09:06 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тожик фермерлари ернинг шўрлиги ва меҳнатнинг оғирлигига қарамай, Волгоград вилоятида бутун оилалари билан ишламоқдалар

05.12.2006 17:56 msk

Н.Зотова

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Бу тожик оиласининг Россиядаги турмуши тарихи етти йил муқаддам бошланган. Ўшанда тўрт ака-ука Волгоград вилоятига ишлаш учун илк бор келгандилар. Улар туманлардан бирида ер ижарага олишиб, унга ишлов бера бошлаганлар. Уларни билган ҳар ким буларнинг меҳнаткаш инсонлар эканини айтади. Ака-укаларнинг қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиш учун билимлари етарли: улар ватанда пахта далаларига ва Душанбега яқин жойлардаги экинзорларга ишлов бериш билан машғул бўлганлар. Ўттиз кишидан иборат катта оилада керакли барча мутахассислар бор, ака-укалардан бири - дипломли агроном. Волгоград вилоятида ака-укалар иккита уй сотиб олганлар ва орадан икки йил ўтгач, уларнинг хотинлари болалари билан кўчиб келганлар. Қайд этиш жоизки, ҳар бир оилада бештадан бола бор.

- Ота-онамдан ажраганимни эслаб ҳалигача йиғлайман: улар мени қўйиб юборишни сира истамагандилар. Аммо қўлимиздан нима келарди, биз эрларимизга итоат қиламиз, - дейди ака-укалардан бирининг хотини.

Оилалар уч йил мобайнида катта қишлоқда, ўз уйларида яшаганлар. Афсуски, икки йил аввал бошқа йирик ижарачи билан бўлган зиддиятдан сўнг улар бошқа жойга кўчиб кетишга мажбур бўлганлар. Ҳозирда уч оға-ини оилалари билан кичикроқ қишлоқда истиқомат қиладилар, тўртинчиси эса алоҳида яшайди. Уларга беш қаватли бинода жойлашган ярим вайрона аҳволдаги икки квартирани ижарага берганлар, уларни ижарачиларнинг ўзлари таъмирлашларига тўғри келган.

Ака-укалар 70 гектар ерни ижарага олганлар, у ерда помидор, карам етиштирадилар, бу йил тарвуз экканлар. Уларнинг трактори бор, далада оиланинг ҳамма аъзолари ишлайдилар: бошқа одамларни камроқ ёллашга ҳаракат қиладилар. Бироқ бу ер шўрҳок чиқиб қолган, шу туфайли бир қисм ҳосил илдизидан чирий бошлаган. Авваллари хўжаликда қўй боқишарди, энди эса сигир боқадилар. Ҳосилнинг асосий қисмини улгуржи сотадилар. Бундан ташқари, бекалар турли сабзавотларни тузлаб, Волжск шаҳридаги бозорда сотадилар. Уйда меҳмонлар учун нон ва сомса ёпадилар. Умуман олганда, қайд этиш керакки, улар жуда меҳмондўстлар – улар жон деб меҳмон кутадилар, рус қўшнилари билан ҳам алоқалари яхши.

Турмуш тарзи - анъанавий

Оиланинг барча аъзолари Душанбе шаҳри ва унинг яқинидаги жойлардан. Келинлардан бирининг шаҳарда уйи, яна бирининг эса шаҳар четида ҳовлиси бор. Ватанда уларнинг кўплаб қариндошлари - ота-оналари, турмуш қурган опа-сингилларию ака-укалари қолганлар. Охирги марта уларни икки йил аввал кўриб келишга муваффақ бўлганлар. Бу ёз оила биродарлардан бирининг катта ўғлини уйлантириш учун Душанбега бориб келишни режаланганди, аммо ишлар унча яхши бўлмаган, ҳосил озроқ бўлган. Пировардида сафарни кейинги ёзга қолдирганлар.

Кичик келин мактабни битирганидан кейин Душанбеда машинкада ёзиш курсларини тугатган ва кутубхоначи бўлиб ишлаган экан, у рус тилида жуда яхши гапиради. Катта келинни эрта эрга берганлар, шунинг учун у ўқишни давом эттира олмаган, у фақат қишлоқ хўжалигида ишлаган.

Оила кундалик турмушда тожик урф-одатлари ва анъаналарига қаттиқ риоя қилади. Менинг йўлдошим эркак киши эди, бизларни “ички” ва “ташқи” бўлмаларда алоҳида-алоҳида қабул қилдилар. Бунда ерга тўшалган кўрпача, хонтахта-сандалга ёзилган дастурхон каби таниш манзарани кўриш ёқимли эди... Бу хонага болалар ўйин ўйнайдиган, мусиқа тинглайдиган ва фильм томоша қиладиган компьютергина ёт эди, холос.

Болаларни ўқитиш ва режалар

Оила Россияга кўчиб ўтганларидан кейин кичкина болалар мактабга бора бошлаганлар, катта қизлар эса ўқишга бормаганлар. Оналардан бири гапиради: “Кўчиб келган пайтимизда, қизларимиз еттинчида ўқишлари керак эди. Бироқ улар тил билмасдилар, бу ерда уларнинг дўстлари йўқ эди, улар қисиниб-қимтиниб юрардилар. Сирасини айтганда, уларнинг ўқишлари ҳам шарт эмас, яқинда турмушга чиқадилар”. Кичкиналар ўқийдиган мактабда уларга муносабат жуда яхши, улар аввал яшаган қишлоқда эса аҳвол бошқача эди: “Бизга юқоридан қарашарди. Балки бу қишлоқ катта бўлгани учундир”.

Ниҳоят, қизлардан бири мендан уялишни бас қилиб, суҳбат чоғида ўқишни давом эттиришни исташини айтди. У шифокор ёки ҳамшира бўлишни мўлжаллаган. Ҳозирча ота-онасининг бунга кўниш-кўнмаслиги аниқ эмас, катта ўғил эса Волгоград олийгоҳларининг биридаги иқтисодиёт бўлимига ўқишга кирган. Оиладагиларнинг фикрича, у ҳавас қилса арзийдиган куёв, шунинг учун унга келин топишда ота-онанинг алоҳида талаблари бор: “Ўқиган, рус тилини билган қиз бўлиши керак”.

Бу оиланинг келажак режалари Россия билан боғланган: ҳамма вақтинча яшаш учун рухсатнома олиб бўлган, кейинги босқич фуқаролик олишдир. Уларнинг бу оғир ерлардаги фермерлик фаолиятлари соҳа учун жуда муҳим. Тожикистон Меҳнат вазирлиги вакилининг изоҳлашича: “Россияда қишлоқ хўжалигини ким ҳам ривожлантирарди? Маҳаллий аҳоли БУНДАЙ ишлашни, астойдил меҳнат қилишни истамайди. Мана шунга ўхшаган оилаларни биринчи навбатда қўллаб-қувватлаш зарур”.

Муаллиф ҳақида: Зотова Наталья Александровна – “Фарғона.Ру” АА катта муҳаррири, тарих фанлари номзоди, РФА Этнология ва антропология институтининг илмий ходими. Москвада яшайди.