08:35 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистон ўралманлари ёки тарихий ватанига қайтаётган қозоқларнинг қувончу ташвишлари

29.11.2006 21:41 msk

Меҳрибон Бекиева

Чубарсу овули - ўралманларнинг кичик мамлакати

Чимкент шаҳри яқинидаги Чубарсу овулида ўн тўрт минг аҳоли яшайди. Овул аҳлининг барчаси ўралманлар. Уларнинг саксон фоизи Ўзбекистондан кўчиб келишган. Овул аҳолиси этник ватанларига қайтганларидан хурсанд. Айниқса, ўралманлар фарзандларининг она тилида билим олишларидан мамнун. Овулдаги иккита мактабда қозоқ тилида таълим берилади.

Шўлпон опа кўп болали оиласи учун давлатдан 5000 АҚШ долларига яқин ёрдам пули олди. Бу маблағга овулдан уй сотиб олишди. Эндиликда хўжалик ишларини йўлга қўйишаяпти. Беш нафар боласи учун ҳар ойда оладиган 20 000 танга (160 АҚШ доллари) ёрдам пули ҳисобига тирикчилик қилишади. Шўлпон опа Ўзбекистонга нисбатан бу ерда моддий жиҳатдан анча яхши яшаётганларини айтади. Улар уйи ёнида кичик дўконча очиб, озиқ-овқатлар савдоси билан ҳам шуғулланишади. Дўкончадан тушадиган фойдани фарзандлари келажаги учун жамғариб қўйишмоқда.

Овул аҳолиси ўралманларга ҳукумат томонидан эътибор яхшилигини айтишади. Ўралманлар ўзаро иноқликда яшайди. Қозоқча урф-одатлар, миллий қадриятлар ва анъаналарга амал қилишади.

Шу пайтгача Жанубий Қозоғистонга 124 минг ўралман кўчиб келди.

Ўралманлар “тарихи”

Қозоғистон ҳукумати бутун дунёдаги қозоқ миллатига мансуб кишиларни тарихий ватанига қайтиши учун имконият яратаяпти. Айни пайтда Қозоғистондан ташқарида беш миллионга яқин қозоқлар яшайди. Дунёнинг 39 мамлакатида қозоқ диаспораси мавжуд. Жумладан, Хитойда икки миллионга яқин, Ўзбекистонда бир миллиондан зиёд, Россияда бир миллионга яқин, Туркманистонда юз минг, Мўғулистонда 80 мингга яқин қозоқ яшайди.

Қозоғистонга илк бор 1991 йилда Мўғулистондан 97 нафар хорижий қозоқ меҳнат шартномаси билан келди. 1993 йилдан бошлаб хорижий қозоқлар учун ҳукумат томонидан махсус квота белгиланди. Дастлаб йилига ўн минг оила учун квота ажратилди. 90-йилларнинг ўрталарида мамлакатдаги иқтисодий муаммолар сабабли хорижий қозоқларга ажратилган квота 500 оилага қисқартирилди. Сўнгги уч-тўрт йил ичида Қозоғистонда ижтимоий-иқтисодий аҳвол анча яхшиланди. Шундан кейин Қозоғистонга келаётган хорижий қозоқлар сони ҳам кескин кўпайди. Қозоғистон Президентининг махсус фармонига кўра, 2005-2007 йиллар мобайнида ҳар йили ўн беш минг хорижий қозоқ оиласига квота белгиланди. Лекин Қозоғистонга кўчиб келишни хоҳловчи қозоқлар сони бундан уч баробар кўп. Айни пайтда йилига 45 минг қозоқ оиласи кўчиб келиш тарадудида.

“Бироқ қозоқ ҳукуматининг моддий имкониятлари уларнинг барчасини таъминлашга етмайди”, - дейилади расмий маълумотларда.

Ҳозиргача Қозоғистон 500 мингга яқин ўралманни, яъни, 150 минг хорижий қозоқ оиласини қабул қилди. Улар асосан, Ўзбекистон, Қирғизистон, Хитой, Мўғулистон ва Туркманистондан келган. Шу пайтгача Қозоғистонга кўчиб келган жами хорижий қозоқларнинг 60 фоизи Ўзбекистондан келишган.

