22:44 msk, 17 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистондаги Исроил элчихонаси тасодифий йўловчини отиб қўйган ўз қўриқчиларининг айбини тан олмаяпти

02.12.2006 19:10 msk

Алексей Волосевич

Мать Георгия Александрова.
Георгий Александровнинг онаси. “Фарғона.Ру АА” фотоси
2005 йил 13 май куни Ўзбекистонда бир-бири билан деярли боғлиқ бўлмаган икки воқеа содир бўлди. Андижонда қуролли қўзғолон юзага келди ва шафқатсизларча бостирилди, Тошкентда эса Исроил элчихонаси қўриқчилари ўзларида шубҳа уйғотган тасодифий йўловчини отиб қўйдилар. Ўша пайтда Андижонда бўлиб ўтган воқеалар қабатида иккинчи воқеа орқа планга ўтиб кетди, кейин эса унутилди. Йўловчининг хатоан ўлдирилгани ўша заҳотиёқ маълум бўлди: унинг ёнидан қурол ҳам, портловчи модда ҳам чиқмаган. Ҳойнаҳой, қўриқчиларнинг асаблари дош беролмаган кўринади – бир йил муқаддам элчихонани худкуш террорчи портлатиб юборишга уринганди, натижада икки қўриқчи ва ҳужум қилган кишининг ўзи ҳалок бўлганди. Шу куни бўлса эрта тонгдан Андижондан қамоқхонага ҳужум уюштирилгани, шаҳар ҳокимиятининг эгаллаб олингани, МХХ биносининг штурм қилингани каби хавотирли хабарлар кела бошлаганди. Асаблари таранглашган қўриқчилар элчихона томон келаётган ва “тўхта” деган буйруққа эътибор қилмаган узун плашчли кишига қараб ўт очганлар.

Ахборот агентликларининг Ўзбекистондаги Исроил элчихонаси олдида террорчи ўлдирилгани ҳақидаги тезкор хабарларига тез орада аниқлик киритилди: у террорчи эмас, шунчаки номаълум шахс бўлиб чиққан. Кейин янги тафсилотлар пайдо бўлди – ўлдирилган киши оддий уйсиз дайди бўлиб чиққан. Шундан сўнг воқеага бўлган қизиқиш сусайган. Тез орада эса у ҳақда умуман эсламай қўйганлар. Ўлдиришган бўлса, ўлдиришибди-да...

Бугунги кунда Георгий Александровнинг (мақтулнинг исми шунақа экан) ўлими фақат бир кишини – унинг онасини изтиробга солади. Жанна Андреевна Игнатенко саксонга бориб қолган бўлса-да, анча тетик кўринади, унинг ақли тиниқ, хотираси кучли. У Тошкентда туғилиб, бутун умр шу ерда яшаган, нафақага чиқишидан аввал иқтисодчи бўлиб ишлаган. Ўғлини кўзда ёш билан эслайди. Уни тинглар эканман, энг яқин кишисини йўқотган аёл фожеаси кўз олдимда бор бўйи билан гавдаланади.

Георгий унинг яккаю ёлғиз фарзанди эди. Кўп йиллар аввал у уйланган, аммо хотини билан боласи автоҳалокат чоғида ҳалок бўлганлар, шундан сўнг у бошқа турмуш қурмаган. Георгий қачонлардир институтни тугатган, кафедра қошида меҳнат қилган, кейин ҳаракат хавфсизлиги муҳандиси бўлиб ишлаган. Сўнгги йилларда автомашиналарни таъмирлаш билан шуғулланган. Георгийнинг ҳақиқатан ҳам ўз уйи йўқ эди, аммо уни уйсиз дайди, деб бўлмасди. Бир неча йил аввал улар уйларини арзон-гаров сотиб юборганлар, шунинг учун ҳам Жанна Андреевна Бурчмулладаги дала ҳовлида истиқомат қиларди, Георгий эса Тошкентда ижара олинган уйда яшаб, ишларди.

