17:41 msk, 22 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Ижтимоий фикр”: Охирги ижтимоий сўров натижаларига кўра, ўзбекистонликларнинг тўқсон фоизи ўз ҳаётидан мамнун

05.12.2006 20:51 msk

Ўз ахб.

ЎзА ахборот агентлигининг хабар қилишича, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан Ўзбекистон Конституцияси куни (8 декабрь) арафасида анъанавий сўров ўтказилган.

Сўров ташкилотчилари ижтимоий тадқиқотда “шаҳар ва қишлоқ аҳолиси, оиласи, маълумоти, ижтимоий мавқеи ва динидан қатъий назар турли жинс ва ёшдаги кишиларнинг иштирок этганлар”ини таъкидлайдилар. Аммо сўровнинг қандай ўтказилганига, унда қанча одам иштирок этганига, сўралганлар ўз исм-фамилияларини, иш ва яшаш жойларини кўрсатган-кўрсатмаганига аниқлик киритилмайди. Аснода бу жуда муҳим жиҳатдир: Ўзбекистонда ўзгача фикрлилик учун жиддий зарар кўриб қолиш мумкин, шунинг учун бу мамлакат фуқаролари ўз фикрларини ҳаммадан яширишни ва “хавфсиз” бўлган расмий фикрни айтишни афзал кўрадилар.

“Ижтимоий фикр” маркази расмий сайтида ҳам ахборот йиғиш қай тариқа кечганини аниқлаб бўлмади. У ерда Марказ Ўзбекистон Республикаси ҳукумати қўлловида тузилгани кўрсатилган ва бу жумла ҳамма нарсани ойдинлаштиради: сўров уч карра аноним ва холис бўлган тақдирда ҳам, эълон қилинган натижаларда бу ҳечам акс этмаган бўларди. Натижалар эса қуйидагича.

Маълум бўлишича, “Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти учун (94,3 фоиз) тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ва фуқаролар тотувлиги мустақиллик туфайли эришилган энг катта бойлик ҳисобланади”. Бу таъкиднинг биринчи қисмига эътироз билдириш қийин – одамларга тинчлик ва осойишталик кераклигига ким ҳам шубҳа қиларди? Аммо Ўзбекистонда тинчлик ва барқарорлик, тотувлик мустақилликка эришилганидан кейин ҳукмрон бўлгани ҳақидаги баёнотни, масалан, Ўзбекистоннинг энг кўп аҳолиси истиқомат қилувчи Фарғона водийси аҳли тўғри деб топмаса керак. Ўзаро суҳбатларда кекса авлодга мансуб кўп фуқаролар айнан СССР даврини тинчлик-фаровонлик замони ўлароқ эслайдилар. Империя парчаланганидан кейин юзага келган вазият “чекка жой” аҳолиси учун кўп хавф-хатар ва кутилмаган муаммоларни вужудга келтирган.

“Республикамиз аҳолиси диний экстремизм ва террорчиликни қаттиқ қоралайди ва давлатимизнинг ушбу иллатларга қарши курашга қаратилган сиёсатини қўллаб-қувватлайди”, - дейилади “Ижтимоий фикр” маркази хулосаларида. Террорчилик ҳуружларининг моҳияти ҳисобланмиш ҳеч қанақа айби бўлмаган одамларнинг ўлдирилишини қабул қила олмаслик, бизнингча, ҳар қанақа нормал жамият учун табиийдир. Бу ҳодиса билан курашдаги давлат сиёсатининг аҳоли томонидан тўла “маъқулланиши” ҳақидаги таъкидлар анча баҳслидир. Бунга, масалан, Тошкент бозорини айланиб чиққанда, Фарғонадаги чойхонада ўтирганда ёки Самарқанддаги йўналишли таксида юрганда, яъни оддий одамлар у ёки бу масала юзасидан биров томонидан буюрилган гапларни эмас, ўзларининг шахсий фикрларини айтишлари мумкин бўлган жойларда амин бўла оласиз. Шунингдек, Ўзбекистон расмийлари “экстремизм” ва “террорчилик”да фақат ЎИҲ ёки Ал-Қоиданигина эмас, ўз сиёсий мухолифларини ҳам айблашларини эсдан чиқармаслик лозим.

“Ўзбекистон фуқароларининг мамлакатимиз Асосий қонуни демократия, ижтимоий одиллик, бағрикенглик мақсадлари, миллий манфаатларга тўла жавоб беришига ишончи комил”, - дея маълум қилади “Ижтимоий фикр”. Ўзбекистон Конституцияси қоғозда шундан бўлиши мумкинлигига тўла ишонса бўлади. Аммо ҳақиқатда бундай эмас. Саналган бандларнинг ҳар бири бўйича Ўзбекистон аҳолиси ичида эътироз туғилиши мумкин. Масалан, машруъ мухолифат йўқ жойда, муқобил ахборот манбалари бўғилаётган маъвода, аҳоли танийдиган ягона сиёсий фигура фақат президент бўлган ерда демократия ҳақида қанақа гап бўлиши мумкин? Агар “Ижтимоий фикр” маркази йил сайин “мамлакатда [демократия, ижтимоий адолат, баҳрикенглик ва миллий манфаатлар] таъминланишининг асосий кафолати президент Ислом Каримовнинг ўзи” экани таъкидлаётган бўлса, нима учун буни кулгига қолишдан қўрқмай, ошхонада ёки торроқ доирада айтиш мумкин эмас?

