10:42 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон жанубидаги саёҳат ошиёни истиқрорсиз ҳудуд ўлароқ ном қозониши мумкин

25.11.2006 20:58 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод вилояти)

Жалолобод вилоят марказидан қирқ километр нарида жойлашган Арслонбоб тоғли қишлоғи азалдан ўзининг ажойиб табиати ва дунёдаги энг йирик ёнғоқзорлари билан машҳур. Ўтган асрнинг 90-йилларида ҳудудда давлат чегаралари пайдо бўлгунга қадар бу ерга минглаб сайёҳлар оқиб келардилар. Уларни фақат ажойиб табиат, салқин об-ҳаво ва шаршарагина эмас, маҳаллий аҳолининг меҳмондўстлиги ҳам жалб қиларди.

Ҳозирда асосан қўшни Ўзбекистондан келадиган тўп-тўп сайёҳларни ҳатто мавсумнинг авж палласида ҳам учратмайсиз. Бунга қўшни давлат билан чегараларнинг ёпиқлиги монеълик қилади. Аммо кейинги йиллар бу ерга узоқ хориждан одамлар кела бошлаганлар, қишлоқ кўчаларидаги ажнабиёна сўзлашувларга тоғликлар кўникиб кетганларига анча бўлди. Улар эндиликда олис диёрлардан келган инжиқ меҳмонларга ҳам маъқул келадиган шарт-шароитларни муҳайё қилмоқдалар. Европа мезонларига мувофиқ келадиган пансионатлар пайдо бўлмоқда. Маҳаллий саёҳатчиликнинг ривожланишига ҳалақит бераётган асосий муаммо ҳам ҳал бўлиб қолди – Арслонбобни ташқи олам билан боғлаб турувчи автомобиль йўли қурилиши якунига етмоқда. Иқтисодий аҳвол яхшиланиши билан маҳаллий сайёҳлар сони ҳам ортди.

Афсуски, бу йилги саёҳат мавсуми Арслонбоб қишлоқ маҳкамасининг маъмурий маркази бўлмиш Арслонбоб қишлоғи ҳамда ундан ўн етти километр нарида жойлашган Жайтерек қишлоғи аҳолисининг оммавий тўқнашувига айланиб кетиш хавфи муаммоси билан таранглашди. Саёҳат мавсуми тугаганига анча бўлди, тоғларга қалин қор ёққан, бироқ икки қишлоқ аҳолисининг ўзаро муносабатларидаги муаммо ҳал этилмаганича қолиб кетмоқда. Гарчи бу масала сайёҳлар билан бевосита боғлиқ бўлмаса-да, унинг оқибатлари маҳаллий туризм тараққиётида ўта салбий акс этиши мумкин.

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Арслонбоб ота ўрмон хўжалиги ҳудудида Арслонбоб қишлоғи аҳолиси томонидан Арслонбоб ўрмон хўжалигидан ижарага олинган 30 гектарли Қарарт участкаси бор эди. Арслонбобликлар унга асосан картошка экардилар. Ўрмон хўжалигида ишламайдиганларнинг асосий даромади шундан эди. Ижарачилардан бири - Собиржон Абданбоевга кўра, арслонбобликлар бу участкани охирги ўн беш йил мобайнида ўзлаштирганлар. Бироқ беш йил аввал бу ерда янги “Жайтерек” ўрмончилиги ташкил этилиб, юқорида зикр этилмиш участка унинг ҳудудига кириб қолган. Аммо шундан кейин ҳам 4-5 йил мобайнида бу билан боғлиқ ҳеч қанақа муаммо чиқмаган. Илло ҳозирги пайтда вазият шу қадар мураккаблашганки, тоғликлар бевосита мамлакат президенти Қурмонбек Бакиевга мурожаат қилишга мажбур бўлганлар. Арслонбобликларга кўра, ҳаммаси шу йил бошида бўлиб ўтган қишлоқ ҳукумати бошлиғи сайловидан бошланган.