Ўша машъум кунда унинг ўғли Исроил элчихонаси олдига тасодифан бориб қолмаган. У уй сотиб олмоқчи бўлиб, нотариал идорага кетаётган эди. Бу идорага элчихона олдидаги кўчадан ўтиларди. У уй сотиб олиш учун етарли пул йиққанди. Бир неча кун аввал у онаси билан бирга қандай ҳужжатлар зарур бўлишини билиш учун нотариал идорага кирганди. 13 май куни у уйдан чиқиб кетганича қайтиб келмаган. Унинг ўлдирилгани ҳақида эса онаси уч кун ўтгач хабар топган.

- Эрталаб ўғлим адвокатлик идорасига бориш учун уйдан чиқиб кетди, - дея ҳикоя қилади Жанна Андреевна. – У ўша ердан нари нотариусга кириши керак эди, чунки у Бурчмулладаги дала ҳовлини сотиб, бир хонали уй олмоқчи эди. Уйга тушга яқин қайтмоқчи эди. Мен уни роса кутдим, лекин у ҳадеганда келавермади. Балки Бурчмуллага кетгандир, деб ўйладим. Аммо у ҳеч қачон менга айтмасдан кетмасди, ҳар доим борадиган жойини айтиб кетарди. Жума куни кечгача кутдим, лекин у келмади. Шанба-якшанба кунлари қаерга ҳам борардим? Балки чиндан ҳам айтмасдан кетворгандир, деб ўйладим. У эса келавермасди. Душанба куни уни излай бошладим. Адвокатлик идорасига келдим, у ерда менга унинг нотариусга кетганини айтишди. Нотариал идорада эса унинг бошлиғи: “Ҳозир борамиз...” дейди. Бир нарса бўлганини кўнглим сезди. Мен: “Бирон нима бўлдими?” деб сўрадим. “Ҳозир борамиз, - дейди у, - ўша ерда сизга ҳаммасини айтиб беришади”. У мен билан бирга машинада ШИИБга борди. Мен терговчи Улуғбек Сулаймонов билан иккинчи қаватга кўтарилдим, у менга ўғлим ўлдирилганини айтди. Мен: “Қандай қилиб?”, “Нима?” дедим. У: “Исроил элчихонаси олдида”, дея тушунтирди. У аввал ўғлимнинг оёғига, кейин бошига отганларини айтди. Бошдан-оёқ илма-тешик қилиб юборишибди... Оёғига отганлари камлик қилган шекилли, бошига ҳам отишибди... Кейин мен ўликхонага бордим, уни тезда кўмишга имкон топа олмадим, чунки менда унинг ўлганлиги ҳақидаги гувоҳнома ҳам, пул ҳам йўқ эди. Ўликхонада менга уни олти кундан кейин олиб кетишим мумкинлигини айтишди. Аммо менинг уни олиб борадиган жойим ҳам, пулим ҳам йўқ эди – хуллас, ўликхонанинг ўзи уни кўмди...

Ўз қўриқчилари томонидан айбсиз одамнинг ўлдирилишидан Исроил элчихонаси ҳижолат тортиб ўтирмаган: у бу воқеани шарҳлашдан бош тортибгина қолмай, ҳатто нохушлик юзасидан узр сўрашни ҳам ўзига эп кўрмаган.

Жанна Андреевна элчихонадагилар билан учрашишни истаганида, уни ташқаридаги қоровулхонадан нари ўтказмаганлар, у билан телефонда гаплашишдан эса бош тортганлар. Унга фақат барча саволлар юзасидан прокуратурага мурожаат қилиш лозимлигини айтиб юборганлар.

Тошкент шаҳар прокуратураси Г. Александров ўлими юзасидан жиноий иш қўзғаган. Терговчи Улуғбек Сулаймонов Жанна Александровнани тергов натижалари ҳақида хабар беришни ваъда қилиб, ўғлининг чўнтагидан топилган нарсалар – дала ҳовлининг калити, қонга бўялган пул (тақрибан 30 минг сўм) ва ҳужжатларни топширган. Аёлга кўра, терговчи Георгийни элчихонанинг ўзбекистонлик қўриқчилари эмас, исроиллик қўриқчилари отиб ташлаганларини ҳам айтган.

