06:10 msk, 20 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Глобализация мевалари. Қарағандада чақалоқларга яна “ғалати” исмлар қўя бошладилар

01.12.2006 15:43 msk

Константин Туманов

Яқинда бир танишим қиз кўрди. Мен уни табриклаб, “Отини нима қўйдинг?” деб сўрадим. У фахр билан “Клементина”, деди. Мен буни кутмаганим учун оғзимга олиб бораётган пиёладаги чойимни тиззамга тўкиб юборибман. Нима ҳам дердик...

Клементина Витальевнанинг отаси бўлган бу танишимдан фарқли ўлароқ менга бу исм эришроқ туюлди. Аммо бу ҳақда бир неча танишларим билан фикр алмашгач, мен Қарағандада охирги пайтларда ота-оналар ўз фарзандларига қадимий, хорижий ёки бутунлай тушунарсиз исм қўя бошлаганларини ҳайрат билан кашф этдим. Бу исмларнинг тушунарсизлиги шундаки, масалан, ҳақиқий исмдаги битта ёки бир нечта ҳарф ўзгариши мумкин. Шу тариқа янги исм ҳосил бўлади. Қарағанда загсхоналарида бундай ҳол анъанага айланиб бораётганини далилловчи бутун бошли исмлар коллекциясини топиш мумкин.

Ғалати исмлар

Марҳамат қилиб айтинг-чи, аёлларнинг Василина деган исми қайси китоб ёки эртакдан олинган? Василисалар бор эди – Оқила, Гўзал ва яна аллақанақадир Василисалар... Лекин Василина деган исмни ҳеч қаерда эшитмаган эканман. Дарвоқе, бунақа исмни қандай қилиб қисқартса бўларкин? Тўғри, Васька деб. Маҳалладаги дўсту дугоналари уни бундай деб чақириши ҳолва. Турмушга чиққанидан кейин эри нима деб чақиради бу қизни? Васенька дебми?.. Хуллас, мен бу қизалоққа ҳавас қилмайман.

Охирги уч ой ичида Қарағандада туғилган болалар рўйхатини кўздан кечирар эканман, мен ана шундай исмлардан бир нечтасига дуч келдим. Аммо ҳатто шуларнинг ичида ҳам Ярославна ва Роллина каби исмлар ғўдайиб ажралиб турибди. Агар Ярославна дегани рус эпосларида бўлганидек ота исми ўлароқ қўйилганда ҳайрон бўлмасдим. Аммо унақа эмас экан, бу исм бўлиб чиқди. Иккинчи мисол эса саксонинчи йилларда жуда оммалашган рок-гуруҳи ёки роликдан бошқа нарсани эслатмади менга. Алфаробий исмли болани ҳам шу тоифага қўшиш мумкин. Бу боланинг ота-онаси, ҳойнаҳой, ўз фарзандларидан кўп нарса умид қилаётган бўлсалар керак.

Қайта тикланаётган исмлар

Турмушнинг кўрсатишича, исмлар бутунлай йўқ бўлиб кетмас эканлар. Улар бир муддат урф бўлиб, кейин йўқолиб кетар эканлар. Бу ҳодисанинг чегарасини, афтидан, ҳали олимлар аниқлаб бермаган кўринадилар. Бироқ бу айланишнинг мавжудлиги ҳамма билади. Мана, масалан, ҳозир Қарағандада Полина, Глеб, Елизавета дея исм қўйилган чақалоқлар пайдо бўлаяптилар. Агата, Илона, Лада исмли қизалоқлар учраяпти. Ёш ота-оналар ўз ўғилларига охирги ўн йилликларда кам қўйилган Алан, Марк, Мирон, Гордей, Трофим, Матвей исмларини қўймоқдалар. Қачонлардир бунақа исмли одамларни ҳамма жойда учратиш мумкин эди, ҳозир ҳам бу исмлар кекса авлод вакиллари ичида кўп учрайди. Иванлар, Колялар ва Петялар эса ҳозир деярли учрамаяпти. Афтидан, уларнинг вақти ҳали келмаган кўринади.

Қадимги исмлар

Қарағанда кўп миллатли шаҳар. Шунинг учун ҳам аллақандай китоблардан “ковлаб топилган” исмлар турли маданиятларга дохил. Уларга қараб ҳатто у ёки бу боланинг қайси миллатга мансублигини ажратиб олса бўлади. Масалан, Инжилда учрайдиган Матфей исмини славянлар қўйгани аниқ. Бейбарис ёки Темурланг исми эса боланинг насабан осиёлик эканини англатади. Исмлар орасида, кўп бўлмаса ҳам, Артемий, Муслим ва Таисия, Тамирис каби отлар учраб туради. Қисқаси, бутун Евроосиё қитъасини тамсил этувчи турли-туман маданиятлар дейсиз.

Хорижий исмлар

Афтидан, Қарағандада хорижий исмлар ҳам кенг кўламда урф бўла бошлаган кўринади. Кейинги йилларда Клементинадан ташқари, Эвелина, Эмилия каби қизлар ҳам кўплаб пайдо бўлган. Эндиликда Доменика деган исм билан яшайдиган қизлар ҳам бор. Агар катта бўлишгач, ўз исмларини ўзгартиришни истаб қолишмаса, албатта. Бу борада ўғил болалар ҳам ортда қолмаяптилар. Масалан, ҳозир Винсентлар, Ричардлар, Симонлар бор. Бу исмларнинг фамилиялар билан унча мувофиқ келмаслиги ота-оналарни тўхтатиб қололмаяпти. Ўз фарзандларига ғарбга хос бунақа отлар қўйган кишилар орасида қозоқлар ва татарлар ҳам бор. Шу билан бирга, славянча фамилияга Осиёда қўлланиладиган исмни тиркаш ҳоллари ҳам учрайди.

Одатий бўлмаган исмли болаларнинг ота-оналари билан суҳбатлашганимдан кейин мен бундай вазиятнинг юзага келишига тараққиёт айбдор, деган хулосага келдим. Юқори тезликка эга транспорт ва телевидениенинг кашф этилиши билан дунёмиз жуда кичрайиб кетди, бу эса одамларнинг космополитлашувига сабаб бўлаяпти. Шу билан бирга, анъаналардан аста-секин аралаш байналмилал маданиятга оғиш жараёни кузатилаяпти. Кўпмиллатли Қарағандада ҳам маданиятлар шу қадар бир-бирига аралашиб кетганки, баъзан бирини иккинчисидан ажратиш маҳол кўринади. Бунга Қозоғистондаги кончилар пойтахтида кўп учрайдиган аралаш никоҳлар ҳам сабаб бўлаяпти. Шу важдан ҳам бугунги кунда бирор-бир қозоқ қаҳвахонада рус миллий таомларидан буюрса, қўшни столдаги славян эса иштаҳа билан корейсча кукси ёки қозоқча қовурдоқ тушира бошласа, бундан ҳеч ким ажабланмайди. Ўз фарзандига севимли актери ёки бошқа миллатга мансуб дўстининг исмини қўйган одамлар ҳақида ҳам шуни айтса бўлади. Ҳозир борган сари кўпроқ одам бунинг ҳеч қанақа кулгили жойи йўқ, дея ўйлай бошлаган.