19:46 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Сурхондарё воҳасидаги қадамжолар ўз сирларини тўлалигича очмаган

29.11.2006 18:30 msk

Андрей Кудряшов (Термиз)

© Фарғона.Ру фотоси

Илк ўрта асрларда кўҳна Сурхондарё воҳаси ўзига хос маданият даврига қадам қўйиб, мозийда ўтган буюк файласуфлар, шиорлар, уламолар номи билан боғлиқ ажойиб меъморчилик обидаларини қолдирган. Бу обидалар шу кунгача ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Уларнинг энг йириклари ҳозирги Термиз шаҳри чеккаларида жойлашган Ҳаким ат-Термизий мақбараси, Султон Саодат мақбараси ва Қирққиз қалъаси бўлиб, улар ҳалигача қадим афсоналар ва сирлар ҳалқаси билан ўраб олинган. Фарғона.Ру ахборот агентлиги ва «Uzbekistan for You» саёҳат агентлигининг қўшма экспедицияси илмий ва хоссатан, диний ҳақиқатларга эгалик даъво қилмаган ҳолда, бу ажиб жойлар ва улар билан боғлиқ бўлган ривоятлар юзасидан ўз тадқиқотини ўтказган.

ТЕРМИЗЛИК ДОНИШМАНД ҒОР РОҲИБЛАРИ БИЛАН СУҲБАТЛАШГАНМИ?

Ривоят қилишларича, Ҳаким ат-Термизий (термизлик донишманд) мулаққаб Муҳаммад Бин Али Абу Абдуллоҳ туғилишидан аввалроқ кўҳна шаҳар яқинида Илёс пайғамбар номи билан боғлиқ Зул-Қифл қадамжоси мавжуд бўлган экан. Афсонага кўра, авлиёлардан бири ўлимидан сўнг ўз жасадини сандиққа солиб, Амударёга оқизиб юборишни васият қилган экан. Аммо қабиладошлари унинг васиятини бажо келтирганларидан кейин сандиқ уларни ҳайратга солиб, оқимга қарши сузиб кетган экан. Эртаси куни сандиқ Термиз шаҳри яқинида дарёнинг ўртасида тўхтабди ва ўша заҳотиёқ дарё қумларидан орол пайдо бўлибди. Бу оролни Ороли Пайғамбар деб номлабдилар. Кейинчалик бу оролга ҳалифа Аббоснинг саркардаларидан бири иззат-икром билан дафн этилибди. Аммо унинг қамишлар ва қум барханлари ичидаги қабри узра тикланган мақбара одамлар хотирасида ҳазрати Илёс мозори сифатида қолиб кетган экан.

Аксакал-паломник
Зиёратчи оқсоқол
Марказий Осиёнинг қадимдан ривожланган бошқа жойларида бўлгани каби одамларни Ислом динига киритиш фақат қилич, ҳаққоний даъват ва жизъя билангина ҳал этилмаган. Тез орада бу ерларда одамлар орасида Исломни ёйган авлиёлар ва даъватчилар номлари билан боғлиқ қадамжолар пайдо бўла бошлаган. Улар шунчалик кўпайганки, ҳатто фақат Аллоҳгагина сажда қилишга рухсат бериб, Маккадаги Каъбатуллоҳдан бошқа ерга зиёратга боришни маън этувчи мусулмон дини ичида ҳам маълум тафовутлар юзага келган. Аммо чинакам тавҳид ҳамда халқнинг мозорларни муқаддас билиш одати ўртасидаги бу тафриқа ат-Термизий каби илк ўрта аср уламолари томонидан ўринли ва тўғри ҳал этилган.

Муҳаммад Бин Али Абу Абдуллоҳ кичкиналигидан диний ва дунёвий илмларга рағбатли бўлган. У саккиз ёшидан бошлаб Қуръони Карим ва бошқа исломий илмларни ўрганиб, ўша давр учун анъанавий таълимни олган. У 28 ёшида Ҳажга боради. Ҳаж зиёратига Хуросон ва Бағдод орқали ўтаркан, у замонасининг кўзга кўринган сўфийлари билан учрашган ва ватанга қайтгач, бегона кўзлардан ҳоли бўлган чекка жойларда зуҳду тақвога майл қўйган.

Мавзолей Хакима ат-Термези
Ҳаким ат-Термизий мақбараси
Муҳаммаднинг тақвию тоати ҳамда руҳоний изланишлари унинг диндор тенгдошлари ўртасида ҳурмат қозонишига сабаб бўлган, натижада унга эргашадиган содиқ шогирдлар гуруҳи шаклланган. Аммо Парвардигор ато этган неъматлардан ихтиёрий равишда воз кечган зоҳид шаҳар руҳоний раҳбарларининг аччиғини чиқарган, чунки ўша пайтда ортодоксал руҳонийлар сўфийликка эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлардилар. У уламолар мазаммати хавфи остида Термиздан аввал Балхга, кейин эса бир маҳаллар Умар Хайёмга бошпана берган Нишопурга кетишга мажбур бўлган. Ўзининг диний асарлари ва тақводорларча кечирган ҳаёти билан шуҳрат тутган Ҳаким ат-Термизий фақат умрининг охирига келибгина ватанга қайтишга муваффақ бўлган.

Ўша пайтда у бутун мусулмон оламида буюк муҳаддис олим сифатида шуҳрат тутганди. Бундан ташқари, ат-Термизий тасаввуфнинг буюк устозлари тазкирасини тузган биринчи мусанниф бўлган ҳамда тасаввуф амалиётига дохил 80 га яқин асар битган. У тарих ва табиий фанларнинг турли масалалари юзасидан ёзилган бир неча юз қўлёзмаларнинг ҳам муаллифи бўлиб ҳисобланади.

