08:29 msk, 10 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Бишкек олийгоҳларида порахўрлик нақадар авж олган?

04.12.2006 19:43 msk

Наталья Секерина, Ўш (Қирғиз

5 декабрдан 7 декабргача Бишкек олийгоҳларида “Ифлос қўллар – ифлос таълим. Тоза қўллар – тоза таълим”, “Ахборот – коррупциячининг душмани”, “Порахўр, қўрқ!” шиорлари остида “Коррупции-NET” кампаниясининг навбатдаги тадбири бўлиб ўтади. Мазкур тадбир “Наша Vерсия” ёшлар журнали таҳририяти томонидан “Эркин Авлод”, “Ёшлар Медиа Маркази”, “Медиа Kloop” каби ҳамкор ноҳукумат ташкилотлари ҳамда БМТнинг кўнгиллилар дастури билан биргаликда ўтказилмоқда.

Ташкилотчилар пойтахт олийгоҳларида таҳсил олаётган бир неча минг талабадан қуйидаги саволларга жавоб беришни сўрайдилар: университетларда пора оладиларми, ким олади, қанча олади, таълим жабҳасида коррупция мавжудлигига нима сабаб? Кампания натижаларига кўра Қирғизистон таълим тизимидаги энг порахўр кимсалар ва олийгоҳлар рўйхати тузилади. “Коррупции-NET” кампанияси чоғида барча маълумотларни Наша версия сайтидан он-лайн режимида олиш мумкин бўлади. Бу ердан муштарийлар Бишкекдан тайёрланган кундалик фоторепортажларни, янги мақолалар ва радиодастурларни топишлари мумкин бўлади.

7 декабрь куни кампания ташкилотчилари, Қирғизистон таълим вазирлиги, олийгоҳлар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида анжуман бўлиб ўтади. Анжуман мамлакат олий ўқув юртларидаги коррупция ҳамда бу ҳодисани тугатиш йўллари муаммоларининг очиқ муҳокамасига бағишланади. Кампания якунларига кўра эса “Коррупции-NET” ҳужжатли фильми ишланади.

Эслатиб ўтамиз, “Наша Vерсия” бу каби кампанияни бундан уч ҳафта аввал Ўш шаҳрида ўтказганди. Натижалар қувонарли бўлмади: Қирғизистон жанубидаги таълим тизими бошдан-оёқ коррупция ботган бўлиб чиқди. Унда 70 фоизга яқин талаба пора беришини тан олган. Бу каби натижалар тадбир ташкилотчиларини “сўровни тўғри ўтказдикмикан?” дея шубҳага тушишга мажбур қилди. Балки бу каби ҳолат фақат Ўш олийгоҳлари учун хосдир? Шунинг учун ҳам “Наша Vерсия” “ДиалектИКОН” социологик агентлиги мутахассисларидан Бишкек олийгоҳларида худди шундай тадқиқот ўтказишни сўраган.

Пойтахтдаги энг катта беш университетда ўтказилган сўровда 579 талаба иштирок этган. Сўралган талабаларнинг 55 фоизи сессияларни пул ёрдамида “ёпган”ларини, имтиҳон ёки синов баҳоларини қўйдирганларини тан олганлар.

Тадқиқот чоғида йиғилган маълумотларга кўра, синов учун ўртача пул 280 сўмни (7$), имтиҳон учун эса 380 сўмни (10$) ташкил этар экан.

Бюжет бўлимига кириш учун абитуриент 10.500 минг сўм (270$), ўқишдан четлатилганидан кейин тикланиш учун 2700 сўм (70$) “ташлаш”и керак экан.

Респондентларнинг ярмидан кўпи пулни гуруҳ сардори орқали бераркан. Ундан сал камроғи порани бевосита ўзи топшираркан. Талабаларнинг саккиз фоизи олийгоҳдаги бирор-бир маъмурий шахс ёрдамидан фойдаланаркан.

Нима учун талабалар ҳаммасини пул билан ҳал қиладилар? “Чунки ўқишни хоҳламайдилар, машғулотларга келмайдилар”, - шу каби жавоб анкеталарда кўп бўлган. Талабаларнинг 30 фоизи порахўрликда ўқитувчиларнинг ўзларини айблайдилар.

“Олийгоҳлардаги коррупция сабаби ўқитувчиларнинг меъёрдан ортиқ билим талаб қилиши бўлиб ҳисобланади”, - деб ёзганди Марказий Осиёдаги Америка университетининг “The Star” талаба газетаси талабалар ишлари бўйича декан Николай Шульгинга таянган ҳолда.

Бу ҳодиса билан қандай курашиш керак? Бу ерда осон ечим йўқ. Аммо “Наша Vерсия” таҳририяти пойтахтдаги ёшларнинг ноҳукумат ташкилотлари билан биргаликда тадбир чоғида коррупция ва порахўрликка дахлдор бўлган барчани очиққа олиб чиқишга ҳаракат қилади. Тадбир натижалари ҳақида “Наша Vерсия” журнали сайтидан (www.nashaversia.net) билиб олиш мумкин бўлади.