20:39 msk, 17 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистонга БСТга аъзо бўлиш нима учун керак?

01.12.2006 08:55 msk

Дилором Эркин

Қозоғистон Бутунжаҳон савдо ташкилотига (БСТ) аъзо бўлиш тўғрисида 1996 йилда бошлаган музокараларнинг якуний босқичини бошлади. Ҳозиргача ўн олти давлат билан икки томонлама баённомалар имзоланган, фақат сўнгги икки ой ичидаёқ махсус ишчи гуруҳ БСТга аъзо олти мамлакат – АҚШ, Канада, Бразилия, Тайвань, Швейцария, Австралия ҳамда Европа Иттифоқи билан музокаралар олиб борган.

БСТга аъзо бўлишнинг мусбат томонлари бўлганидек, манфий томонлари ҳам бор. Бир томондан, бу аъзо мамлакатларга арзон импорт жиҳозларга йўл очиб, аҳолининг арзонроқ мол олиши ва хизматлардан фойдалана билишига имкон беради. Лекин бошқа томондан, иқтисодиёт бундан ютишига қарамасдан, айрим соҳалар бундан анчагина зарар кўриши мумкин.

Қозоғистон Бутунжаҳон савдо ташкилотига кирганидан кейин уни нималар кутади? Қатор мустақил экспертлар мамлакатни оммавий талотумлар кутаяпти, деб ҳисоблайдилар. Кичик ва ўрта бизнес вакиллари Қозоғистон бозорига юқори фоизли божхона тўловларисиз, қарийб эркин чиқиш имконига эга бўлган хорижлик ишлаб чиқарувчилар билан бўлажак рақобатга дош беролмай хонавайрон бўладилар. Бундан ташқари, БСТга аъзо бўлиш бозорларга арзон импорт қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг кириб келишига йўл очади. Бу билан эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳали-ҳозир рақобат қилолмайдилар. Ҳойнаҳой, мамлакатда қишлоқ хўжалиги синиб битса керак, бу эса қишлоқдагилар турмуш даражасининг пасайишига ҳамда мамлакатнинг импорт озиқ-овқатларга қарам бўлиб қолишига олиб келади. Совет мактаби доирасида тарбияланган таҳлилчилар кичик ва ўрта бизнес ҳамда қишлоқ хўжалигини йўқ қилиш ҳар қандай мамлакат иқтисодиёти учун хавфли, дея тахмин қиладилар.

Истеъмолчилар импорт моллар кириб келишини шодон олқишлари керакдай, чунки нархлар кескин тушиб кетади, мол тури кўпаяди. Бироқ аҳоли бу серобликдан ҳузур топа олмаса керак: бу молларни фақат янги шароитда пул топа биладиган одамларгина сотиб олишлари мумкин бўлади. Бугунги кунда Қозоғистон аҳолисининг чорак қисми кичик ва ўрта бизнесда ишлайди, мамлакат БСТга аъзо бўлгандан кейин эса, бошқа давлатлар тажрибасида кўрилганидек, уларнинг кўпчилиги хонавайрон бўладилар. Иқтисодий талотумдан омон қолган тадбиркорларнинг янги технологияларни ўзлаштиришларига тўғри келади, бу эса, ўз навбатида, оммавий ишдан бўшатишларга сабаб бўлади.

Қозоғистоннинг етакчи иқтисодчиларига кўра, ҳозирнинг ўзидаёқ ишдан бўшаши мумкин бўлган ишчи кучини қайта тақсимлаш бўйича махсус дастурларни ўйлаб топиш ҳамда хорижлик ишлаб чиқарувчилар экспансиясидан ҳимояланишга муҳтож озиқ-овқатларга юқори нарх белгилаш учун музокаралар жараёнига ўйлаб ёндошиш лозим. Агар бу эҳтиёт чоралари кўрилмаса, оммавий норозиликлардан қочиб қутулиб бўлмайди, деб ҳисоблайдилар таҳлилчилар.

Мисол қидириб узоққа бориб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Бунга жанубдаги қўшни – Қирғизистонни мисол ўлароқ олса бўлади. Қирғизистонликлар БСТга 1998 йилда кирганларига қарамай, мамлакатда айтарли иқтисодий ўсиш бўлгани йўқ. Билъакс, 1998 йил билан солиштирилганда Қирғизистоннинг учинчи мамлакатлар билан бўлган савдо-сотиғи пасайган: 1999 йилда 10,6 фоизга, 2000 йилда эса 5,9 фоизга тушган. Қирғизистон Миллий статистика комитетидан олинган маълумотларга кўра, 2003 йилнинг биринчи ярим йиллигида Қирғизистонда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажми 2004 йил билан солиштирганда 9 фоизга пасайган. 2005 йилнинг бошида 203 та ишлаб чиқариш корхонаси тўла тўхтаб турган. Қурилишга ётқизилган сармоялар ҳажми 17,8 фоизга пасайган.