Президентга мактуб

“2001 йилда 30 гектар ер “Жайтерек” ўрмончилигига бериб юборилган, аммо биз бу ерга экин экишни давом эттирдик, - деб ёзилади мамлакат раҳбари номига ёзилган мурожаатномада. – 2006 йил бошида бўлиб ўтган Арслонбоб қишлоқ ҳукумати раҳбари сайловлари чоғида номзод Ғофур Раҳмонқулов жайтерекликларга бу ерни биздан тортиб олиб, уларга топширишни ваъда қилади. Арслонбоб қишлоқ ҳукумати бошлиғи бўлган Ғ. Раҳмонқулов қишлоқларимиз аҳолиси ўртасида ўзаро кин-адоватни авж олдираяпти ва аризаларимизни кўриб чиқишдан бош тортаяпти. Экинларимизни пайҳон қилаётган ва арслонбобликларни мунтазам равишда калтаклаётган жайтерекликларнинг жиноий қилмишлари туфайли биз бу йилги ҳосилдан маҳрум бўлдик”.

Аризачиларнинг фикрича, Раҳмонқулов сайловда зарур бўлган овозни айнан юқорида айтиб ўтилган ваъда сабабли йиғолган ва эндиликда бу ваъдани бажариш учун йўл қидирмоқда.

“Охирги пайтда ер участкаси сабабли бизга қўшни бўлган Жайтерек қишлоғи аҳолиси билан ўртамизда жиддий зиддият етилиб келаяпти, - дейилади мурожаатномада. – Ўн олти йил аввал туман ва вилоят раҳбарияти қарори билан биз бўш ётган 30 гектарлик қўриқ ерни ўзлаштира бошлагандик... Биз қўлда ариқ қазиганмиз, ерни тошлардан тозалаганмиз, атрофни тўсиб чиққанмиз. Ер солиғини доимий равишда тўлаб турганмиз”.

Аризачилар номидан чиққан Ўлжабой Пўлатов, Собиржон Абданбоев ва Қуронбой Ҳамралиев мамлакат президентидан “30 гектарлик қўриқ ерни унга ишлов берган арслонбобликларга топшириш, жайтерекликлар томонидан етказилган зарарни қоплаш, зудлик билан салоҳиятли ва пулга сотилиб кетмайдиган комиссия тузиш ҳамда муаммони шу ернинг ўзида ўрганиб чиқиш бўйича” масалани ҳал қилишни сўраганлар. Бу ҳақда улар аввалроқ 2006 йилнинг июлида Жалолобод вилоят губернатори Искендербек Айдаралиев ва вилоят прокурори номига ёзган аризаларида ҳам сўрагандилар.

Аммо вилоят маъмурияти ариза ўзбек тилида ёзилгани учун уни рус тилида ёзиб беришни сўраб, орадан бир ярим ой ўтгач, аризани қайтариб юборганлар. С. Абданбаевга кўра, сентябрь бошида ариза қайтадан рус тилида ёзиб жўнатилган, бироқ арслонбобликлар вилоят раҳбарларидан жавоб ололмаганлар. “Губернатор ўринбосарларидан бири Ойбек этник ўзбек. Нима учун аризамизни унга бермадилар? Нима учун аризамизни бошқа тилда ёзиб беришни сўраб дарров қайтармадилар?” – дейди асабийлашиб Абданбоев.

Шундай қилиб, арслонбобликлар расмийлар томонидан қўллаб-қувватланаётган жайтерекликлар тайёр, узоқ йиллар мобайнида ўзлаштирилган ерларни тортиб олмоқчилар, деб ҳисоблайдилар. “Ўн олти йил аввал у ёққа ҳеч ким, айниқса, жайтерекликлар боришни истамагандилар, - дейди арслонбоблик Шароп Ҳожибоев. – Биз бу тошлоқ ерни экин майдонларига айлантирганимиздан кейин участкага эга бўлишни истаб қолдилар”.

Жайтерекликлар эса ўз даъволарини Жайтерек ўрмончилигининг ташкил этилиши ҳақида қарор чиққани-ю унга мувофиқ равишда баҳсли участка энди уларга тегишли бўлиб қолгани билан асосламоқдалар. Улар “қўшимча яйловга катта эҳтиёж” сезганлари учун бу участкани яйлов айлантириш ниятидалар.

Зўрлаш учун ким жавоб беради?

Арслонбоблик Насиба Қўчқоровага кўра, 2006 йилнинг 26 май куни жайтерекликлар 150 киши ва вилоят маъмуриятидан келган комиссия аъзолари, милиция бошлиқлари кўзи олдида бир қизни калтаклаганлар. Бироқ, Қўчқоровага кўра, тегишли идораларга бир неча бор мурожаат қилинганига қарамай, айбдорлар жазоланмай қолаверган. Асрлонбобликларнинг таъкидлашларича, расмийлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари “жайтерекликлар жиноятига нисбатан кар ва соқов” бўлиб олганлар.