Мавзолей Хакима ат-Термези
Ҳаким ат-Термизий мақбараси
Тахминан 869 йилда вафот этган Ҳаким ат-Термизий мақбараси унинг вафотидан бир аср ўтгач, эски Термизнинг шимолий-ғарбида қад ростлаган. Бу пишиқ ғиштдан қурилган, унча баланд бўлмаган тўртбурчак бино бўлиб, унинг ичида ганчланган масжид бор. Оқ мармардан ўйиб ишлаган ва араб тилидаги ёзувлар билан қопланган қабр тоши қуёш нурлари билан ёритилган чуқурликда жойлашган. Мақбара олдида ертўлага тушадиган жой бўлиб, ривоятларга кўра, у ерда ҳакимия ёки ҳақиқия тариқати муридлари зикр-само билан машғул бўлганлар.

Мақбарадан сал нарироқда VII аср ўрталаригача фаолият юритган буддавийлар ибодатхонаси жойлашган Қоратепа тепаликлари кўриниб туради. Донишманд ўз замонасида ғор ибодатхонасида бўлиши мумкин бўлган бирор-бир буддавий билан учрашганмикан? Бу сирлигича қолмоқда. Аммо ўз даврининг энг ўқимишли кишиларидан бири сифатида у қўҳна мистик таълимотларга қизиққан бўлса керак.

СУРХОНДАРЁ БЎЙИДАГИ ҚАДАМЖО

Усыпальница Султан-Саодат
Султон Саодат мақбараси
Зиёратчилар қадрлайдиган яна бир қадамжолардан бири Султон Саодат мақбарасига Термиз шаҳрига кираверишда дуч келасиз. Ғарбдан шарққа томон 70 метрга чўзилган бу меъморий мажмуада номи Ислом ва давлатчилик тарихидаги қизиқ бир давр билан боғланган Саид Ало ал-Мулк мақбараси асосий ўрин тутади. Айрим маълумотларга кўра, тахминан 1230-38 йилларда барпо этилган бу мақбарада Муҳаммад Хоразмшоҳ мўғул истилосидан сал олдинроқ барча мусулмонларнинг раҳбари дея эълон қилган Саиднинг ҳоки ётибди.

XIII асрда Хоразмшоҳлар давлати Хоразмни вайрон қилган Чингизхон томонидан йўқ қилинган.

1220 йилда мўғуллар Сурхондарёдан ўтиб, Эски Термизни бутунлай вайрон қилганлар. Аммо орадан ўн йил ўтгач, Ало ал-Мулк мақбараси қурилиб, унинг ёнида янги шаҳар қад ростлай бошлаган. Шундай қилиб, “Мадинатур-рижол” (“Эрлар шаҳри”) унвонига эга бўлган Термизнинг икки авлиё ҳомийси – Ҳаким ат-Термизий ва Султон Саодат бор.

Крепость Кырк-кыз
Қирққиз қалъаси
Султон Саодат мақбарасидан сал нарида Қирққиз деб номланган ўрта аср қалъаси вайроналари жойлашган. Афсоналарга кўра, уни маҳаллий султоннинг қирқта жасур қизлари мўғуллардан ҳимоя қилганлар. Улар ўз хизматкорлари билан юз кун давомида ёвуз мажусийларга қарши курашганлар ва таслим бўлмай, жангда ҳалок бўлганлар. Бироқ археологлар бу қалъанинг Х асрда қурилганлиги айтадилар. Баъзи манбаларда эса Қирққиз қалъаси... ибодатхона сифатида зикр этилади.

ЖАРҚЎРҒОН МИНОРАСИ ВА ИСКАНДАР КЎПРИГИ

Агар Термиздан Деновга қараб юриладиган бўлса, ўрта аср тарихига дохил ўзига хос обидаларни кўплаб учратиш мумкин. Улар орасида Жарқўрғон шаҳридаги минора алоҳида ўрин тутади.

Минарет в Джаркургане
Жарқўрғондаги минора
Жарқўрғондаги минора султон Санжар амри билан барпо қилинган. Бунда салжуқий ҳукмдорнинг кўплаб унвонлари нақшинкор деворларда ўйиб ёзилган.

Темурийлар даврида барпо қилинган Самарқанддаги ва Шаҳрисабз машҳур обидаларидан фарқли равишда Жарқўрғон минораси рангин сопол парчалари билан безатилмаган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, даставвал минора икки баробар баланд бўлган.

Жарқўрғондан шимолроқда XVII аср ўрталарида бинокорлар томонидан қурилган узуни етмиш метрлик ва эни олти метрлик ажойиб кўприк бор. Бу йўлдан қадимда македониялик Александр ўтгани учун кўприк қурувчилари бу иншоотни Искандар кўприги дея номлаганлар.

Мост Искандера
Искандар кўприги
Кўприк Бандихонсой ирмоқлари устида қурилган. Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида Деновдан Термизга олиб борувчи автойўлни қурган совет қурувчилари кўприкнинг баъзи жойларини мустаҳкамлаганлар, обиданинг бузилиб кетишини олдини олиш учун унинг четларини бетонлаганлар. Афсуски, шу кунларда кўприк тагига қурилиш чиқиндилари ва маиший ахлатларни ташланаяпти. Аммо бу ёввойиликдан ҳам иншоот ўз гўзаллигини йўқотгани йўқ.

Замонавий йўлдан юз метрча ичкариласангиз, Сурхон даштининг чангу аччиқ кўкатлар таъмини ташувчи шамоли юз-кўзингизга урилиб, сизни ҳозиргача сақланиб қолган ўтган асрларга хос нафасига ошно этади.