06:11 msk, 20 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россиялик сиёсий технологлар Тошкентда: “Ўзбекистонни кўрганим йўқ, аммо айтишим мумкинки...”

28.11.2006 13:31 msk

Фарғона.Ру

“Фарғона.Ру” аввал хабар қилганидек, 13-15 ноябрь Тошкентда “Россия ва Ўзбекистон демократик институтларини ривожлантириш аҳволи ва истиқболлари” мавзусида халқаро “давра суҳбати” бўлиб ўтганди. У Самарадор сиёсат жамғармаси (Россия) ҳамда Минтақавий сиёсат жамғармаси (Ўзбекистон) томонидан уюштирилганди. Мажлислар мавзусини эслатиб ўтамиз: “Демократик, ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар жараёнининг такомиллашуви масалалари: Ўзбекистон ва Россия тажрибаси”, “Ўзбекистон ва Россиядаги фуқаровий жамият институтларини ривожлантириш аҳволи ва истиқболлари”, “Фуқаровий жамият институтлари ривожланишига қарши хавф-хатарлар ва уларни бартараф қилиш йўллари”.

Москвага қайтганларидан кейин “давра суҳбати” иштирокчилари Тошкентда кўрганларини ва Ўзбекистон президенти Ислом Каримовдан эшитганларини «Кремль.орг» сайтида чиройли қилиб баён қилиб берганлар.

Россиялик сиёсий технологлар делегация аъзоларининг барча интервьюлари Ўзбекистонда доно ва узоқни кўра оладиган президент раҳбарлиги остида ҳақиқий демократлаштириш жараёни бораётганини ўқувчига сингдириш ва эҳтиром оҳанги билан ажралиб туради.

“Ўзбекистонда сиёсий турмушни демократлаштириш тамойиллари кузатилаяпти”

РТР ахборот таҳририяти директор муовини, БДТРКнинг “Вести 24” янгиликлар канали директори Дмитрий Медников мамлакатдаги ҳақиқий сиёсий ва иқтисодий аҳволни икки-уч кун ичида тушуниб олиш имконсизлиги гап орасида қайд этиб ўтаркан, Россия делегациясига “турли ҳамжамиятлар вакиллари бўлмиш сиёсатшунослар, бошқарувчилар, сиёсатчилар, маҳаллий ўз-ўзини бошқариш вакиллари билан сўзлашишга имкон берилган”ини, москвалик меҳмонлар улардан “Ўзбекистон бугунги кунда нима билан яшаётганини билиб олганлар”ини маълум қилди. Афсуски, россиялик сиёсатшунослар Ўзбекистонда бўлган пайтда “Ўзбекистоннинг оддий аҳолиси билан расмийлар кузатувисиз эркин мулоқот қила олмаганлар”, бу “ҳақиқий сиёсий ва иқтисодий аҳвол”ни кўриш имконини берган бўларди. Умуман олганда, “Кремль.орг” сайтида баён қилинган материаллардан келиб чиқилса, Россия делегациясининг вазифаси бироз бошқача бўлгани ойдинлашади.

“Ўзбекистон Марказий Осиёдаги хавфсизликни таъминлаш марказидир”

Тошкент ва Самарқандда бўлган Сиёсий тадқиқотлар институти директори Сергей Марков “Ўзбекистон бугунги кунда Андижондаги исломий исён натижасида юзага келган бўҳронни енга олган”лигини, “Самарали чоралар кўрилган, вазият тўлалигича барқарорлашган, мамлакат ичида ислом террорчилиги хавфи қарийб йўқ”лигини ҳамда “ички барқарорлик шароитида мамлакат аста-секинлик билан демократлашув йўналишидаги сиёсий ислоҳотларга киришган”лигини билдирди. Жаноб Марков Ўзбекистонда партиявий қурилиш тўла суръатда кетаётганини, мамлакатда сиёсий партияларга тобора катта роль берилаётганини кўриш бахтига муяссар бўлган. Марковнинг фикрича, “Ўзбекистон президенти мамлакат барқарорлиги фақат битта одамга эмас, турли сиёсий институтларга таянишига қатъий ишонади, шунинг учун ҳам у Ўзбекистондаги сиёсий партиялар фаолияти тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлаш билан шахсан шуғулланаяпти”. Гарчи бу йўлда мамлакат бошқа мамлакатларда мавжуд бўлган “қадриятлар муносабати, демократик тамойилнинг барқарорлик, хавфсизлик ва тезкор тараққиёт билан биргаликда олиб бориш” юзасидан муаммоларга дуч келаётган бўлса-да, анъанага кўра “Ўзбекистон бу қадриятларни жамлашда ўз ривожланиш йўлини қидираяпти”.

