11:41 msk, 14 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Асосий қонун атрофидаги топишмоқлар ёки Нима учун Қирғизистон Конституцияси давлат тилида ёзилмади?

01.12.2006 18:21 msk

Улуғбек Абдусаломов

Суратда: мақола муаллифи Улуғбек Абдусаломов

Қирғизистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси Жогорку Кенешда қандай қабул қилинганлигига жумҳуриятнинг деярли барча фуқаролари телевидения орқали гувоҳ бўлдилар. Кўпчилик Асосий қонунни мамлакатимизнинг давлат тилида ёзилганлигига ҳатто шубҳа ҳам қилмаган бўлсалар керак. Чунки кейинги даврда мамлакатнинг олий раҳбариятида ва парламентда қирғиз тилини ривожлантириш ва унга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш ҳақида жиддий гап сўзлар бўлганлиги ана шундай мулоҳазани туғдиради.

Нима учун янги таҳрирдаги Конституция давлат тилида ёзилмаганлигига ҳатто масъул шахслар ҳам ойдинлик кирита олмаяптилар. “Фарғона.Ру”да чиққан “Таржима мушкиласи: Қирғизистон янги Конституциясининг матни ҳалигача чоп этилгани йўқ” мақоласида мухбирлар “мурожаат қилган Жўғўрқу Кенеш аппаратидаги масъул ходимлар вазиятни изоҳлашдан бош тортишиб, “отангга бор, онангга бор” қабилида иш тутишди. Аппарат раҳбари Суюнбек Касмамбетов “янги таҳрирдаги Конституциянинг матни аллақачон давлат тилига таржима қилинган”лигини маълум қилди”, дейилади. Шунга қарамай, президент Қурмонбек Бакиев томонидан 9 ноябрдаёқ имзоланган мамлакат асосий қонуни матни ҳалигача матбуотда эълон қилинмади.

Қирғизистоннинг Конституцияси давлат тилида ёзилмаганлигининг ва бугунги кунгача эълон қилинмаётганлигининг сабаби нимада? Бу саволга жавоб бериш учун Конституцияни ислоҳ қилишга бўлган ҳаракат тарихига бир назар солишимиз керакка ўхшайди.

Тил масаласи сиёсатчиларни бошқа нарсалардан кўра камроқ ўйлантиради

Ақаевнинг Қирғизистондан қочишига сабаб бўлган 24 март воқеалари аслида конституциявий ислоҳотларни ўтказишни талаб қилган мамлакат сиёсий элитаси ҳаракати оқибатида юз берганди. Янги сайланган парламент Конституциявий кенгаш тузиб, янги Конституциянинг лойиҳасини тайёрлаганди. Давлат тилида ёзилган бу лойиҳа 2006 йил 17 июнда матбуотда эълон қилинганди. Лекин бу ҳолат президент атрофидаги айрим консерватив кучларга ёқмади, шекилли. Пировардида Конституциявий кенгашга Қ. Бакиев ўзи бош бўлди ва кенгаш таркиби бир неча марта ўзгартирилиб, 350 тадан ҳам кўпайиб кетди. Бироқ тадбир ҳам Конституциянинг янги лойиҳасини тайёрлаш бўйича мақсадни амалга ошира олмади.

Омма ўртасидаги норозилик кучая бошлаши натижасида парламент депутати Азимбек Бекназаров бошчилигидаги комиссия пайдо бўлди. Бу комиссия давлат тилида бошқарувнинг уч шакли бўйича уч хил Конституция ёзиб, уларни матбуотда эълон қилиб, юзага келган тарангликни бироз пасайтирди.

Бу орада сиёсий партиялар ва бош вазир Феликс Қулов ҳам Конституция лойиҳаси бўйича ўз вариантларини таклиф қилдилар. Президент Бакиев эса Қирғизистон Асосий қонунининг йигирмадан ортиқ варианти пайдо бўлганини бир неча бор қайд этганди.

2005 йил 24 мартдан буён орадан бир ярим йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлганига қарамай, Жўғўрку Кенешнинг Тўроғаси (раиси) М. Султановнинг ибораси билан айтганда, “услубий ғализликлари” етарлича ўрин олган янги таҳрирдаги Конституцияни нега шошилиб қабул қилдик? Нега янги таҳрирдаги Конституциянинг матни рус тилида ёзилди ва унга турли такрорлар, бир-бирини инкор қиладиган моддалар кириб қолди? Президентдан олинган ваколатларни энди Бош вазир бажарса, нега янги таҳрирдаги Конституция матнида Бош вазирнинг ваколатлари тўғрисида аниқ бир конституциявий қоидаларни ўз ичига олган моддалар йўқ?

