19:47 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Номаълум лақайлар” Ўзбекистон Миллий банки галереясида

05.12.2006 08:09 msk

Нигора Ҳасанова

Тошкентдаги Ўзбекистон Миллий банкининг (ЎМБ) Тасвирий санъат галереясида шу кунларда “Карвон” санъат галереяси томонидан уюштирилган “Номаълум лақайликлар” анъанавий каштадўзлик кўргазмаси ишлаяпти. Лойиҳани Швейцария ривожланиш ва ҳамкорлик агентлиги, “Ҳунарманд” республика ассоциациясининг Риштон ҳудудий бўлими ҳамда ЎМБ тасвирий санъат галереяси қўллаганлар.

Кўргазма очилишида Швейцариянинг Ўзбекистон ва Қирғизистондаги ривожланиш ва ҳамкорлик агентлиги директори Ханс-Питер Мааг йиғилганлар қуйидагиларни маълум қилди:

- Бугунги кунда Ўзбекистон Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари қатори мустақилликдан сўнг ўз-ўзини англаш даврини бошдан кечираётгани учун биз ушбу кўргазма тимсолида бунга ўз улушимизни қўшишдан мамнунмиз. Бу жараённинг тараққий қилиши учун Швейцария кўп йиллардан бери ушбу йўналишдаги маданий дастурларни молиялаштирмоқда. Ўзбекистон маданияти жуда бой. Анъаналарнинг кўпи шу кунгача сақланиб қолган, улардан айримлари муайян қийинчиликларга дуч келган. Ўйлайманки, кўзгармани томоша қилгач, маданий меросни сақлаб қолиш арзирли иш эканига амин бўласиз. Маданий ранг-баранглик турмушимизни янада бойитади, шунинг учун ҳам буларнинг барчаси биз учун жуда қизиқарлидир.

Локайская вышивка
Янги кўргазма экспозициясида ўзбекистонлик машҳур коллекциячи бири Тоир Тоиров коллекциясидан ўрин олган лақай каштадўзлиги намуналаридан бир қисми тақдим этилган. У ўзининг лақай каштадўзлиги намуналарини йиға бошлашига нима сабаб бўлгани ҳақида гапириб берди:

- Каштадўзлик намуналарини йиғишимнинг сабаби шундаки, мен ёшлигимда ўзбек тилида ўзбек мактабида ўқиганман ва “Алпомиш” достонини жуда севардим. Бу достонда ўзбек халқининг қадим авлоди бўлмиш Қўнғирот эли ҳақида айтилади. Мен тасодифан лақайлар, қўнғиротлар, меркелар ва бошқа кўплаб қабилалар буюк маданият ташувчилари бўлганларини билиб қолдим. Лақай санъати ўз кашталари ва адрас матолари билан Европа санъатига катта таъсир ўтказган. Мен XIX аср охирида Ўрта Осиёда – Бухоро, Самарқанд, Фарғонада бўлган сайёҳ Рикмернинг эсдаликларини эслайман. У шундай ёзганди: “Биз, европаликлар бунақа хаёлотга эга эмасмиз, биз “мусаввир” халқ эмасмиз. Бухорою Самарқандда яшайдиган одамлар ранглар ичида яшайдилар, улар турли хил шакллар – мураббалар, чизиқлардан завқ оладилар. Улар қўшиб бўлмас шаклларни ўзаро уйғунлаштирадилар”. Европа санъатидаги кўп йўналишлар, жумладан, авангард ҳам, менимча, XIX аср охиридан бошлаб Ўрта Осиёдан Европага олиб кетилган матолар ва кашталардан анчагина илҳомланган. Мен бугунги кунда Ўзбекистон халқлари ўз ўтмишларини ўрганишлари ва лақай кашталари жаҳоннинг кўплаб музейларида муносиб ўринни эгаллаганидан ифтихор этишлари лозим, деб ўйлайман.

Локайская вышивка
Санъатшунослик доктори, Ўзбекистон Бадиий Академияси академиги Акбар Ҳакимов ўз нутқида “Карвон” санъат галереясини Швейцария ривожланиш ва ҳамкорлик агентлиги ҳамда ЎМБ тасвирий санъат галереяси билан биргаликда “Бермуд учбурчаги”га қиёс қилди. Аммо бу учбурчак, унга кўра, сирларни ютиб юбориш билан эмас, аксинча, очиш билан шуғулланади:

- Лақайлар ҳақиқатан ҳам “номаълум” маданият бўлиб қолаётгандилар. Этник лақайлар, асосан, Тожикистонда истиқомат қиладилар, уларнинг бир қисми Афғонистон шимолида яшайди. Аммо Бойсунда уларга қариндош қабилалар – қўнғирот ва қатағонлар яшайди. Уларнинг маданияти лақай маданиятига яқин, аммо бугун Тасвирий санъат галереясида кўрганимиз жуда нафис кўргазмадир. Кашталарга синчиклаб боқинг, композицияга, ранг танланишига яхшилаб қаранг, шунда сиз буларнинг савқи табиий билан топилган бўлса-да, жуда чуқур фалсафани ўзида жо этган нақшлар эканини тушунасиз. Агар нодир асарлар ҳақида гапирадиган бўлсак, буни Малевичнинг “Қора мураббаъси” билан қиёслаш мумкин бўлади. Ўхшатмалар, мавҳум шакллар орқали кечинма ифодалашга шууран интилиш кўп асрлар мобайнида айнан Шарқ учун хос бўлиб келган. Европа бунга кейинроқ келди.

Локайская вышивка
Ўзбекистон Миллий Банки Тасвирий санъат галереясидаги “Номаълум лақайлар” кўргазмаси 2006 йилнинг 15 декабригача ишлайди.