Этник ватанига қайтган хорижий қозоқларга ўралман мақоми берилди. Ўралман - янги жойга “ўралиб” кетиш маъносини билдиради. Ўралманларга ҳукумат томонидан махсус квота ажратилди. Қозоғистон Республикасининг «Аҳоли миграцияси» тўғрисидаги қонунига кўра, квота олган ўралманларга ёрдам пули, турар жой, транспорт харажатлари тўланади. Ишга жойлаштириш каби бир қатор имтиёзларга эга бўлишади. Шунингдек, ўралман оиласининг ҳар бир аъзосига юз минг танга (800 АҚШ доллари) миқдорида пул берилади.

Маҳаллий кузатувчиларнинг фикрича, Қозоғистон мустақил бўлгач, мамлакатдаги минглаб руслар ва бошқа миллат вакиллари кўчиб кетишган. Ҳукумат эса улар ўрнини ўралманлар билан тўлдиришни маъқул топган. Ўша пайтда кўчиб келишни хоҳловчи хорижий қозоқларнинг бу қадар кўпайиб кетишини ҳукумат ўйламаганди, дейди кузатувчилар. Йилдан йилга хориждан қозоқларнинг оммавий кўчиб келиши кўпайиб бормоқда. Айниқса, ўзбекистонлик қозоқлар Қозоғистонга кўчишни хоҳловчилар орасида кўпчиликни ташкил қилади.

Аминбар момонинг орзуси ёки ўралманлар нимадан хафа...

76 ёшли Аминбар Шамбаева Ўзбекистоннинг Навоий вилоятидан. Уларнинг турар жойлари вилоятнинг чўл ҳудудида жойлашган. Цивилизациядан анча йироқ бўлган бу қишлоқ аҳолиси замонавий шароитларда яшашни фақатгина орзу қиларди холос. Бунинг устига ўтган асрнинг 90-йилларида қишлоқда сувсизлик муаммоси пайдо бўлди. Бу эса аҳолининг муаммолари янада кўпайишига сабаб бўлди. Аминбар момонинг тўрт фарзанди, ўндан зиёд неваралари ёлғиз момонинг пенсия пули ҳисобига кун кечирарди. Неваралар улғайган сари оилада иқтисодий муаммолар авж олиб борди. Уларни уйлантириш, уйли-жойли қилиш масаласи оиланинг асосий муаммоларидан бири эди. Ишсизлик боис қишлоқ аҳли ижтиомий – иқтисодий муаммолар гирдобида яшашга маҳкум эди. Шу орада Қозоғистон ҳукумати хорижий қозоқлар учун этник ватанларига қайтиш имконини яратди. Аминбар момо бу хушхабарни эшитиб жуда севинди. Улар биринчилардан бўлиб, Қозоғистонга кўчишга қарор қилишди.

Аминбар момо оиласи Жанубий Қозоғистоннинг Сайрам қишлоғидан қўним топди. Шунга ҳам ўн йилдан ошибди. Аминбар момо ўша пайтларни эслаб чуқур ўйга толади. Бу сукунат хурсандликми ёки ташвиш белгиси?

Аминбар момонинг Қозоғистондаги ҳаёт тарзи билан танишамиз. Аминбар момо оиласи Сайрам қишлоғидаги ташландиқ бинолардан бирида яшайди. Бу бинолар бир пайтлари силга қарши кураш диспансери бўлган. Диспансер кўчирилгач бинолар бузилиши лозим эди. Лекин ўн йилдирки, бино ўралманлар учун бошпана вазифасини ўтамоқда. Бу ерга Ўзбекистоннинг Навоий вилоятидан кўчиб келган яна 28 қозоқ оиласи жойлаштирилган.

Биз ўралман оилалари ўта ночор аҳволда яшаётганига гувоҳ бўлдик.

Навоийлик Олтиной Жўжиева оиласи билан Сайрамга кўчиб келганига етти бўлди.

“Бу ерда яшаш, айниқса, қиш пайтлари хавфли. Ёғингарчилик кўп бўлса уйлар қулаб тушиши мумкин ёки том босиб қолиш хавфи бор. Етти йилдан буён доимий хавотирда яшаяпмиз”, - дейди О. Жўжиева.