Қиёсий таҳлиллар шуни кўрсатадики, Конституциянинг президент томонидан 6 ноябрда юборилган лойиҳаси Жўғўрқу Кенеш депутатлари томонидан қайтарилгандан кейин Бишкекда сиёсий вазият ниҳоятда таранглашган. Худди шу пайтда спикер М. Султанов ва яна қайсидир «эпчил» сиёсатчиларнинг ташаббуси билан мувофиқлаштирувчи комиссия тузилади. Бу комиссияга ЖКдан 4 депутат, президент томонидан ҳам шунча вакил кирганди. Мана шу комиссия бир кеча-кундуз мобайнида ҳозирги Конституциянинг матнини тайёрлади ва ўзлари қўл қўйишиб, Конституция лойиҳаси сифатида президентга имзо чектириб, Жўғўрқу Кенешга қабул қилиш учун тақдим қилишга муяссар бўлишди.

Парламент эса уни яшин тезлигида қабул қилди. Нега шундай бўлди? Бу ҳодисанинг юз берганлигини ташқи омилларга кўра таҳлил қилганлар: «Сиёсий вазият ёмон эди, ўша куни Конституция қабул қилинмаганида, мамлакатдаги вазият яхшиланиб кетишига ҳеч ким кафолат беролмасди. Конституцияни тез қабул қилишиб, Президент ва Жўғўрқу Кенеш тўғри иш қилишди, Конституциядаги камчиликлар вақт ўтиши билан тузатилиб борилаверади», дейишса, бу воқеанинг ички омилларини, айрим депутатлардаги руҳий ўзгаришларни спикер М. Султановдаги илгари кўрилмаган «фаоллик»ка қараб таҳлил қилаётганлар конституциянинг бундай тез қабул қилиниши омманинг сиёсий тазйиқидан эмас, балки бошқа биз билмаган, бу “операция”нинг иштирокчиларигагина маълум бўлган омиллар таъсири натижасида бўлганлигини тахмин қилмоқдалар.

Спикер М. Султанов нима қилиб бўлса ҳам, мувофиқлаштирувчи комиссия аъзолари ва президент қўл қўйган Конституция лойиҳасининг Жўғўрқу Кенеш томонидан қабул қилиниши учун жон куйдирди. Унинг ҳаракатлари самарали бўлиши учун комиссия аъзоси, Давлат котиби А. Мадумаровнинг ўзи кашф қилган сиёсий ўйинлар заҳирасидан жой олган навбатдаги «от юриши» қулай шароит яратиб берди. Комитетнинг раиси И. А. Масалиев ҳам қандайдир махфий шартномадан хабари бордай, Конституциянинг янги лойиҳасини қабул қилиш жараёнини тезлаштиришга шароит яратди. «Ислоҳотлар учун!» ҳаракатини қўлловчи депутатлар эса конституциявий ислоҳот бўлаётганлигини ҳисобга олишиб, бўлаётган воқеаларни қўллаб-қувватладилар. Қолган ишни спикер М. Султанов охирига етказди.

Бундан ҳамма хурсанд эди. Ҳатто мухолифат тарафдорлари билан президент тарафдорлари ҳам бир-бирларини табриклагандилар. Бунга фақат бир киши – келишув комиссияси аъзоси, парламент депутати Қамчибек Ташиев қарши бўлди.

Ўз обрўси учун яхши бўлмаслигини билса ҳам, Қирғизистон Республикасининг Гимни ижро этилаётган пайтда рус тилида «Позор! Позор!» деб, қўл силтаб, ҳайқириб турди.

Қамчибек Ташиев нимадан норози эди?

Қамчибек Ташиев ўзининг кейинги ҳатти-ҳаракатлари билан ҳам одамларни ҳайрон қолдиришдан тўхтамаяпти. “Общественний рейтинг” газетасига берган ўз интервьюсида у: “Мен бундан кейин ҳеч қачон депутатликка ўз номзодимни қўймайман, деб расмий баёнот бераман. Мен ҳозир парламентни тарқатиш тўғрисида ўйламоқдаман. Агар Жогорку Кенешнинг мана шу таркиби Марат Султанов бошчилигида яна уч ярим йил турса, унда биз бир неча ўн йил орқага кетамиз”, - деди. Унинг бу каби гапларидан комиссиядошлари ёки спикер уни бирор нарсада алдаб қўйган кўринадилар, деган хаёлга борасиз. Ҳар ҳолда, бу ерда қандайдир биз билмаган бир сир бор-да.

24 ноябрда бўлиб ўтган Жўғўрқу Кенеш йиғилишида М. Султановнинг характеридаги ўзгаришлар, А. Келдибеков билан биргаликда депутат О. Текебаевга нисбатан қилган унинг “шиддатли ҳужуми” ҳамда 24.kg ахборот агентлиги сайтида ўша куниёқ берилган “Жогорку Кенешда менга ҳеч кимнинг кучи етмайди”, дея мақтаниши ана шу сирнинг мавжудлигига ишончни орттиради.

Фикримизча, бу сир сиёсатга эмас, балки иқтисодга боғлиққа ўхшайди. Ана шунданми, парламентда юз бераётган ички курашлардан хабардор айрим сиёсий технологлар Жўғўрқу Кенеш депутатларининг фаолиятини “сиёсий онгнинг пастлиги, тор манфаатларнинг ҳимоя қилиниши” каби сифатлашлар билан сифатлаяптимикин?

