14:42 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Душанбеда Афғонистон муаммоларига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтади

06.12.2006 12:13 msk

Ўз ахб.

11-12 декабрь кунлари Душанбеда Тожикистон Республикаси Фанлар Академиясининг Шарқшунослик ва ёзма мерос институти, Александр Князев жамоатчилик жамғармаси ҳамда Душанбе конфликтология ва минтақавий тадқиқотлар маркази ташкил этаётган “Афғонистон ва минтақавий хавфсизлик: “Толибон”дан кейинги беш йил” халқаро анжумани бўлиб ўтади. Конференциянинг асосий ташкилотчиларидан бири, таниқли тарихчи ва сиёсатшунос, Қирғизистон-Россия Славян университети профессори Александр Князев “Фарғона.Ру” ахборот агентлигининг анжуман юзасидан саволларига жавоб беради.

“Фарғона.Ру”: - Анжуманда кимлар иштирок этадилар?

А. Князев: - Агар синчиклаб боқилса, Афғонистон мавзуси билан астойдил шуғулланадиган олимлар кам экани маълум бўлади. Ҳозирда биз Россиянинг етакчи афғоншунос-шарқшунослари бўлган Виктор Коргун, Владимир Пластун, Владимир Бойко каби олимларнинг анжуманимизда иштирок этиш учун розиликларини олишга муваффақ бўлдик. Тошкентлик ҳамкасблар, покистонлик ва эронлик олимлар, афғонистонлик экспертлар ва амалдаги сиёсатчилар, шунингдек, европалик қатор экспертлар, шу жумладан, Defence Academy of the United Kingdom, London School of Economics and Political Science экспертлари келишлари керак... Шу билан бирга, Тожикистонда ҳам, менинг назаримда, жуда кучли бўлган, постсовет даврида ҳам бошқалардан қолишмаган афғоншунослик мактаби бор. Бундан ташқари, биз Тожикистон томонидан бугунги кунда Афғонистон йўналишида конкрет иш билан шуғулланаётган Тожикистон президенти ҳузуридаги Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш бўйича агентликдан тортиб Энергетика вазирлигигача бўлган давлат муассасаларидан одамларнинг фаол иштирок этишига умид қилиб турибмиз. Умуман олганда, иштирокчилар таркиби ишчан, салоҳиятли ва ўйлайманки, анжуманда зерикиб қолмаймиз.

“Фарғона.Ру”: - Анжуманнинг ўтказилиши муайян сиёсий воқеалар билан, минтақадаги, жаҳондаги вазият ўзгариши билан боғлиқми?

А. Князев: - Даставвал анжуманни Американинг Афғонистонда ҳарбий амалиётлар бошлаган санаси – 7 октябрда ўтказиш мўлжалланганди. Уюштириш ишларидаги қийинчиликлар туфайли уни декабрга кўчиришга тўғри келди. Аммо мен анжуманнинг бирор санага мўлжаллаб ўтказиш асосий мақсад эмас, деб ўйлайман. Менимча, ҳозирда Афғонистон ўз ички тараққиёти билан ҳамда ўз қўшниларига таъсири нуқтаи назаридан қандай мамлакатга айланиб қолгани қизиқроқ. Бунга НАТОнинг Ригадаги саммити призмаси орқали қараш янада қизиқ – ахир, моҳиятан, НАТО қўмондонлиги ўзининг Афғонистонда кучсиз эканини тан олди-да... Афғонистон НАТОга аъзо мамлакатлар ўртасида тўсиққа айланмоқда: бу борада Германия ва Франциянинг позиция бир хил бўлса, Латвия билан Грузия мутлақо бошқа позицияни эгаллаган... Мен Евроатлантика ҳамжамиятининг Афғонистонга кучи етмади, деб ўйлайман. Фикримча, субминтақамиз хавфсизлигини таъминлаш учун қўлидан иш келадиганроқ бошқа тузилмалар бор – биринчи навбатда бу ШҲТдир. Бугунги кунда аҳволи бир маҳаллар совет қўшинлари тушган вазиятдан оғирроқ бўлган америкаликлар ва наточиларнинг Афғонистондаги ҳозирлиги эса шунчаки зиддият муддатини узайтириб, йилларга чўзилиб кетиши мумкин.

“Фарғона.Ру”: - Анжумандан қанақа натижалар кутилаяпти? У амалий аҳамиятга ҳам эга бўладими?

А. Князев: - Илмий анжуманнинг натижалари қандай бўлиши мумкин? Биз мавжуд вазият ва муаммо ҳамда унинг турли жиҳатлари юзасидан – гиёсиёсатдан тортиб гиёҳванд моддалар транзитигача - фикр алмашамиз. Балки қанақадир умумий хулосалар ва тахминлар билдирармиз. Анжуман материаллари мен уч йилдан бери чиқараётган навбатдаги “Афғонистон ва Марказий Осиё хавфсизлиги” тўпламига киритилади. Анжуманда айтилган барча гапларни, жумладан, “Фарғона.Ру” ёрдами билан ҳам жамоатчиликка етказишга ҳаракат қиламиз... Баъзан сиёсатчилар олимларнинг, экспертлар ҳамжамиятининг гапларига қулоқ солиб турадилар, аммо афсуски, бу иш тез-тез содир бўлмайди...

* * *

“Фарғона.Ру” ахборот агентлиги “Афғонистон ва минтақавий хавфсизлик: “Толибон”дан кейинги беш йил” анжуманининг расмий ахборот ҳамкоридир.