19:50 msk, 18 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Саламат Аламанов: Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги чегара ғалвирни эслатади

27.11.2006 23:26 msk

Абдумўмин Мамараимов

Ўзбекистон-Қирғизистон чегара участкаси. А. Соипов фотоси, 2004 й.

Марказий Осиё ҳудудидаги чегара масалалари бўйича Саламат Аламановдан кўра салоҳиятлироқ экспертни топиш мумкин бўлмаса керак. У Иттифоқ тарқалганидан бери Қирғизистоннинг Марказий Осиё билан бўлган чегараларини белгилаш масалалари билан шуғулланиш асносида бу чегараларни бўйигаю энига кезиб чиққан. Расмий делегация таркибида Қирғизистонга қўшни бўлган Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон каби мамлакатлар вакиллари билан 150 тача учрашув ўтказган.

С. Аламанов Қирғизистон ҳукумати қошидаги давлатлараро чегара масалаларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш бўлимини ушбу тузилма ташкил этилган пайтдан бошлаб бошқариб келади. Бунга қўшимча равишда у давлат чегарасини делимитациялаш ва демаркациялаш бўйича Қирғизистон-Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссиясининг Қирғизистон томонидан раҳбари бўлиб ҳам ҳисобланади. Бугун Саламат Аламанов “Фарғона.Ру” АА саволларига жавоб беради.

“Фарғона.Ру”: - Саламат Қулембекович, бугунги кунда Қирғизистоннинг қўшни мамлакатлар билан билан бўлган чегарасини аниқлаш жараёни қай босқичда турибди?

С. Аламанов: - 1992 йилда биз Хитой билан музокараларни бошлагандик, 1999 йилга келиб, бу мамлакат билан чегара масалаларини тўлалигича ҳал қилиб олдик. 2004 йилда биз ўз чегараларимизни демаркациясини ўтказдик, бу йил биздаги чегара хизмати ва бошқа хизматлар бу чегараларни бошқара бошлашлари учун мазкур хизматларга тегишли ҳужжатларни ўтказиб берамиз.

Чегара масалаларини ҳал этиш бўйича иккинчи босқичда Қозоғистон турибди: бу мамлакат билан бўлган чегараларимиз делимитацияси 2001 йилда якунланган. Қирғизистон-Қозоғистон чегаралари тўғрисидаги шартнома ратификация қилинганидан кейин биз чегараларимизни демаркация қилишга киришамиз.

Ўзбекистон билан биз 2000 йилдан буён музокаралар олиб бораяпмиз. Айни дамда айрим участкалар бўйича келишиб олдик, аммо ҳал қилиниши лозим бўлган жиддий муаммолар ҳам кўп. Қўшниларимиз билан бўлган чегаранинг умумий узунлиги 1375 километрни ташкил этади, унинг 993 километри юзасидан делегация миқёсида келишиб олдик. Қолган участкалар эса муҳокама босқичида.

Айтиш керакки, қолган 400 километр 58 та алоҳида участкадан ташкил топган, шу сабабли ҳам чегарани ғалвирга ўхшатгинг келади. Мазкур участкалар бўйича жиддий келишмасликлар бор, уларни музокаралар асносида бартараф қилиш лозим. Аммо жараён кетаяпти.

Тожикистон билан 2002 йилдан буён делегациялар даражасида ўн битта учрашув ўтказдик. Фақат шу йилнинг сентябрь ойи келиб чегара чизиқлари амалий жиҳатдан белгилашга ўтдик. Ўтган тўрт йил мобайнида чегараларни расмийлаштириш юзасидан ҳуқуқий асослар муҳокама қилинди.

“Фарғона.Ру”: - Чегараолди можароларининг кўпи содир бўлувчи анклавлар муаммоси энг муҳим масаладир. Бу муаммони ҳал қилиш истиқболлари қайдай?

С. Аламанов: - Қирғизистон ҳудудида Ўзбекистоннинг тўрт анклави мавжуд. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эса бизнинг битта анклавимиз бор. Бундан ташқари, яна 30 дан зиёд ярим анклавлар мавжуд. Улар ҳар икки тарафдаги аҳоли учун катта қийинчиликлар туғдирмоқда.

Одамлар орасида анклавлар фақат бизда борлиги юзасидан фикр юради. Бу ҳақда ҳатто жиддийдай кўринган таҳлилчилар ҳам ўз ишларида ёзадилар. Мен эса сизга дунёда 250 дан ортиқ анклавлар борлиги айтаман, аммо бу фақат бизда – Марказий Осиёдагина муаммо туғдирмоқда. Бутун дунёда ушбу масала анклавлардан фойдаланиш тўғрисидаги битимлар билан тартибга солинган ва одамлар анклавда яшаётганларини деярли сезмайдилар ҳам.

