12:43 msk, 16 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Омадли “бегоналар” ўрнаги Россиянинг чекка жойларидаги ичкиликбоз аҳолини унча хурсанд қилмаяпти

30.11.2006 12:19 msk

Юлия Гужвенко

Россиянинг демографик истиқболи жиддий хавотирларга сабаб бўлаяпти. Бу матбуотда, таҳлилчилар ва илмий ҳамжамият томонидан ҳамда энг асосийси, давлат миқёсида муҳокама этилаяпти. Яқин йилларда кутилаётган демографик “чоҳ”ни ёнлаб ўтиб кетиш учун давлат миқёсида ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, туғилишни рағбатлантириш ва ҳаказо дастурлар турмушга татбиқ этила бошланди. Маълумки, мураккаб демографик вазиятдан чиқиб кетишнинг муҳтамал йўлларидан бири собиқ совет республикаларида, жумладан, Қозоғистонда яшаётган аҳолини жалб қилиш бўлиши мумкин.

1999 йилда Қозоғистонда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, республикада рус миллатига мансуб 44796218 киши истиқомат қиларди, бу жами аҳолининг 30 фоизини ташкил этарди. Шу нисбатда республиканинг донор давлат сифатида имконияти анча катта. 1990-2000 йиллар ичида кўчувчи аҳолининг аксар қисми Россиянинг чегараолди ҳудудларига йўналганди. Ана шундай ҳудудлардан бири Қозоғистон Республикаси билан бевосита чегарадош бўлган Олтой ўлкасидир.

Олтойдаги миграцион вазият унинг чегараолди ҳудуди бўлгани билан боғлиқ

Олтойдаги миграцион вазият унинг чегараолди ҳудуди бўлгани билан боғлиқ, ўлканинг иқтисодий тараққиёти эса Сибирнинг бошқа ҳудудлари билан солиштирганда яхшироқ эмас. Совет Иттифоқи тарқалганидан кейин “қозоғистонлик” русларни Олтой ўлкаси, энг аввало, жўғрофий жиҳатдан яқинлиги, иқлимининг ўхшашлиги ва кўчишнинг иқтисодий имкониятлари (уй-жойнинг нисбатан арзонлиги каби) жалб қилган. “Ғарбий Сибирь ҳудудлари Қозоғистон билан миграцион алоқалар тизимида” лойиҳаси доирасида 2003 йилда муаллиф томонидан ўтказилган ижтимоий сўров сўралган муҳожирларнинг 93 фоизи миллий таркибга кўра рус эканини кўрсатган. Респондентларнинг ярмидан кўпи Россия билан бевосита чегарадош бўлган Шарқий Қозоғистон вилояти ва собиқ Семипалатинск вилоятларидан кўчиб ўтганлар. Марказий Осиё аҳолисининг миграцион фаоллиги 1994 йилда авжига чиққан, ўшанда Олтой ўлкасига Қозоғистондан кўчиб келган кишилар сони 24482 тани ташкил этган. 1995 йилдаги маълумотларга қараганда, ўлкага кўчиб келганларнинг 81,5 фоизи рус миллатига мансуб кишилар бўлган.

“Постсовет давлатларидаги муҳожирлик ва янги диаспоралар” тўпламининг муаллифлар жамоаси Қозоғистоннинг миллий-ижтимоий тузилмаси қуйидаги омиллар туфайли кескин ўзгара бошлаганлиги қайд этганлар: қозоқ аҳолисининг тез суръатда ўсиб бориши, республика жанубидаги қишлоқ жойлардан одамларнинг кўчиб келиши, миллий бюрократиянинг кучайиши, давлат аппарати ва халқ хўжалиги етакчи жабҳаларга туб жойли аҳоли вакиллари жалб этилиши, бошқа мамлакатлардан қозоқлар кўчиб келишининг рағбатлантирилиши ва уларнинг “рус” ҳудудларида жойлаштирилиши. Булар ҳаммаси русларни турмушнинг кўблаб жабҳаларидан сиқиб чиқарилишига ҳамда уларнинг республикадан кетиб қолишларига сабаб бўлди.

Встреча земляков
Юртдошлар учрашуви. “Фарғона.Ру АА” фотоси
1990 йилларда Қозоғистондан Барнаулга келиб қолган муҳожирлар ўртасида ўтказилган ижтимоий сўров Россиянинг янги фуқаролари Россия ерига мослашишда дуч келинаётган қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Кўпчилик муҳожирларнинг Олтой ўлкасида қариндошлари ёки танишлари бор.

Ижтимоий сўров чоғида респондентларнинг 11 фоизи ўзлари кўчиб ўтган дастлабки йилларда маҳаллий аҳоли уларга нисбатан салбий муносабатда бўлганларини қайд этганлар. 22 фоизга яқин респондент ўзларига нисбатан бефарқ бўлинган, деб ҳисобласа, 38 фоиз респондентнинг фикрича, атрофдагилар уларнинг келишларини, умуман олганда, ижобий қабул қилган.

