06:29 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Нью-Йоркдаги “Snowshow”да бош роллардан бирини ўзбекистонлик Олег Луговской ижро этмоқда

04.12.2006 14:12 msk

Илона Ильясова, Нью-Йорк

Луговской в роли Желтого Клоуна, знаменитый полунинский
Луговский Сариқ Масхарабоз ролида. “Фарғона.Ру АА” фотоси
Тошкентнинг машҳур “Илҳом” театрининг собиқ актери, “Жанубдан келган қушлар” (Ўзбекистон) гуруҳи мим-масхарабози Олег Луговской икки мавсумдан бери Нью-Йоркнинг Union Square Theatreда “Slava's Snowshow”да ўйнаяпти. Россиялик машҳур томошачи Вячеслав Полунин томонидан яратилган бу шоу 10 йилдан буён Нью-Йоркда мунтазам қўйиб келинади. “Snowshow” Полуниннинг “кичик трагикомедиялар”и бўлиб, унда масхарабозлик санъати ўз маҳобатини намоён этган. Бу ҳаракат, мусиқа, чироқ, ранг, костюмлар, саҳна безакларининг сеҳрли жамламаси бўлиб, томоша бир ярим соат мобайнида томошабинни ширин тушлар ва хаёлот оламига олиб кетади.

“Бродвейнинг бошқа ҳамма томошаларини унутинг! Буни томоша қилинг”, - Америкадаги CNN телеканалининг “Snowshow” ҳақидаги тақризи ана шундай. Шоу фақат томошабинлар ва танқидчиларнинггина эмас, профессионалларнинг муҳаббатини ҳам қозонган – 2005 йилда у Drama Desk Awards театр мукофотини олган. Ўзбекистонлик актернинг бу қадар ажойиб халқаро лойиҳада иштирок этиши кишини фахрлантиради, албатта.

...Спектаклдан сўнг Олег гримхонага тушади. Бугун Олег Бош Яшил Масхарабоз ролини ўйнаяпти. Кундузги ва кечки спектакллар орасидаги танаффус пайтида бизга интервью берди.

Фарғона.Ру: - Олег, “Snowshow”га қандай тушиб қолдинг?

Сцена из
“Snowshow” дан саҳна (чапдан иккинчи - Луговской Бош Яшил ролида). “Фарғона.Ру АА” фотоси
О. Луговской: - “Snowshow” Нью-Йоркда ўйнала бошлаган пайтда мен Миннеаполисдаги Dance Companyда ишлаётгандим. Менинг Полинин билан учрашгим келди, чунки мен уни устозларимдан бири деб ҳисоблайман, бунинг устига мен “Snowshow”ни ҳам кўрмагандим. Мен чипта олиб, бир ҳафтага Нью-Йоркка келдим.

Шоуни бир марта кўрдим, икки марта кўрдим. Слава: “Эртага кел, биз билан ўйнаб кўрасан”, деди. Менга масхарабоз бошмоқлари, яшил тўн, қулоқчин топиб бердилар. Мен кийиниб, Славанинг олдига келдим. У эса менга қараб туриб: “Ўзимизнинг одам экани шундоқ кўриниб турибди. Команда билан антрактда саҳнада бўл, саҳнада ўзингни қандай тутишингни кўрмоқчиман”, деди.

Ҳафта тугаб, мен кетадиган вақт яқинлашса ҳамки, Слава менга янгидан-янги топшириқлар бераверди: у номерни ўрган, бу номерни ўрган... Мен бунинг бежиз эмаслигини тушунардим. Чиптани топшириб, Нью-Йоркда қолдим.

Икки ойча Оддий Яшил Масхарабоз ролида чиқиб юрдим, кейин “хизмат пиллапояси бўйлаб юқорилай бошладим”: аввал Бош Яшил Масхарабоз даражасига чиқдим, кейин эса Сариқ Масхарабоз мақомига кўтарилдим. 2005 йилнинг март ойида Полунин мен билан шартнома имзолади ва мен актерлик ишчи визасини олдим.

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Фарғона.Ру: - “Snowshow”да иштирок этиш сенга нима берди?

О.Луговской: - “Snowshow”да ишлар эканман, мен масхарабоз сифатида даражам яхши эканини тушундим. Мен ерга келиб, ҳамкасблар билан ишлагач, Тошкентда ва Ленинградда яхши мактаб ўтаганимни англадим. Бундан ташқари, бу ерда кўп дўстлар орттирдим, саёҳат қилиш, савиямни ўстириш учун зарур бўлган китоб ва материаллар харид қилиш имкониятига эга бўлдим. Бу менинг ва оиламнинг ҳаётидаги муайян ривожланиш босқичидир, чунки биз ҳеч қачон ҳозиргидек турмуш кечиришга ноил бўлолмагандик. Аммо бу ҳам асосий нарса эмас. “Snowshow” ҳам муайян босқич ва агар бу лойиҳа якунланадиган бўлса, мен олға силжишда давом этаман.

Фарғона.Ру: - Америкалик томошабинлар бизникилардан нимаси билан фарқ қиладилар?

О. Луговской: - “Snowshow”даги нозик нукталарни, таассуфки, бу ерда ўйнаб бўлмайди. Америкаликлар реклама муҳитида, тўс-тўполон ҳаёт ичида, осмонўпар бинолар қуршовида тарбия топишган, шунинг учун ҳам саҳнада ҳаракат эмас, туйғулар ўйини кечган пайтларда, улар зерикиб кетадилар. Уларга ўзлари “экшн” деб атайдиган ҳаракат керак. Бизникилар йиғлайдиган жойда америкаликлар куладилар. Аммо баъзан спектаклдаги барча нозик жиҳатларни ҳис эта оладиган томошабинлар ҳам келиб турадилар.