Айтиш жоизки, туман прокурори Расул Умаров кечикиб бўлса-да, бу ишнинг охирига етказди. Нохуш ҳодисадан тўрт ой ўтгач, у “жабрланувчининг аризасини йўқотиб қўйган” ТИИБ терговчисига нисбатан жарима солиш ҳақида маъмурий фармойиш ҳозирлаган. Ҳозир бу иш билан бошқа терговчи шуғулланаяпти.

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Тоғликлар ўртасидаги зиддият шу йилнинг 27 августида чўққига чиқди. Ўша куни 40 ёшдан 55 ёшгача бўлган тўрт жайтереклик арслонбоблик мактаб ўқувчиси Н.ни калтаклаганлар ва номусига текканлар. Шундан сўнг “қўшниларнинг жинояткорона қилмишлари”дан анчадан буён жафо чекиб келаётган арслонбобликлар қаҳр-ғазаби ўз-ўзидан жайтерекликларнинг ҳаммасига қарши қаратилган. “Бу воқеадан кейин бу ердаги вазият янада қалтислашди. Агар бу муаммолар зудлик билан ҳал этилмаса, қишлоқларимиз одамлари ўртасида тўқнашув чиқиб кетиши мумкин”, деб ёзгандилар мурожаатнома муаллифлари маҳаллий расмийлар ва давлат раҳбарига. Айни пайтда жиноятчилар қўлга олинганлар, улар устидан тергов кетаяпти. Аммо бу ҳам мазкур қишлоқлар одамлари ўртасидаги муносабатларни яхшилашга ёрдам бермади.

Қишлоқ ҳукумати бошлиғига кўра, қиз зўрланишининг Қарарт участкаси муаммосига мутлақо алоқаси йўқ. Аммо кўп арслонбобликлар бу уларни баҳсли ҳудуддан сиқиб чиқариш қасдида аввалдан ўйлаб пишитилган иш натижаси, деб ўйлашга мойиллар.

Эндиликда жайтерекликлар калтакланишдан чўчишиб, у-бу нарса харид қилиш учун Арслонбобга тушишдан қўрқаяптилар. Арслонбобликлар Жайтерекда туғилиб ўсган келинларини ҳайдаб юборган ҳоллар ҳам бўлган.

Зўрлаш юзасидан масаланинг ҳал қилинишини Жайтерек оқсоқоли Қурбаналиев ҳам, жайтерекликларнинг кўпчилиги ҳам қизни зўрловчига турмушга беришда кўрадилар. Қизнинг номусига тажовуз қилишда бош айбдор деб топилган Ҳ. қизга уйланишга тайёр, аммо қизнинг қариндошлари бунга қатъий қаршилик кўрсатаяптилар. Биринчидан, Ҳ. қизнинг отаси тенги одам, иккинчидан, у қиз отасининг дўсти бўла туриб, уни сотган. “Буни кечириб бўлмайди, - дейди жабрланган қизнинг холаси Асалхон Турғунова. – Агар зўравонларга енгилроқ жазо берилса, уларнинг қариндошлари билан ўлгунча олишамиз. Биз уларни ўлдиришга ва ўзимиз ҳам ўлишга тайёрмиз. Бу шармандаликка чидаб бўлмайди!”

Ҳар иккала қишлоқдаги кўпчилик одамлар айбдорлар қаттиқ жазоланишини кутаяптилар. Кўпчилик, жумладан, маҳаллий расмийлар ҳам зўравонларнинг ўлим жазосига ҳукм қилинишини талаб қилаяптилар. Уларга кўра, бу каби ҳайвонона қилмиш тарихда бўлмаган. “Айбдорлар ёруғ жаҳонда яшамасликлари керак, - дея таъкидлайди қишлоқ ҳукумати котибаси Рислихон Умурзоқова. – Аёл сифатида мен мамлакатда ўлим жазоси бекор қилинмаслигини талаб қиламан. Уларга ўлим жазоси берилиши керак”.

Баҳсли ҳудудга аслида ким хўжайин?

