10:36 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Андижонда ун ва ўсимлик ёғининг нархи кўтарилди

28.11.2006 02:24 msk

Ўз ахб.

Андижон бозорларидаги савдо расталари ва дўконларда ун ва ўсимлик ёғининг нархи кўтарилди. Аҳолининг фикрича, нархларнинг ўсиши иш ҳақлари ва нафақаларнинг ошгани билан боғлиқ.

Маълумки, ун ва ўсимлик ёғи каби маҳсулотлар товар-хомашё биржаси орқали сотилади. Биржа котировкаларида ноябрь ойи ҳолатига 1-нав бир килограмм уннинг дастлабки баҳоси 214 сўм 48 тийин, 5 фоизгача биржа устамаси қўлланилганда эса 225 сўм 50 тийинга, бир килограмм ўсимлик ёғининг нархи 912 сўм 50 тийин, биржа устамаси билан 958 сўм 12 тийинга тўғри келаётгани аниқланган.

Бозорларда эса бир килограмм уннинг нархи 380-400 сўм, бир килограмм ўсимлик ёғининг баҳоси эса 1500-1700 сўмдан сотилмоқда.

Аслида Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги қарори билан тасдиқланган «Маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида»ги Низомига асосан ун, ўсимлик ёғи каби озиқ-овқат маҳсулотларига давлат томонидан белгиланган нарх сақланиши керак.

- Биржадан маҳсулот сотиб олган одам уни белгиланган баҳода чакана сотувга чиқариши керак. - дейди харидор А. Зиёдов. - Афсуски бундайлар бармоқ билан санарли. Кўпчилик йўл кира қимматлигини баҳона қилиб, олинган ун ёки ўсимлик ёғини ишлаб чиқарувчи корхона атрофидаёқ улгуржи сотиб юбормоқда. Натижада маҳсулот қўлдан-қўлга ўтиб, воситачилар кўпайиб, нарх кўтарилиб кетмоқда.

Одатда нарх-наводан гап кетса, “бу бозор иқтисодиёти, нарх-навога аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, деган баҳоналар рўкач қилинади. Лекин ун ва ўсимлик ёғи маҳсулотларига давлат томонидан қатъий нарх белгиланган ва у назорат қилиниши керак.

- Биргина ун ва ёғ эмас, бошқа озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ҳам кўтарилиб кетяпти, - дейди сотувчилардан бири. – Водийда энг қиммат бозор ҳозир Андижон бозори бўлиб қоляпти. Халқ қанча қиммат бўлса кўтараверар экан, деб нархни оширавериш керакми? Мақсад андижонликларни қисиш бўлиб қоляптими дейман?

Аҳолининг айтишича, давлат солиқ идоралари, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бирлашма ва уюшмалари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, умуман ҳеч қайси мутасадди ташкилот бу масалада эътибор қаратмаяпти.

Биржа савдоларида иштирок этиб юрган савдо ходимларидан бирининг айтишича, биржа савдоларини ташкил этишда ҳам маълум камчиликлар бор. Электрон алоқа тизимининг суст ишлаши ёки кеч уланиши оқибатида савдо майдончаларида туриб савдода қатнашиш қийин кечмоқда.

Айни кунларда ун ёки пахта ёғини улгуржи сотаётган савдо ходими, сотиб олаётган воситачи-ю олибсотарларнинг нарх-навони сунъий оширишлари халқнинг эътирозига сабаб бўлмокда. Кўпчилик “аҳвол шу тарзда давом этаверса, одамлар қорин тўйғазишга ҳам пул етказа олмай қоладилар” деган фикрда.