Буларнинг ҳаммаси, маълум бўлганидек, «зарқалдоқ» инқилоби билан якунланган.

Бироқ Ақаев режимининг ағдарилиши қарийб ҳеч нимани ҳал қилмаган, аксинча, иқтисодий аҳволни янада ёмонлаштирган: 2005 йилнинг биринчи ярим йиллигида инфляция миқдори 4 фоизга етган, озиқ-овқат маҳсулотлари 11,6 фоизга қимматлаган. Қирғизистон ИЯМ ўсиш суръати 2004 йилда 9 фоизни ташкил этгани ҳолда, 2005 йилда у 2,4 фоизгача сусайган.

Baltic Surveys/The Gallup Organization компанияси томонидан АҚШ халқаро республика институти буюртмаси билан ўтказилган миллий ижтимоий сўров маълумотларига кўра, сўралган Қирғизистон фуқароларининг ярмидан кўпи ишсизликни мамлакатдаги асосий муаммолардан бири, деб ҳисоблайди. Респондентларнинг 26 фоизи иқтисодий ривожланиш аҳволидан хавотирда. 21 фоиз одам энг асосий муаммо сифатида коррупцияни кўрсатган. Сўралганларнинг 52 фоизи турмуш даражасининг пастлиги билан, 36 фоизи ишга кириш билан, 21 фоизи уй-жой сотиб олиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келганларини қайд этганлар.

БСТ тарафдорлари буни ўтиш даври, қирғизистонликларнинг миллий менталитети ва мамлакатнинг геоиқтисодий жойлашуви билан изоҳлайдилар.

Жўғрофий омилларнинг мамлакат иқтисодиётига таъсир кўрсатишини америкалик иқтисодчилар Гэллап ва Сакс аллақачоноқ исботлаб берганлар. Тадқиқотлар мамлакатнинг фаровонликка эришишида тропик иқлим, денгизга чиқиш имкониятининг мавжудлиги, қирғоқбўйи минтақасидаги ҳамда денгиздан нарида яшаган аҳоли зичлиги, ривожланган мамлакатлар билан бўлган оралиқ масофа ва ҳ. нақадар муҳимлигини кўрсатган. Аниқланишича, денгиздан узоқда жойлашган ёки денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган мамлакатлар секинроқ тараққий этар эканлар.

Иқтисодий жиҳатдан кучли бўлган пайтда БСТга кирган Хитой эса бундан мустасно. Эътиборли халқаро ташкилотга аъзо бўлиш жараёнини бошлашдан аввал Хитой қарийб 15 йил ўзи учун тўғри келадиган қонун-қоидаларни талаб қилиб савдолашган. Хитойликлар ўзлари учун мақбул қарорга келганларидан кейингина БСТга кирганлар. Осмоности мамлакатининг мақсади американлашувни йўқ қилиб, ҳамма жойга томир отиб олиш эди. Ҳозирги пайтда Хитой қудрати яқин-атрофдаги мамлакатлар бозорларига оммавий экспансия билан хавф солмоқда.

Балки Россия ва Қозоғистоннинг БСТга аъзо бўлиши билан аксилдемпинг чоралари Хитойнинг сифатсиз маҳсулотларини олиб киришни тўхтатар. Аммо бу масаланинг бир томони, холос. Бошқа томондан, Хитой моллари билан савдо қилишга ихтисослашган кўплаб майда савдогарлар ва корхоналари хонавайрон бўлишиб, қашшоқлар ва ишсизлар армиясини тўлдирадилар. Қашшоқлик эса, маълум бўлганидек, инқилобни юзага келтиради.

Европа Иттифоқи мамлакатлари билан музокаралар олиб бораётган қозоғистонлик амалдорлар бу жиҳатларни ҳисобга олаяптиларми? БСТга аъзо бўлишнинг манфий жиҳатлари Қозоғистоннинг президент оиласига яқин одамлар эгалик қилувчи йирик корхоналари учун қўрқинчли эмаслигидан келиб чиқадиган бўлсак, майда тадбиркорлар ҳукумат қўлловига умид қилмасалар ҳам бўлади. Бундан ташқари, Қозоғистоннинг БСТга кириши мамлакат президентининг орзусидаги иш – ЕХҲТга раислик қилиш йўлидаги қадамлардан биридир, деган тахмин ҳам бор. Афтидан, Қозоғистоннинг бу ўринни эгаллаш истиқболи Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ҳамкорлик натижаларига бевосита боғлиқ кўринади.

Бутунжаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш Қозоғистондан миллий қонунчилик қайта кўриб чиқишни талаб этади. Аммо бу қоғоз билан боғлиқ расмиятчилик, холос.