05:12 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон жанубидаги мусулмонлар мамлакат муфтийсининг истеъфосини талаб қилмоқдалар

27.11.2006 14:02 msk

Фарғона.Ру

© “Фарғона.Ру” АА фотосурати

* * *

Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳри мусулмонлари мамлакат мусулмонларининг диний бошқармаси раҳбари ва Диний ишлар бўйича давлат агентлиги директорининг истеъфосини талаб қилмоқдалар. Мухолифларининг фикрларича, мусулмонлар диний раҳбари ҳамда “эътиқод ишлари бўйича бош мансабдор”нинг айблари шундан иборатки, улар ҳожиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини чеклаяптилар, хайрия маблағларини ношаффоф равишда сарфлаяптилар ва умуман диндорларни таъқиб этаяптилар. Қирғизистон муфтийси М. Жуманов эса, ўз навбатида, уни мансабдан “ваҳҳобийлар ва ҳизбут-таҳрирчилар” туширмоқчи эканларини билдиради.

24 ноябрь куни Ўшда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қирғизистон жанубидаги диндорларнинг вакиллари мамлакатдаги диний бошқармани ислоҳ қилиш бўйича ўз талабларини билдирганлар. Раис Латибжон Қўчқоров бошчилигидаги ташаббускор гуруҳ Қирғизистон мусулмонлари муфтийси Муратали ҳожи Жуманов ҳамда мамлакат Ҳукумати қошидаги Диний ишлар бўйича давлат бошқармаси директори Жўлбўрс Жўрўбеков истеъфосини талаб қилган.

Л.Қўчқоров ва унинг тарафдорлари Қирғизистон Мусулмонлар диний бошқармаси (МДБ) раҳбариятини хайрия маблағларини “ношаффоф” тарзда тақсимлаганлик, Маккаи Мукаррамага Ҳаж сафарига боришни нотўғри ташкил этаётганликда айбламоқдалар. Уларга кўра, бунинг натижасида республика мусулмонларининг обрў-эътиборларига путур етмоқда. Йиғилганларнинг маълум қилишларича, уларнинг МДБ раҳбарини истеъфога чиқариш бўйича талабларини Ўш шаҳридаги энг камида етти масжид қавми - Сирожиддин, Манасота, имом Муслим, имом Боқий, имом Бухорий, Мажримтол, Али ал-Баит ва Салмон Форсий масжидларининг қавмлари қўллаб-қувватлайдилар.

Мараталы-ажы Жуманов
Муратали ҳожи Жуманов
Матбуот анжумани ташкилотчиларини мамлакат диний раҳбарияти ҳамда диний ишлар бўйича давлат бошқармаси фаолияти анчадан буён қаноатлантирмай келаяпти. “Муфтий саводсиз одам, у шариат қонунларини, ўз имомларини билмайди, масжидлар ва қавмлар турмуши билан қизиқмайди”, - дея иқтибос келтиради “24.kg” ахборот агентлиги ташаббускор гуруҳ раиси Л. Қўчқоров сўзларидан.

Бошқа томондан эса матбуот анжуманида сўзлаган МДБ раҳбари мухолифлари ўзларининг диний раҳбарларини жиддий уламо ҳисобламайдилар. Мусулмонларнинг ташаббускор гуруҳи ҳамраиси Р. Мирзажоновга кўра, Қирғизистон муфтийси М. Жуманов “диний масалаларда унчалик ҳам саводли эмас”. “Дунёдаги барча мусулмонлар Ийди Рамазонни 23 октябрь куни нишонлаган бир пайтда, биз - Қирғизистон мусулмонлари бу байрамни 24 октябрь куни нишонлаганимизни ўзимиз учун шармандалик, деб ҳисоблайман”, - дея билдирди Р. Мирзажонов.

Ташаббускор гуруҳ аъзоларининг фикрича, мамлакат муфтийси мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилган кўплаб ҳолларга кўз юмиб келмоқда.

“Масжидга бораётган, намоз ўқиётган, соқол қўйиб юрган мусулмонларга Исломнинг ўзига хос жиҳатларини тушунмайдиган одамлар экстремистларга қарагандай муносабатда бўлмоқдалар, - дейди Латибжон Қўчқоров. – Диний раҳбарларимиз эса ҳеч нарса қилмай ўтирибдилар, вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қилмаяптилар”.

Жолборс Жоробеков
Жўлбўрс Жўрўбеков
Л. Қўчқоров мусулмонларнинг мамлакат раҳбариятига кўп бора мурожаат қилганлари-ю пикет ва митинглар ўтказганларини ҳам эслатди. Масалан, 17 ноябрь куни Ўшдаги масжидлардан бирида уч мингдан зиёд одам М. Жумановнинг фаолиятига қарши чиққан.

Мамлакат муфтийси М. Жуманов ўз рақиблари томонидан қилинаётган ҳамлаларга эътироз қилар экан, унинг истеъфосини “ваҳҳобийлар ва ҳизбут-таҳрирчилар ҳамда уларга хайрихоҳ бўлганлар” истаётганини билдирган. Унингча, “улар ҳеч қачон Қирғизистонни бошқаролмайдилар, уларга бу ерда ўрин йўқ”.

Диний ишлар бўйича агентлик директори Жўлборс Жўрўбековни Л. Қўчқоров бошчилигидаги ташаббускор гуруҳ “ҳаж ишини монополиялаштириб, уни бизнесга айлантириб олганлик”да айбламоқда. Таъкидлаш жоизки, яқинда Диний ишлар бўйича давлат агентлиги директори ҳатти-ҳаракатига мамлакат шимоли вакиллари ҳам қарши чиққандилар. Шимолий Қирғизистон зиёратчиларини бирлаштирган “Ҳаж-2006” ноҳукумат ташкилоти агентликни Маккага Ҳаж сафарига бориш учун рухсатнома беришда баробар тақсимга риоя қилмаганликда айблаб, Жўрўбековни истеъфога чиқаришни талаб қилганди.

Л. Қўчқоров бошлиқ ташаббускор гуруҳ М. Жуманов ва Ж. Жўрўбеков истеъфоси талаби билан фуқаролар имзоларини йиғишни бошлашини билдирган.