Ойгул Абилова ҳам Навоий вилоятидан. Улар оиласи билан бундан саккиз йил аввал Сайрамга кўчиб келишган. Унинг айтишича, дастлабки пайтлари болаларнинг мактабда ўқиши муаммо бўлган. Сайрамда қозоқ мактаби бўлмагач бир неча йил давомида болалар қўшни қишлоқдаги мактабга қатнашга мажбур бўлишган. Йўл узоқлиги боис қиш ойлари болалар умуман мактабга ҳам боришмаган. Кейинчалик қишлоқ ҳокимлигига мурожаат қилиш орқали ўзбек мактабларидан бирида қозоқ болалари учун махсус синф ташкил қилинди.

Аминбар момонинг айтишича, Қозоғистон ҳукумати томонидан ўралманлар учун ваъда қилинган шароитлар айни пайтда мавжуд эмас. Онахоннинг оиласи ўралманларга ажратилган квота пулини олган. Бироқ бу маблағ уй харид қилишга етмаган.

Кузатувларга кўра, ёрдам пулини олиб ҳам уйсиз яшаётган ўралманлар кўпчиликни ташкил қилади. Сайрамга қўшни бўлган Оқсувкент қишлоғидаги ташландиқ бинолардан бирида ҳам Ўзбекистондан кўчиб келган 15 қозоқ оиласи яшайди. Икки қаватли бу бино бир пайтлари билим юртининг ётоқхонаси бўлган. Бинонинг деразалари йўқ, борлари ҳам синиқ бўлиб, совуқ кунлари бу ерда яшаш жуда мушкул.

“Лекин чидаб яшаяпмиз”, дейди бу ердаги ўралманлар. Ўн бир фарзанднинг онаси 65 ёшли Гулшан Сафарбоеванинг айтишича, тўрт йилдан буён жуда ночор аҳволда яшашаяпти. Улар ҳам квота пулини олишган. Бироқ бу пул уларнинг уй сотиб олишларига етмаган.

Маълумотларга кўра, мамлакатдаги ўралманларнинг аксарияти ишсиз. Мутахасислиги бўйича иш топиш амри маҳол. Кўпчилик ҳолларда рус тилини яхши билмасликлари иш топишларига тўсқинлик қилади. Аминбар момонинг фарзандлари хам Қозоғистонга келиб иш топишмаган.

“Ўғилларим мардикорлик орқали рўзғор боқишаяпти. Улар фақат кундалик озиқ овқатгагина етадиган пул топишади. Мен ҳали Қозоғистон фуқаролигини олмаганим учун пенсия пули беришмайди”, - дейди онахон.

Ўтган йили Оқтов шаҳрида Мўғулистондан келган бир ярим минг ўралман ишсизликдан шикоят қилиб митинг ҳам ўтказган эди.

Аксарият ўралманлар ёз ойларида мавсумий ишларда ишлаб маблағ тўплашади ва қиш бўйи шу маблағ ҳисобига кун кечиришади. Ўралманлар тирикчилик учун турли ишларни қилишга мажбур бўлишмоқда. Ғалам исмли ўралманнинг айтишича, темир парчаларини йиғиб топшириб пул олади ва шуни хисобига яшайди.

Қозоқ мухолифатчиларидан бири Анвар Муҳаммедовга кўра, хорижий қозоқларнинг барчаси ҳам Қозоғистонда кўнгилдагидай яшаш бахтига муяссар бўлмаяпти. Ўралман мақомини олган хорижий қозоқларнинг қайтиб кетиш ҳолатлари ҳам учраяпти. Норасмий маълумотларга кўра, Мўғулистон, Россия ва Ўзбекистондан келган ўралманлар орасида қайтиб кетиш ҳоллари кўп. Қозоғистон қонунчилигига кўра, ўралманларнинг қайтиб кетишини таъқиқлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Улар Қозоғистонда яшашга мажбур қилинмайди. Уларга тўланган харажатлар ва квота пуллари ҳам қайтариб олинмайди.

Аминбар момо ҳам қайтиб кетиш масаласини ўйлаб кўрган. Лекин қандай тўхтамга келганини сир сақлашни маъқул топди. Айни пайтда онахоннинг ягона орзуси уйини иситиш учун ўтин топиш. Ўғиллари қўлбола ўчоқ ясашган. Қиш ойлари шуни иситиш орқали кун кечиришади. Аминбар момо ҳар куни эрталаб далага чиқиб кетади. Ўтинга пул йўқлиги боис даладан мол тезакларини териб келади.