08:08 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тўйлардаги раққосалар турмуши қийин

29.11.2006 19:44 msk

Ўз ахб. (Бухоро)

Ўзбекистонда тўй мавсуми деярли йил бўйи давом этади. Фақат муқаддас Рамазон ойигина бундан мустасно. Тўй тантаналари ёз ва куз ойларида авжига чиқади. Июнь ойидан бошлаб тўйларда хизмат қиладиган артистларда буюртмалар сони кескин ошиб кетади. Табиийки, бирорта тўй ҳам раққосаларсиз ўтмайди.

22 ёшли Мадина олти йилдан буён тўйларда рақсга тушади. У чиройли, хушқомат, шодон қиз. Аммо унинг иши ҳақида гап бошласангиз, унинг кўзларидаги ўйноқи ўт сўнгандек бўлади.

- Ҳамма менга касбимга қараб баҳо беради. Раққоса бўлганидан кейин суюқ бўлса керак, деб ўйлайдилар, - дейди ҳасрат билан Мадина. – Ахир мен ҳам ўқишни, яхши жойларда ишлашни, оила қуришни хоҳлардим.

Қиз 16 ёшида етим қолган. Яқинларидан фақат гиёҳванд акасигина қолган бўлиб, уни ҳам ўғирлик қилгани учун тез орада қамаб қўйганлар. Мадина мустақил ҳаёт бошлашга мажбур бўлган. Маҳаллий гуруҳ раҳбарининг кунига ўн доллардан пул ишлаш бўйича жозиб таклифи унинг тўй раққосаси бўлиш қарорига сабаб бўлган.

- Мен олдимда танлаш имкони йўқ эди, деб айтолмайман, - дея эслайди Мадина. – Аммо ўша пайтда жуда чорасиз қолгандай эдим. Мен ўзим ёлғиз қолдим, қариндошларимиз бизга аввал ҳам ёрдам бермасдилар. Онам бизни бировларнинг кўмагисиз ўстирган, отам мен уч ёшга кирганимда бизларни ташлаб кетган. Акамга суяниш ҳам имконсиз эди: у банг сотиб олиш учун уйдаги бор нарсани сотиб битирди. Бирор ерга ўқишга киришга эса умид қилмасдим. Мен бойвучча эмасман-ку, бизда бўлса ҳамма жойда пора талаб қилишади. Энди эса шунақа ҳаётга чидашга тўғри келаяпти.

Одамларнинг кўпчилиги тўй раққосаларини “суюқоёқ аёл” деб ҳисоблайдилар, шу сабабли ҳам Мадинанинг кўп нарсаларга – таънали нигоҳлар, томошабин аёлларнинг ҳақоратлари, эркакларнинг шилқимликларига чидашига тўғри келган.

Тўйдаги раққосанинг роли иложи борича кўпроқ томошабинларни ўзига ром қилишу улардан кўпроқ пул ундиришдан иборат. Бунинг учун раққосалар танасидаги жамики аъзоларини бетўхтов ликиллатиш, мафтункор табассум ҳадя этишу қош учириб, муқом қилишга тайёрлар. Уларнинг ҳаракатлари, биринчи навбатда, эркакларга қаратилган. Бу каби қилиқлар кўпинча тўйда ҳозир бўлган аёлларнинг ғазабини қўзғатади, улар бунақа пайтларда раққосаларни ҳақоратомуз сўзлар билан “сийлайдилар”.

- Ҳозир бунақа аёлларга эътибор бермай қўйганман, - дейди Мадина. – Менинг мақсадим битта – у ҳам бўлса кўпроқ пул йиғиш. Менга тўйда қанча пул тушишига қараб ҳақ берадилар.

Раққосанинг улуши ҳақиқатан ҳам тўйда гуруҳга тушган пулга боғлиқ. Инсофлироқ гуруҳ раҳбарлари пулни тенг тақсимлайдилар. Аммо шунақа ҳоллар ҳам бўладики, раққосага қолганлардан камроқ пул тегади.

Тўй раққосаларининг умри қисқа. 35 ёшдан кейин улардан кимдир қўшмачига айланади, кимдир сотувчилик ёки чеварлик каби бошқа касбга ўтади, бошқалар эса умуман даромадсиз қолиб, мардикорликка чиқиб кетадилар. Омади чопганлари оила қурадилар ва ўзларининг баъзан хавфли, баъзан қувноқ, лекин, бу ердаги аҳлоқий меъёрларга кўра, уятли ҳисобланадиган ҳаётларини умрбод эсдан чиқариб юборадилар.

Мадина ўзининг раққоса сифатида керак бўлмай қолганидан кейин нима билан шуғулланиши тўғрисида ҳозирча ўйлаётгани йўқ. Ҳозирча у ёш, тўйлар кўп, бу эса пул ва шуҳрат бор деганидир.