Қишлоқ ҳукумати бошлиғи Ғофуржон Раҳмонқуловга кўра, Қарарт участкаси ҳалигача яйлов сифатида қайд этиб келинади, аммо арслонбобликлар кўп йиллардан буён ундан экин майдони сифатида фойдаланганлар. “1982 йилда бу участкани ноқонуний равишда ўзлаштириб олганлар, - дейди у, - аммо у шу кунгача яйлов сифатида қайд этиб келинади, яъни ер экин майдонлари тоифасига расман ўтказилмаган”. Шунга қарамай, Жайтерек ўрмончилиги кўп йиллар мобайнида арслонбобликлардан ижара пули олиб келади.

Бу пуллар қаерга кетишини ҳеч ким айтолмайди. Гарчи ўрмончилик раҳбарлари билан аввалдан учрашиш ҳақида келишиб олган бўлсак-да, уларни ўз жойларидан тополмадик. Жайтерекликларга кўра, “улар журналистлар билан гаплашмайдилар”. Бироқ биз ер ижарасидан тушган пуллардан қишлоқни ривожлантириш учун бир тийин ҳам ажратилмаганини аниқлашга муваффақ бўлдик. Жайтерек қишлоғи оқсоқоли Замирбек Қурбаналиевнинг қайд этишича, уч мингдан зиёд одам яшайдиган қишлоқда тез ёрдам ҳам йўқ.

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Аснода, қишлоқ ҳукумати бошлиғи баҳсли ҳудудни жайтерекликларга беришга ваъда қилганини қатъан инкор қилди. У муаммони Жайтерек ўрмончилигини Арслонбоб ўрмон хўжалиги билан бирлаштириш орқали ҳал қилиш мумкин, деб ўйлайди. “Ўшанда бу масала ўз-ўзидан ҳал бўлади, - зеро унда битта раҳбар бўлади”. Қишлоқ аҳлининг калтаклашлар тўғрисидаги аризалари хусусида маҳаллий амалдор: “Бу ахир жиноий иш-ку. Муштлашишибди, ҳайвонларни уришибди... Буни ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳал қилсинлар. Бунинг устига, айрим ҳодисалар ТИИБ, туман прокурори ва вилоят вакиллари иштирокида содир бўлган”, - деди.

Бу хўжаликда 1988 йилдан бери ишлайдиган ўрмончи Султон Неъматов Қарарт участкасини жайтереклар ери, улар ҳудудидаги ягона яйлов, деб ҳисоблайди. “У жойда ер бузилгани учун экин экиб бўлмайди, - дейди у. – Бунинг устига арслонбобликлар ўзбошимчаларча у ерда 26 та уй қуриб олганлар”. У махсус комиссия бу уйларни бузиш ва участкани қонуний эгаларига, яъни жайтерекликларга топшириш ҳақида қарор қабул қилган.

Жайтерекликлар эса ўрмончиликнинг Арслонбоб ўрмон хўжалиги билан бирлаштирилишига мутлақо қаршилар. Аввал улар битта ўрмон хўжалиги таркибида бўлган пайтда 17 километр наридаги идорага бориш учун кўп вақт ва куч сарф этишга тўғри келарди, дейди Абдиллабек Бақашев.

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Вилоят раҳбарлари тоғликлар эътирозига анча хотиржамлик билан ёндошмоқдалар. Муаммо билан таниш бўлган вилоят губернатори муовини Жаниш Қурбанов вилоят маъмурияти томонидан барча тегишли тузилмалар вакиллари кирган комиссия тузилганини маълум қилди. Муаммони ўз жойида ўрганган “комиссия баҳсли участка ноқонуний ўзлаштирилганлигини аниқлаган ва бу ерни яйлов сифатида тиклашни таклиф қилган. Мен бу таклифга розиман ва ҳеч кимнинг қонун бузишига йўл қўймайман”, - деди Жаниш Қурбанов.

Икки қишлоқ аҳли ўртасидаги тўқнашув эҳтимоли хусусида губернатор муовини бу иш бўлмаслигини билдирди.

Афтидан, бу масалага нуқта қўйишга ҳали эртага ўхшайди. Ушбу муаммо билан шуғулланувчи ҳуқуқ ҳимоячилари, агар расмийлар бу масалаларни биргаликда ҳал қила олмасалар, баҳор бошланиши билан икки қишлоқ ўртасида баҳсли ҳудуддан фойдаланиш бўйича қарама-қаршиликлар яна авж олишини қайд этмоқдалар.