Дарвоқе, “сўров қатнашчилари аксариятининг (92,8 фоих) фикрича, мамлакатимизда барча фуқаролар моддий ва ижтимоий аҳволи, дини, миллатидан қатъий назар қонун олдида тенг, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига тўлиқ (деярли 100 фоиз) амал қилинмоқда”лиги ҳақида ҳам ўзаро суҳбатда ёки ўзбекистонликларникига меҳмонга борганда чайналмаган маъқул. Бунақада қаттиқ қаршиликларга (муштлашув ҳам шулар жумласига киради) учрашингиз ёки ўзингизга нисбатан ишончни йўқотиб қўйишингиз мумкин. Бунақа баёнотларни ҳукумат оммавий ахборот воситалари ва “Ижтимоий фикр”га ўхшаган марказларга қўйиб бериш дуруст.

Ахир, агарда бунақа демократик масканда яшасалар, улар пул топиш илинжида оммавий равишда мусофирликни ихтиёр қилармидилар? Ўқитувчилар мактабларда навбатдаги комиссияни нону туз билан кутиб олиш учун тўпланадиган “йиғди-йиғди”ларга очиқ норозилик билдиришдан қўрқмасдилар-ку. Мамлакатда амалдорларга пора бериш зарурати натижасида хонавайрон бўлаёзган кичик бизнес ривожланган бўларди-ку. Абитуриентларнинг аксарияти олийгоҳларга фақат чўнтаги бақувватлар кира олишига амин бўлмасдилар-ку. Ундан ташқари...

Хуллас, Ўзбекистон ҳаёт умуман бошқача бўларди. Ўшанда “Бугунги ҳаётингиздан мамнунмисиз?” деган саволга иштирокчиларнинг 89,9 фоизи қониқарли жавоб берган”и ҳеч кимни ҳайратга солмас ва кулгисини қистатмасди. Ҳозирча эса “Ижтимоий фикр” марказининг респондентлари ким бўлганини тахмин қилиш қолади, холос: сўров ё ҳар томонлама таъминланган ўзбек элитаси вакиллари орасида ўтказилган ёки келтирилган жавоблар сохталаштирилган. Ёҳуд – учинчи тахмин ҳам бор: дунёнинг қаеридадир ҳақиқатан ҳам Тожикистон ва Қирғизистоннинг қўшниси бўлган, худди шундай ном билан аталувчи мамлакат бор ва у ерда ҳақиқатан ҳам ҳамма нарса Ўзбекистон расмий тадқиқот муассасалари кўрсатаётгандай гўзалу жозиб. Ва ҳатто бу мамлакатнинг қаерда жойлашгани ҳам маълум – у ўзбек халқининг орзусида маскан тутмишдир. Аммо, таассуфки, унинг орзуларига бу рўёни ҳақиқат дея кўрсатаётган “ўзгалар” эгалик қиладилар.

Сўз сўнгида яна бир жиҳатга тўхталмоқчимиз. “Ижтимоий фикр” маркази расмий сайтида бундан аввал ўтказилиб, 2006 йилнинг 19 октябри санаси қўйилган навбатдаги ижтимоий сўров натижалари ҳам чоп қилинган. Маълум бўлишича, ўзбекистонликларнинг 90 фоизи “жаҳонда Ўзбекистондан кўра яхшироқ мамлакат йўқ”лигини таъкидлашиб, бошқа мамлакатда яшашни истамас эканлар. “Халқни бу қадар таҳқирлаш учун ўз халқини қанчалар ёмон кўриш керак”, деган фикр одамни танг қолдиради. Агар бунақа (маъзур тутинг) алжирашни ёзганларнинг самимий ва ҳақгўйлиги тахмин қилинганда ҳам, Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳволни – аҳолининг аксарияти қашшоқлигини, ишсизликни, пул топишга кетганлардан бўшаб қолган шаҳарларни, таълим сифатининг пастлигини, маҳаллий маҳсулотлар, хизмат кўрсатиш, даволаш сифати пастлигини кўрмаслик учун улар нақадар маҳдудликда (изоляцияда) яшашлари керак... Ҳозир ростдан ҳам “хаёлимга келган нарсалардан йиғлаб юбораман”. Бу ўзбекистонликларга ачиниш сабабли тўкилган аччиқ кўзёшлар бўлади.

Илло, мазкур “сўров”нинг сурбетона натижаларини анча ҳурматли муаллифлар – Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг академиги, “Ижтимоий фикр” маркази директори Раъно Убайдуллаева ҳамда профессор Озод Ота-Мирзаевларнинг виждонига ҳавола қиламиз.