоя қилади. Бу соддагина ҳикоя Ўзбекистондаги бугунги ижтимоий-иқтисодий вазиятни тасвирлаб берувчи ёрқин манзарадир.

Биз бу одамнинг ҳақиқий исмини унинг илтимосига кўра айтмаймиз. Бироқ бизнинг бу манбага ишонишга асосимиз бор.

* * *

Салом, “Фарғона.Ру”!

Мен Тошкент шаҳрида жойлашган олийгоҳларидан биридаги журналистика факультетининг иккинчи босқич талабасиман. Отам ўқитувчи, онам эса уй бекаси. Оила бюжетимиз унча катта бўлмагани сабабли ўқиш билан бирга ишлашга мажбурман. Омадим чопиб, ўқиётган жойимнинг ўзида ишлайман.

Лавозимим ҳам жарангдор – компьютер залининг мудири. Ўзига хос раҳбарман. Менга қарийб 10 миллион сўмлик жиҳозлар учун моддий масъуллик юклатилган. Энди энг кулгисини эшитинг: менинг ойлик маошим 31.000 сўм! (25 АҚШ доллари – таҳр.)

Мен кўпроқ стипендия олиш учун фақат аъло баҳолар билан ўқишга ҳаракат қиламан ва 39.300 сўм стипендия оламан. Яъни талабалик стипендиям раҳбарлик маошимдан кўпроқ бўлиб чиқди.

Умумий ҳисобда менинг бир ойлик даромадим 70.300 сўмни ташкил қилади. Ўзингиз яхши тушунасиз, пул кам бўлганидан кейин ҳар бир тийинни ҳисоблашга тўғри келади. Ва мен бу пулни нималарга сарф қилишим мумкинлигини билиш учун ўзимнинг кичкина бюжетимни ҳисоблаб кўрдим.

Шундай қилиб, гапни транспорт ҳаражатларидан бошласам. Дарвоқе, Ўзбекистонда 1 декабрдан бошлаб жамоат транспортидаги йўлкира ҳақлари ошди, янги нархларни эътиборингизга ҳавола қиламан: Тошкентда автобус, троллейбус ва метро йўлкираси 200 сўмни, йўналишли таксиники эса 250-600 сўмни ташкил қилади. Ўқиш ва иш жойимга етиб олиш учун аввал йўналишли такси ёки автобусга тушиб метро бекатигача боришим, у ёғига метрода кетишимга тўғри келади. Энди ҳисоблаймиз: агар кунига 200 + 600 = 800 сўмдан сарфласам, буни 26 иш кунига кўпайтирсам, 20.800 сўм бўлар экан. Аммо транспортга аввалдан кўзда тутилмаган ҳаражатларни ҳам ажратиб қўйиш керак – ахир иш ва ўқишдан ташқари ҳафтада икки-уч марта бошқа жойларга ҳам боришга тўғри келади-да.

Энди иш кунлари уйдан ташқарида қилинадиган тушлик қийматини ҳисоблаб кўрайлик. Тушликка ўртача 1000-2000 минг сўм сарфлайман ва энг оз миқдордан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқилса, 26 иш куни учун 26.000 сўм кетар экан.

Жами: 20.800 + 26.000 = 46.800 сўмни тушлик ва транспорт учун ажратиб қўямиз. 23.500 қолаяпти. Бу пулга энди ҳар кунги нонушта, кечки овқат ва дам олиш кунларидаги тушликни уюштиришга тўғри келади. Мен истеъмол қиладиган овқатнинг нақадар тўлақонли ва хилма-хил бўлишини тасаввур қилаяпсизми? Касаба уюшмаси йиғадиган бадаллар ҳақида, баъзан кийим янгилашга тўғри келиши тўғрисида, совун ва тиш пастаси ҳамда бошқа керакли нарсаларни олиш лозимлиги хусусида эслатмай қўя қолай.

Бундан ташқари, сарф-ҳаражатларим орасида ўқишга пул тўлаш деган модда ҳам бор, ахир мен шартнома асосида ўқийман-да. Ўқиш учун бир йилга мен 627.600 сўм (510 АҚШ доллари – таҳр.) тўлашим керак.

Бу ҳисоб-китоблардан кейин менда балки бу билан бевосита боғлиқ бўлмаган саволлар туғилади. Қизиқ: ўқиш учун керак бўлган китобларни сотиб олишга пулни қаердан олишим керак? Нима учун мен ўқишдан бўш вақтимда ўзим тенгилар қатори эртасига бўладиган маърузаларга тайёрланмай, ўз-ўзимни ўстириш билан шуғулланмай кечгача ишлашим керак? Нима учун бир семестрда фақат бир марта кўриниш берган “пулли” талаба синовни беш дақиқа ичида топширади-ю, бир парагина дарс қолдирганим учун фанни яхши билмаслигимни пеш қилишиб, икки ҳафта сарсон қилишади? Бунақа саволларни санаб адоғига етолмайсиз – пул танқислиги устида бош қотириш учун бундай саволлар етиб ортади.

P.S. Ота-онам менга ҳар доим “талабалик – олтин давр” ва “бу давр ҳеч қачон эсингдан чиқмайди”, дея уқтириб келганлар. Албатта, эсимдан чиқмайди, аммо ўқишни битириб, диплом олишим билан (“қизил”идан олишга ҳаракат қилаяпман), “олтин давр”да бошдан кечирганларимни умуман эсламасликка ҳаракат қиламан. Ҳар куни ишдан кейин уйга келиб, ўрнимга чўзилар эканман, агар озроқ ухламасам, соат 8.00 да бошланадиган маърузага кеч қолишимни ўйлаб уйқуга кетаман... Бу аҳвол икки йилдан бери давом этади... Яна икки йил қолди...

Ҳурмат билан, Улуғбек.