06:03 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Андижонда диний чекловлар кучайтирилмоқда

28.11.2006 15:51 msk

Ўз ахб.

74 ёшли Раҳмонжон тоға Андижон шаҳрида яшайди. У, икки йилдирки, касаллик туфайли тўшакка михланиб қолган. Уйи масжиднинг орқа томонида бўлишига қарамай тенгқурлари қатори намозга чиқа олмаётганидан ўксинади. Бироқ синфдоши Турсунбой ота азон чақириши билан ўтирган жойида таяммум олиб, ибодатини адо этишни канда қилмайди. Яқиндан буён Раҳмонжон тоға масжиддан азон товушини эшитмайди.

- Аввалига ҳайрон бўлдим, кейин билсам, янги ҳоким шундай қарор чиқарибди. Энди масжидларда азон чақирилмас эмиш. Бир неча йил аввал масжидларда микрофонда халойиққа эшиттириб азон айтиш таъқиқланганди, энди умуман азон эшитилмайдиган бўлди.

Шу йил 13 октябрь куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари Андижон вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида республика президенти тавсияси билан Аҳмаджон Туғилович Усмонов вилоят ҳокими этиб тайинланган эди. Ўтган давр мобайнида Андижонда янги ҳоким томонидан бир қатор диний чекловлар жорий қилинди.

Энг аввало масжидларда азон чақирилмайдиган бўлди. Шаҳарликлар аввалига микрофонда азон айтилиши қайтадан таъқиқланди деб ўйлашган эди. Бироқ энди умуман азон чақирилмаслигини эшитиб, кўпчилик ҳайрон бўлмоқда.

- Масжидларда назорат кучайтирилган, - дейди Азимбой Тўлаганов. – Балоғатга етмаган болалар масжидга киритилмаётир. Намозни, Қуръони Каримни ёшлигидан ўрганмаса, яна қачон ўрганади болалар? Катта бўлганда ўргангани эсидан тез чиқиб кетади-ку! 70 йил бизнинг кофирлашганимиз етарли эмас-ми?

Айни кунларда Андижон турфа қарорлар, фармонлар оғушида. Баъзи қарорлар кишиларни ажаблантирса, баъзилари халқнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Кейинги йилларда шаҳар аҳолиси орасида Ислом динига нисбатан эътиқод кучайган. Тўйларда спиртли ичимликлар қўйиш, келин-куёвларнинг столга чиқиб ўтириши каби анъаналар барҳам топди. Унинг ўрнига қори домланинг қироати, маърузали тўйлар урф бўлди. Аммо янги ҳокимнинг буйруғига кўра, энди маъруза ўқитиб тўй қилиш таъқиқланади. Шундай тўй-маросим ўтказган шахсларга 500 минг сўм миқдорида жарима белгиланди.

- Бу очиқдан-очиқ тазйиқ, Инсон Ҳуқуқларини поймол қилиш, - дейди юрист Д. Р. - Конституцияга кўра, фуқаролар диний эркинликларга эга. Жумладан, ўз тўйини қандай ўтказиш, маъруза биланми, отарчи биланми, кишининг шахсий иши. Болалигидан тақво йўлини тутган шундай оилаларимиз борки, улар ўлиб қолса “қизил тўй қилмайди. Ҳоким юритаётган бу сиёсат - Ислом динига қарши кураш. Назаримизда, ҳоким динга қарши уруш эълон қилганга ўхшайди”.

Шу кунларда Андижонда яна бир янги қарор кучга кира бошлади. Ишхоналарда намоз ўқиш таъқиқланди. Андижон Давлат Тиббиёт институти клиникаси фарроши Р. О. нинг айтишича, клиника бўлимларидаги намозхоналарни ёпиш ҳақида бош врач буйруқ қилган.

- Беш вақт намозимни канда қилмасдим, ахир ёшимиз ҳам бир жойга бориб қолди, - дейди Р. О. - Иш деб намозни ташласам гуноҳ бўлади. Намозни ташламасам, ишдан ҳайдалишим мумкин. Унда болаларим оч қолади. Тўғриси, ҳозир эрта-ю кеч ҳокимни қарғаяпман. Бошқа нима қўлимдан келарди.

Андижон вилоят ҳокимлиги эса ушбу масалалар юзасидан ҳеч қандай изоҳ беришни истамаяпти. Вилоятнинг янги ҳокими вилоят оммавий ахборот воситалари орқали чиқиш қилгани ва унда барча фикрларини баён этганини таъкидламоқда. Унинг чиқишларида эса юкоридаги барча гаплар кескин рад қилинган.