18:07 msk, 21 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда Мустақилликдан кейин биринчи марта ўтказилаётган республика ҳайкалтарошлик кўргазмаси очилаяпти

30.11.2006 15:00 msk

Нигора Ҳасанова

А.Рахматуллаев, Л.Рябцев. Памятник Мирзо Улугбеку
А.Раҳматуллаев, Л.Рябцев. Мирзо Улуғбек ҳайкали. “Фарғона.Ру АА” фотоси
Бугун, 30 ноябрь куни Ўзбекистон Бадиий Академиясининг Замонавий санъат марказида (ЗСМ) Мустақилликдан кейин биринчи марта ўтказилаётган республика ҳайкалтарошлик кўргазмаси очилади.

Маълумки, ҳайкалтарошлик тасвирий санъатнинг етакчи турларидан биридир, аммо кейинги йилларда у Ўзбекистонда рангтасвир санъати томонидан четга суриб қўйилганди. Шунга қарамай, ўзбекистонлик ҳайкалтарошлар ишлашда давом этганлар, ижодий изланишлар олиб борганлар. ЗСМда очилаётган кўргазмага Ўзбекистон ишлаётган турли авлодга мансуб деярли барча ҳайкалтарошларнинг ишлари қўйилган.

Ўзбекистондаги ҳайкалтарошликнинг ҳозирги ҳолати ҳақида биз Бадиий Академиянинг илмий котиби, санъатшунослик доктори Камола Оқилова билан суҳбатлашдик.

С.Шарипов. 1.Алишер Навои. 2.Бехзод.
С. Шарипов. 1. Алишер Навоий. 2. Беҳзод. “Фарғона.Ру АА” фотоси
Нигора Ҳасанова: - Бугунги кунда мамлакатимиз ҳайкалтарошлигида қанақа ижобий ва салбий тамойиллар (тенденциялар) мавжуд?

Камола Оқилова: - Мени Ўзбекистон ҳайкалтарошлигидаги ижодий изланишлар хурсанд қилади. Бу ерда маданий мероснинг ҳам роли катта. Бунга, масалан, ҳуснихат унсурлари ишлатилаётган Саидолим Шарипов ишларини олиш мумкин. Ҳозир анъанавий маданиятни англаш жараёни кетаяпти. Айни пайтда, Марина Бородина каби машҳур ҳайкалтарош ижодида Европа авангарди, постмодерн анъаналарининг ривожланишини кўрамиз. У мутлақо эркин санъаткордир.

Ижодий руҳ эркинлиги, авангард услубидаги экспериментлар, меъморчилик билан синтезга уриниш Дамир Рўзибоев ижодига хос хусусиятдир. Бу санъаткор ижодидаги миллий тарихий-маданий мерос поэтикасини англаш Ўзбекистоннинг замонавий ҳайкалтарошлигида бутун бошли бадиий-услубий йўналишга айланган.

Ж.Куттымурадов. Кто-то стучится в окно…
Ж. Қуттимурадов. Кимдир дераза чертмоқда… “Фарғона.Ру АА” фотоси
Умуман олганда, ҳайкалтарошларимизнинг ижодий изланиш кўлами серқирра ва бу, албатта, кишини хурсанд қилади. Салбий томонларни қидирадиганлар учун эса, ҳайкалтарошларимиз олдида кўплаб мураккаб вазифалар турганини айтмоқчиман. Шаҳарларимизда қад кўтараётган обидалар, моҳиятан, жамиятимиз маънавий ҳаётида, ўзбек халқи маданиятида содир бўлаётган жараёнлар ҳақида хабарчи бўлиб ҳисобланадилар. Шунинг учун ҳам монументал ҳайкалтарошлик жабҳасида ишлаётган санъаткорларга қўйилажак талаблар жуда юксак: бир томондан, уларнинг ишлари масофадан туриб “ўқилиши” керак, бошқа томондан эса, уларда чинакам маънавият унсурлари жо бўлиши лозим ҳамда улар замонавий ҳайкалтарошликка қўйилаётган талабларга жавоб беришлари керак.

Нигора Ҳасанова: - Сиз фақат пойтахтда ижод қилувчи ҳайкалтарошлар исмларини санаб ўтдингиз. Кўргазма ташкилотчилари замонавий ўзбек ҳайкалтарошлигини имкон қадар кенгроқ кўламда тақдим этишни режалагандилар, бу ғояни амалга оширишга имкон бўлдими?

Камола Оқилова: - Қайд этишим керакки, бу кўргазмани ташкил этишнинг ўзи, каталог нашр этиш анча меҳнат талаб қиладиган иш, ахир кўргазма экспозициясида нафақат тошкентлик санъаткорлар, балки академик Жўлдасбек Қуттимурадов каби қорақалпоғистонлик санъаткорларнинг асарлари ҳам тақдим этилган-да. Унинг ишларида кўчманчилар маданиятининг ўзига хос руҳи, қорақалпоқ санъатининг бой тарихий анъаналари акс этган. Шунингдек, кўргазмадан Бухоро, Самарқанд, Сурхондарёдан бўлган санъаткорларнинг ҳам ишлари ўрин олган. Ўйлайманки, бу кўргазма фақат ҳайкалтарошлар ва санъатшунослар учунгина эмас, балки бу санъат тури мухлислари учун ҳам байрамга айланади.