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Шундан сўнг иш пойтахтнинг Исроил элчихонаси жойлашган Яккасарой туман прокуратурасига юборилган. Жанна Андреевна янги терговчининг олдига бир неча марта келган ва ўзига маълум бўлган нарсалар ҳақида гапириб берган. Июль ойи ўрталарида эса прокуратура унга тергов натижалари ҳақида хабар берган: ИШДА АЙБДОР СИФАТИДА ИШТИРОК ЭТУВЧИ ШАХС АНИҚЛАНМАГАНИ УЧУН ЖИНОИЙ ИШ ТЎХТАТИЛДИ.

- Яъни, улар буни ким қилганини аниқлай олмаган эмишлар, - дея изоҳ беради Жанна Андреевна. – Бу воқеа эрталаб бўлганди, кўча тўла одам эди, улар эса аниқлай олмаган эмишлар...

Бу каби “тергов” натижаларидан норози бўлган она адолат истаб, юқори ташкилотларга мурожаат қилади. У Тошкент шаҳар ИИБга ариза беради. Лекин у ердан жавоб келмайди. Адлия вазирлигига мурожаат қилади. Вазирлик иш бош прокурорга топширилганини маълум қилади. Пировардида иш пиллапоя бўйлаб Яккасарой туман прокуратурасига туширилади, туман прокуратураси эса аввалги жавобни беради. “Мазкур жиноятни содир этган шахсни аниқлашга қаратилган тезкор-тергов тадбирлари давом этмоқда, бу ишнинг ижобий натижалари тўғрисида сизга қўшимча хабар қилинади”, - деб ёзганди ишни тўхтатган Яккасарой туман прокурори А. Ҳакимов.

Жанна Александровна охирги чора сифатида президент девонига мактуб йўллайди. Унинг хатини қабулхонада қўл қўйиб олиб қоладилар ва бир ой ичида албатта жавоб беражакларига ишонтирадилар. Аммо жавоб келмайди. У икки ойдан зиёд муддат орасида ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева ёрдамида президент девонига яна бир хат ёзади, уни Елена буюртма хат сифатида йўллайди. Яна жавоб бўлмайди. Шу билан Ўзбекистон фуқаросининг зўрлик билан ўлдирилишини тергов қилиниши юзасидан ҳаракатлар ниҳоясига етади.

… Вақт учқур от деганларидек, Георгий ўлимидан бери орадан бир ярим йил ўтибди. Қари аёл ўзи ёлғиз қолган. У доим ўғлини эслаб қайғуради.

- Кунларимни ўзим ёлғиз қаттиқ изтиробда ўтказаман. “Нима учун ахир? Нима учун?..” деган савол мени тарк этмайди.

- Ёши нечада эди? – сўрайман мен.

- 53 дан бир ою ўн кун ўтганди, - ўйланиб ўтирмай жавоб беради у.

Жанна Андреевна ўғлини рисоладагидек қабристонга кўмишни истайди, ҳозир эса у қариндошлари йўқ одамлар картасида ётибди. Аммо ҳозирча онанинг бунга пули йўқ.

- Мен нафақамдан оз-оз чегириб қолаяпман, уни одамлардай кўмсам дейман. Ахир мен ҳали тирикман-ку...

Жанна Андреевна ҳозир танишлариникида яшаб юрибди – унинг ўз уйи йўқ. Дала ҳовлини Георгий Россияга кўчиб кетган одамдан сотиб олганди, аммо қонун-қоидаси билан расмийлаштиришга улгурмаганди. Уй учун йиғилган пуллар қаерга кетганидан Жанна Андреевнанинг хабари йўқ. Албатта, унга бир неча ўн минг сўмни қайтарганлар. Лекин у пулларни нима учун иккига бўлиб берганларини тушунмайди – пулларнинг бир қисмини терговчи Улуғбек Сулаймонов, бошқа қисмини эса Яккасарой туман терговчиси қайтариб берган.

