23:27 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

“Кўмир қироли” Н. Мўтуев устидан бошланажак маҳкама Қирғизистонда янги сиёсий жанжални юзага келтириши мумкин

28.11.2006 14:57 msk

Ўз ахб.

Суратда: Н.Мўтуев ўз тарафдорлари билан

“Кўмир қироли” Нурлан Мўтуевни Қирғизистон бош вазири Феликс Қуловни обрўсизлантиришдан бош тортганидан сўнг ҳисбга олганлар. Бу ҳақда бугун “24.kg” ахборот агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида “жумғаллик сардор”нинг адвокатларидан бири Ж. Шакиров маълум қилди. Қаракече кўмир конини эгаллаб олишда ҳамда кўплаб ноқонуний ҳатти-ҳаракатларда айбланаётган сиёсатчи ва тадбиркор устидан бошланажак маҳкама, маҳаллий кузатувчиларга кўра, Қирғизистонда янги сиёсий жанжални юзага келтириши мумкин.

“Жўўмарт” Халқ-Ватанпарварлик Ҳаракати раҳбари, Қирғизистондаги “март инқилоби” фаолларидан бири Нурлан Мўтуевнинг номи мамлакат фуқароларига яхши таниш. Мамлакат президенти А. Ақаев истеъфосига сабаб бўлган барчага маълум воқеалардан сўнг Нурлан Мўтуев тарафдорлари Қирғизистоннинг Норин вилоятига қарашли Жумғал туманидаги Қаракече кўмир конини эгаллаб олгандилар.

Қаракечеда жойлашган бошқа корхоналар ишчилари Нурлан Мўтуев сафдошлари босими остида конни ташлаб кетишга мажбур бўлгандилар. Мўтуев тўдаси фаолияти натижасида мамлакат иқтисодиётига, тахминий ҳисоб-китобларга кўра, 20 миллион сўмга яқин (тақрибан $515000) зарар етказилган. Н. Мўтуев раҳбарлигида коннинг барча мутахассислари қувиб юборилганлар, бу ердаги техниканинг катта қисми сотиб юборилган ёки бузилган.

Туман, вилоят раҳбари, милиция ва прокуратура раҳбарияти тимсолидаги маҳаллий ҳокимият ноқонуний кўмир қазиб олинишини маън қилиш у ёқда турсин, Н. Мўтуевга солиқ ва ижтимоий тўловларни ҳам тўлатолмаганлар. Марказий ҳокимият ҳам “кўмир қироли”га қарши куч ишлатишга ботинмаган. Бу мамлакат фуқаролари ва халқаро кузатувчилар таажжубига сабаб бўлганди.

Одамлар орасида Нурлан Мўтуевнинг “юқори лавозимли ҳомийлари” борлиги, уларнинг индамай қараб туришисиз эса Н. Мўтуев бунақа ноқонуний ҳатти-ҳаракатларга ботинолмаган бўлиши ҳақида сўзлар юрган.

Адвокат Ж. Шакировга кўра, 2006 йил февралида Нурлан Мўтуевга Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиевнинг яқинларидан бўлган қандайдир шахслар мурожаат қилганлар. Улар Н. Мўтуевга Жумғал туманида “бош вазирни обрўсини тўкадиган” вазият барпо қилишни таклиф этганлар. Агар у рози бўлган тақдирда Жумабек Шакировнинг ҳимоясида бўлган одамга президент ёқлови ёрдамида уч кеча-кундуз ичида Қаракече масаласини ҳал қилиб беришга ваъда қилганлар. Ўша пайтда Нурлан Мўтуевга жиноий жавобгарликка тортилиш хавф сола бошлаганди.

Нурлан Мўтуевга битим тузишни таклиф қилган кишиларнинг фамилияларини унинг адвокатлари сир тутмоқдалар. “Маҳкама жараёни бошлангунича мен бу саволга жавоб бермайман, - дейди Жумабек Шакиров. – Бу ҳақда ҳимоям остидаги киши маҳкама пайтида билдиради. Унинг айтиб беришга арзигулик гаплари талай. Биз эса Ҳукумат уйида нималар бўлаётганини ва тандем ичида муносабатлар қанақа эканини халқ билиши учун ҳозир бу ҳақда айтишга қарор қилдик” (бу ерда 2005 йилдаги март воқеаларидан кейин сиёсий барқарорликни сақлаб қолиш мақсадида тузилган Қулов-Бакиев тандеми назарда тутилаяпти).

Нурлан Мўтуевнинг ўзи эса бир муддат олдин Қаракече ортида давлат раҳбарининг укаси Адилбек Бакиев турганини билдирганди. “Жумғаллик сардор” адвокатлари ўз ҳимоялари остида бўлган кишининг сўзларини бу ҳақда унинг ўзи маҳкамада айтмагунича изоҳлашдан бош тортмоқдалар.