Меҳмонда “ўз серғайратлиги, ишчанлиги” билан ҳайратга солган Ўзбекистон президенти кучли таассурот қолдирган. Марковнинг таъкидлашича, Ислом Каримов мамлакат ичида ҳақиқатат ҳам катта эътиборга эгалигига қарамай, шахсга сиғинишга йўл қўймай келмоқда экан. Ўзбекистон президенти, Сергей Марковга кўра, Россия информацион сиёсий фазосида содир бўлаётган ишлардан яхши хабардор.

Сўнгра Марков Ўзбекистон бугунги кунда Марказий Осиёдаги хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш маркази бўлиб ҳисобланишини ва бутун минтақага таъсир ўтказишини қайд этади. Айнан шунинг учун ҳам Ўзбекистон Россиянинг сиёсий ҳамкорига айланиши лозим.

“Маҳалла ўзбек жамиятининг самарали институти бўлиб ҳисобланади”

Россия стратегик тадқиқотлар институти директори Евгений Кожокин маҳалла мавзусига ҳамкасбларидан кўра кўпроқ эътибор қаратди. У “маҳалла ўзбек жамиятининг анча самарали институти ва маъмурий бирлиги бўлиб ҳисобланади”, дея қайд этди. Бундан ташқари, Е. Кожокинда Ўзбекистоннинг таълим жабҳасидаги дастурлари, аниқроғи, уларнинг ташқи қисми, айнан эса “янги мактаблар ва лицейлар қурилишига Ўзбекистонда катта пуллар ажратилаётган”и катта таассурот қолдирган. Бу нарса ўқув даргоҳларидаги таълим сифатида ижобий акс этмаслиги ҳақида эса россиялик экспертга айтилмаган кўринади. Асосийси, Кожокин “экспертлар, давлат арбоблари ва президент Каримовнинг ўзи билан ўтказилган мулоқот”дан жуда мамнун бўлган ва эндиликда Ўзбекистонни яхшироқ билиб олганига, Россия-Ўзбекистон ҳамкорлиги имкониятларини тушунганига ишонади. У Россиянинг “аҳоли сони жиҳатидан МДҲ таркибидаги Россия ва Украинадан кейинги учинчи давлатга нисбатан очилган янги имкониятлардан фойдаланмаётган”ини кўрган.

“Ўзбекистондаги ҳокимият марказлашуви мамлакатдаги истиқрорсизликка қарши туриш учун зарур”

Россия стратегик тадқиқотлар институти илмий ходими Дмитрий Александров эса сиёсий шов-шув кўтаришга муваффақ бўлди: у Ўзбекистонда “мухолифатчи партиялар пайдо бўла бошлади”, дея билдирди. Лекин унинг мулоҳазасидан келиб чиқилса, “Ўзбекистон, албатта, ўзига хос хусусиятларга эга”, афтидан, бу мамлакатда мухолифат ҳам президентлик сайловларида рақибига овоз бериш даражасида ўзига хос эканини назарда тутиш лозим.

Албатта, Ўзбекистон давлат тизимида партиялар ролини кучайтириш ҳақида сўз кетган “Сиёсий партиялар ваколатларини кенгайтириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси имзоланганидан кейин қанақадир мухолифат пайдо бўлиши кераклиги тушунарли. Аммо, Александровнинг шошиб қўшимча қилишича, “Ўзбекистоннинг анча мураккаб муҳитда эканини эътиборга олиш лозим”: унинг ёнида истиқрорсиз Афғонистон ва Қирғизистон бор, 2005 йил май ойида бўлиб ўтган Андижон воқеаларини ҳам Александров шуларга боғлайди. Бу билан, россиялик сиёсатшуноснинг фикрича, “Ўзбекистон раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган ҳокимиятни марказлаштириш” ҳам ўзини оқлайди: марказлаштириш “зарурат сабабли юзага келган ҳамда хаос ва истиқрорсизлик вазияти барпо қилиш юзасидан ҳаракатларга самарали қаршилик кўрсатади”.

Александров “ўзбекларнинг кўпчилиги иш ва пул излаб, мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлаётгани”ни айтиб, ишсизлик муаммосига бирров дахл қилиб ўтди, аммо шу заҳотиёқ мавзуни “Ўзбекистонда демократик жамиятни шакллантирилишини секинлаштириб ётган” радикал исломчиликка буриб юборди.

***

Сўз сўнгида қайд этиб ўтишни истардикки, 2005 йил май воқеаларидан икки ой ўтиб, шаҳар енгил таъмирдан чиқарилганидан кейин Андижонга олиб келинган Россия делегацияси таркибига юқорида номлари зикр этилмиш сиёсатшунослар ва экспертларнинг қарийб ҳаммалари кирган эдилар.