Бу тамойилларнинг турмушдаги аксини Қозоғистондан кўчиб келган оила мисолида кўриб чиқиш мумкин.

Қишлоқча мослашув

Бу интервью Олтой ўлкаси туманларидан биридаги Волчиха қишлоғида олинган. Шарқий Қозоғистондаги шаҳарлардан бирида истиқомат қилган Окуневлар оиласи бу ерга 90-йиллар охирида кўчиб келган. Даставвал Волчихага оила бошлиғи Наталья Николаевнанинг катта ўғли кўчиб ўтган. У қаллиғи ортидан бу ерга келиб, унинг оиласи билан бирга яшай бошлаган. Бу ерда уларнинг биринчи фарзандлари дунёга келган.

Катта ўғлидан ажрашни истамаган Наталья Николаевна ўз шаҳридаги уйини сотиб, қари онаси ва иккита кичик боласи билан бирга Волчихага кўчиб келган. Бу ерда у яхшигина уй сотиб олган. Аввалига Наталья Николаевна Барнаулга кўчиб ўтиб, у ерда болаларини олий маълумотли қилмоқчи эди. Аммо, афсуски, у қўлида бор пулига шаҳардан уй олиш имкониятини бой берган.

Волчихада бутун оила жам бўлган: катта ўғил ҳам ўз хотини ва боласи билан Наталья Николаевна сотиб олган уйида яшай бошлаган. Тез орада ўғлининг оиласида яна бир ўғил туғилган. Шу тариқа, уч хонадан иборат битта уйда саккиз киши яшай бошлаганлар.

Бу оила жуда аҳил ҳаёт кечирадилар. Наталья Николаевнанинг қайд этишича, улар кўчиб ўтганларидан кейин қишлоқдаги одамлар янги қўшниларнинг қанақадир жанжал чиқаришларини, муштлашишларини, ўзаро сўкишишларини узоқ вақт кутганлар. Аммо, кўпчиликни ҳайратга солиб, бунақа нохушликлар бўлмаган. Наталья Николаевна кундалик иш фаолиятидан мисол келтиради: “Мен кўчма ошхонада ишлайман, экин-тикин бошланганидан тортиб ҳосил йиғиб олингунича даладаги ишчиларни боқаман. Дастлаб иш бошлаган пайтларимда бирга ишлайдиган маҳаллий аҳоли вакиллари билан тўқнашувлар пайтида улар уятли сўзларни устимга ёғдира бошладилар. Уларга ўзимнинг фақат мумтоз рус тилидагина мулоқот қила олишимни тушунтириб қўйишга ва имкон туғилган пайтларда айнан рус адабий тили билан уларнинг оғизларини ёпишга тўғри келди”.

Наталья Николаевнанинг айтишича, Қозоғистондан келган ҳамюртлар қишлоқ аҳолисининг тақрибан учдан бирини ташкил қилар экан. Қишлоқ катта эканлиги, унинг аввал туман маркази бўлгани, чегарага яқин жойда жойлашгани учун буни тушунса бўлади. Бироқ бу ерда ҳеч қанақа юртдошлик кайфиятлари кузатилмайди, собиқ ҳамюртлар бир-бирларини қўллаб-қувватламайдилар, ҳамма ўз кунини ўзи кўради.

Турмуш тарзидаги фарқлар ва тадбиркорона фаоллик туфайли муҳожирларнинг қишлоқ жойларга ўрнашиб кетиши қийинроқ кечади. Собиқ қозоғистонликлар бир неча йилдаёқ ўзларига уй қуриб олишга, фермер хўжаликларини ташкил этишга ва яшаш шароитини ўнглаб олишга эришадилар. Омадли “бегоналар” ўрнаги Россиянинг чекка жойларидаги ичкиликбоз аҳолини унча хурсанд қилмаяпти, бу эса келгиндиларнинг шароитга мослашувларида қўшимча қийинчиликлар туғдираяпти.

Социологик текширувлар маълумотлари ва муҳожирларнинг оилалари билан ўтказилган интервьюлар янги жойга мослашиш жараёни, энг аввало, маданий-психологик характерга эга бўлган қийинчиликларга дуч келинаётганидан далолат беради. Аммо ёш авлод янги шароитга осонроқ кўника бошлаган. Кўпчилик муҳожирларнинг бу ерга ўтиш баробарида моддий аҳволи ночорлашган ҳамда ижтимоий мавқеи пасайган, аммо уларга кўра, буни вақт ўтиши билан тузатиб олиш мумкин. Бироқ Россиянинг чегараолди ҳудудларида жойлашган шаҳар ва қишлоқларидаги ҳаёт тарзига кўникиш қийин кечаяпти. Ҳатто миллати рус бўлган кишилар учун ҳам.