Янги Конституциядаги услубий ғализликлар ва камчиликларни Жўғўрқу Кенешдаги билимли ҳуқуқшунос депутатлар кўрмаган ва билмайди, деб бўлмайди. Улар лойиҳадаги камчиликларни кўришганлигига шубҳа йўқ. Лекин эски Конституциянинг 96-моддаси 4-бандига мувофиқ Конституцияга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар матни Жўғўрқу Кенешда муҳокама қилинаётган вақтда ўзгартириш мумкин эмаслиги уларни спикерга қарши чиқмасликларига мажбур қилган. Чунки улар бу матнга қарши чиқишса, Конституцияни қабул қилиш масаласи, демакки, демократик ислоҳот, конституциявий қонунга биноан яна бир йил орқага суриларди.

Алатўў майдонидаги вазиятнинг таранглиги ҳамда ҳокимиятдаги айрим сиёсатчиларнинг сиёсий “шабкўрлиги”, яъни ҳокимият учун ҳар қандай ёмон усуллардан фойдаланиши мумкинлиги сабаб бўлиб, ноябрь воқеаларининг интиҳоси қандай бўлиши тўғрисидаги ташвиш ҳам уларни ўйлантириб қўйди. Ана шунданми, улар янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши билан жамият парламент бошқаруви томон катта бир қадам ташлаётганлиги ва яккаҳокимчиликка, олигархияга, коррупцияга зарба берилаётганлиги учун, ҳокимиятдагилар қандай сиёсий савдо уюштирсалар ҳам, қарши чиқмадилар.

Конституциявий ислоҳот юз бераётганлиги ва бундан халқ манфаатдор эканлиги сабабли мухолафат лидерлари ва бошқа депутатларнинг сессияда тутган позицияси республика аҳолисининг кўпчилигига маъқул бўлди. Ана шундай объектив ва субъектив сабабларга кўра давлат тилида ёзилмаган янги таҳрирдаги Конституция яшин тезлигида қабул қилиниб, Президент томонидан имзо чекилди.

Асосий қонун ишлай бошлашини қандай таъминлаш мумкин?

Конституция имзо чекилган кундан бошлабоқ кучга кирган. Аммо бугунги кунда у ишлаяптими? Ҳозирча республика фуқароларининг қай бирисидан сўраманг, “йўқ, ҳамма иш илгариги тартибда кетяпти”,- дея жавоб беради.

Янги таҳрирдаги Конституцияни ўрганган ва уни эскисига солиштирган ҳар қандай маълумотли одам ҳам унинг халқ учун фойдали эканлигини сезади. “Бундан буёғига янги таҳрирдаги Конституциянинг ишлаши учун ким нима қилиши керак?” - деган ҳақли савол кўпчиликнинг хаёлида бор. Шуни таъкидлаш керакки, Конституциянинг тўла ишга киришини таъминлаш оддий халққа боғлиқ иш эмас. Уни тўла ҳаётимизга татбиқ қилиш учун Қирғизистон Республикасининг Жўғўрқу Кенеши, Бош вазири ва президенти жавобгардир. “Унда улар қандай ишларни қилишса, янги таҳрирдаги Конституциянинг қоидалари тезроқ амалга ошади?” - сўрайди қизиқувчилар. Бу саволга қуйидагича жавоб бериш мумкин.

Биринчидан, Жўғўрқу Кенеш Конституция кучга киргандан кейин 6 ойнинг ичида барча конституциявий қонунларни, бугунги қўлланилаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни Қирғизистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси талабларига мувофиқлаштириши керак. Бунинг учун, спикерга кўра, 46 та қонунга ўзгартиришлар киритилиши зарур. Шу билан бирга янги Конституцияда белгиланган ўз ваколатлари ва вазифалари доирасида ўз фаолиятини уюштиришга ўтса, бу ҳаракат қолган ҳокимият шаҳобчаларига ҳам ижобий таъсир қилади.

Иккинчидан, Қирғизистон Республикасининг Бош вазири Жўғўрқу Кенеш билан тез оранинг ичида келишиши керак ва Ҳукуматнинг янги тизимини Жўғўрқу Кенешда тасдиқлатиб, унинг таркибини тасдиқлатиш учун президентга тақдим қилиши зарур. Янги таркибдаги Қирғизистон Ҳукумати республиканинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиши Дастурини ишлаб чиқиб, Жўғўрқу Кенешда тасдиқлатиб, бу Дастурда кўзда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун бутун халқни сафарбар қилиши керак.

Учинчидан, Қирғизистон Республикасининг президенти Қирғизистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси талабларини бажариш учун биринчи галда ўз маъмуриятини тугатиши ва унинг ўрнига президент Аппаратини тузиши керак. Эски Конституция асосидаги президент ваколатларининг кўпчилиги янги Конституцияга биноан Бош вазирга ўтганлиги сабабли, президент ўша ваколатларни, иложи бўлса, расмий равишда ўз эгасига ўтказиб бериши керак. Бу ишни амалга оширганидан президентнинг обрўси тушмайди, аксинча, кўтарилади. Айни пайтда бу янги Конституциянинг ишлаб кетишига бу катта туртки бўлади.