Биз муаммога маданий йўл билан ёндошишимиз керак, халқаро меъёрлар асосида битимлар тузишимиз лозим. Бизда анклавлар бўйича СССР давридан қолган тарихий тажриба бор. Ёки мазкур ҳудудлар орқали одамларнинг эркин ўтиши учун ҳуқуқий база яратиб, эркин ҳаракатланиш тартибини жорий этиш керак.

“Фарғона.Ру”: - Қирғизистон томон бу масалани ҳал қилиш юзасидан қанақадир конкрет таклифлар киритганми?

С. Аламанов: - Биз умумий транспорт алоқаларини ташкил этишни таклиф қилгандик. Ахир, ташқи дунё билан алоқа қилиш учун дараларда яшовчи фуқароларимиз ўз йўллари йўқлигидан тўғридан-тўғри Ўзбекистон ҳудудига тушадилар-да. 2002 йилда биз қўшниларга ёпиқ анклавлар ўртасида Транспорт алоқалари ҳақидаги лойиҳани таклиф этгандик. Қўшнилар анчагача жавоб бермадилар, аммо президентимиз Қурмонбек Бакиевнинг яқиндаги Тошкентга сафари олдидан улар ушбу ҳужжатни кўтардилар. Биз бу масаланинг яқинда ҳал этилишига умид қилиб турибмиз.

“Фарғона.Ру”: - Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Барак анклави аҳли учун “йўлак” бериш ҳақида масаланинг ҳал бўлиш истиқболлари қандай?

С. Аламанов: - Бу масала биз томонимиздан барча даражаларда кўтарилмоқда. Биз қўшниларга масалани ҳал қилишнинг уч вариантини таклиф қилдик ва улар ҳар уччала вариантни ҳам қабул қилишга тайёрлар. Аммо бунинг эвазига улар бизнинг ҳудудда бўлган Сўх анклавида уларга йўлак беришни сўраяптилар. Биз уларнинг бу талабини бажара олмаймиз, чунки Ўзбекистоннинг мазкур анклави жойлашган Боткен вилояти аҳолиси бундай йўлак берилишига қарши чиқмоқдалар. Лекин биз ҳам уларга ён беришимиз керак-да.

“Фарғона.Ру”: - Қўшниларга бундай йўлак беришимизга нима монеълик қилади?

С. Аламанов: - Биласизми, бизнинг бу ҳудуддаги чегараларимиз шу қадар мураккабки, агар биз бундай йўлак берсак, ҳудудимизнинг кўп қисми янги анклавларга айланиб қолади. Бугунги кунда биз чегаралар бўйича 1927 йилдан кейин қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатга эга эмасмиз. Бизда 1925 йил мартида тузилган ҳужжат бор, аммо у пайтда Сўх ҳали анклав эмасди. Бироқ кейинчалик объектив хўжалик жараёни унинг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Қўшнилар эса ўша вариантни қайта тиклашни истаяптилар.

“Фарғона.Ру”: - Кўпчилик экспертлар, шунингдек, чегараолди ҳудудларида яшовчи оддий фуқаролар ҳам Ўзбекистон томонидан чегараларнинг ёпиқлигига бизнинг мамлакатдаги истиқрорсиз вазият сабаб бўлаяпти, деб ҳисоблайдилар. Бу омил чегара масалаларини ҳал қилишга қанчалик таъсир кўрсатаяпти?

С. Аламанов: - Бир томондан чегара масалалари ҳал қилинмаганининг энг катта сабаби бизнинг ички муаммоларимиз, мамлакатимиздаги сиёсий вазиятдир. Бошқа томондан эса чегара муаммоларини қаерда ҳал қилсак, ўша ерда албатта зиддият пайдо бўлади. Масалан, биз Қозоғистон билан чегара делимитациясини тугатганимизда, “сиёсатчи”ларимиздан бири бизни буюк аждодимиз Манас номи билан боғлиқ ерни қўшниларга бериб юборганликда айблаганди.

“Фарғона.Ру”: - Минтақанинг чегара муаммоларидан қийналган аҳолиси қачон енгил нафас олиши мумкин?

С. Аламанов: - Бу фақат Худога аён. Бу жараённинг икки томонлама эканини унутмаслик лозим, шунинг учун ҳам музокаралар секин бораяпти. Мана, масалан, Туркия ва Болгария 1949 йилдан буён тўрт юз метрлик ҳудуд юзасидан келиша олмайдилар. Бизда эса 58 та мувофиқлаштирилмаган участка бор. Агар мамлакатларимиздаги сиёсий иқлим яхшиланса, бу ишни янада муваффақиятлироқ амалга ошириш мумкин бўларди.