Қайд этиш жоизки, “c-asia.org” сайтида Георгийнинг ўлимидан бир ҳафта кейин бир мақола пайдо бўлиб, унда Г. Александровнинг Исроил элчихонаси қўриқчилари томонидан отиб ташлангани ва унинг ёнидан дайди учун катта бўлган пул топилгани хабар қилинганди. Яна бу мақолада уни исроилликларнинг ўзлари отиб ташлаганлари айтилиб, “элчихона қўриқчилари уни илма-тешик қилиб юбормасдан, шунчаки тўхтатиб қолишлари лозим эди”, дея адолатли хулоса чиқарилганди.

Ўғли тўғрисида гапирар экан, Жанна Андреевна туйқусдан қизиқ бир тафсилотни эслатади: у бир пайтлар исроиллик аёлга уйланмоқчи бўлиб, яҳудий тилини ўрганган экан. Шуни айта туриб у папкадан катта фотосуратни чиқаради: унда Георгий яҳудий тилини ўрганаётган пайтда мактаб тахтаси олдида тургани акс этган.

- Кўряпсизми, Георгий ҳатто у ерда сабоқ берган исроиллик аёллардан бири билан расмга тушган. У бу тилни ўрганганди, Исроилга кетишни истарди. Энди эса худди ўшалар уни ўлдирдилар...

Бошқа томоннинг ҳам фикрини ўрганиш учун мен бу ишга алоқадор шахслар ва ташкилотларга дахлдор кимсалардан биронтаси билан учрашишга ҳаракат қилдим. Исроил элчихонаси қабулхонасига қўнғироқ қилганимда, бироз кутиб туришни сўрашди. Кейин ким биландир гаплашишиб, изоҳ учун салоҳиятли идораларга мурожаат қилишим лозимлигини, элчихона эса бу юзасидан изоҳ бермаслигини айтишди. Терговчи Улуғбек Сулаймоновни телефон орқали топиб бўлмади. Яккасарой туман прокурори А. Ҳакимов эса мен билан учрашишдан бош тортди ва навбатчи қўриқчи орқали изоҳ сўраб шаҳар прокуратурасига мурожаат қилишим кераклигини айттириб юборди.

Мен Ўзбекистон тергов идоралари куппа-кундуз куни кўплаб одамларнинг кўз ўнгида отиб ташланган одам ўлимида айбдор бўлганларни ҳақиқатан ҳам аниқлай олмаганлар, деб ўйламайман. Ҳойнаҳой, тергов расмийлар кўрсатмасига кўра тўхтатилган кўринади. Афтидан, бу қадам ўзига хос жўмардлик бўлса керак: ахир президент Каримовнинг Россия, Хитой ва Исроилдан бошқа уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган дўстлари кўп эмас-да. Шу тариқа, Георгий Александров ўлими давлатлараро алоқаларнинг мустаҳкамланишига ёрдам берган.

Албатта, гап ўлим ҳодисасининг ўзида эмас – унинг хатоан отиб ташланганига ҳеч ким шубҳа қилмайди – гап инсонга, унинг яқинларига бўлган муносабатдадир. Агар Ўзбекистон билан ҳаммаси ойдин бўлса, ўзини маданиятли ва демократик мамлакат деб билувчи Исроил томонидан кўп нарса талаб қилинмаганини айтиш жоиз: улардан фақат хатони тан олиш ва узр сўраш кутилганди. Ўжарлик билан бу ишни қилишни истамаслик элчихона раҳбарларининг шахсий қарори эмас, Исроил давлат сиёсати принципи бўлса керак, деган хулосага келасиз беихтиёр (худди элчихона душман қароргоҳида жойлашгану бу ерда қанча одам кўп ўлдирилса, шунча яхши бўлади, дегандай). Бунақада Исроил ўзига нисбатан яхши муносабат кутмаса ҳам бўлади.