05:26 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Таржима мушкиласи: Қирғизистон янги Конституциясининг матни ҳалигача чоп этилгани йўқ

24.11.2006 09:18 msk

Абдумўмин Мамараимов (Фарғона.Ру)

“Фарғона.Ру” АА Қирғизистондаги мухбирларининг хабар қилишларича, мухолифат кучлари билан бўлган бир ҳафталик қаршиликдан сўнг мамлакат президенти томонидан 2006 йил 9 ноябрида имзоланмиш Қирғизистон Республикаси Асосий Қонуни янги таҳрири матни билан мамлакат аҳолиси ҳалигача таниша олмаган.

Орадан икки ҳафта ўтганига қарамай янги таҳрирдаги Конституция республика оммавий ахборот воситалари саҳифаларида пайдо бўлгани йўқ. Одатда, бу каби муҳим ҳужжатлар даврий матбуотда қабул қилган куннинг эртасигаёқ чоп этиларди. “24.kg” ААнинг 2006 йил 16 ноябрида Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) конституцион қонунчилик, давлат тузуми, қонунийлик, суд-ҳуқуқ ислоҳоти ва инсон ҳуқуқлари бўйича комитети бўлимига таянган ҳолда хабар қилишича, бу Асосий қонун матнининг давлат тилига ўгирилган нусхаси йўқлиги билан изоҳланади.

Манбанинг маълум қилишича, Асосий қонунни рус тилидан қирғиз тилига таржима қилиш ҳамда ундаги техник хатоларни тўлалигича бартараф этиш мамлакат парламенти аппаратига юклатилган. Душанба, 20 ноябрь куни Қирғизистон ахборот сайтларидан бири Жўғўрқу Кенеш мажлисида парламент спикери Марат Султанов Конституция матни давлат тилига таржима қилиб бўлинганини билдирган. Бироқ эртаси куни бу янгилик номаълум сабабларга кўра янгиликлар тасмасидан олиб қўйилган. Шошилиб тайёрланган, таҳлилчилар томонидан ҳар томонлама танқид қилинган матн эса ҳалигача матбуот саҳифаларида пайдо бўлмаган.

“Фарғона.Ру” АА мухбирлари мурожаат қилган Жўғўрқу Кенеш аппаратидаги масъул ходимлар вазиятни изоҳлашдан бош тортишиб, “отангга бор, онангга бор” қабилида иш тутишди. Аппарат раҳбари Суюнбек Қасмамбетов “янги таҳрирдаги Конституция матни аллақачон давлат тилига таржима қилинган”лигини маълум қилди. Ҳозир ноаниқликлар, қайтариқлар ва қарама-қаршиликлар кўп бўлган асосий матнни парафинлаш жараёни кетмоқда. “Мамлакат президенти ҳужжатни имзолаганидан кейин биз матндаги бирор-бир сўзни ўзгартира олмаймиз, - дея қайд этди Қасмамбетов. – Таржимадаги зарур тузатишларни фақат асосий матн қонунда белгиланган тартибда тузатилганидан кейингина амалга ошира оламиз”.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатда ҳокимият алмашувига сабаб бўлган 2005 йил март воқеаларидан кейин конституцион ислоҳотлар ташаббускорлари Асосий қонун матни давлат тилида, яъни қирғиз тилида ёзилишини талаб қилгандилар. Мамлакатнинг асосий қонунида миллий руҳ сезилиб туриши керак, дея таъкидлагандилар улар. Янги ҳокимият вакиллари бу ҳаракатни қўллаб-қувватлагандилар. 2006 йилнинг ёзига келиб собиқ бош прокурор, парламент депутати Азимбек Бекназаров бошчилигидаги конституцион кенгаш Асосий қонуннинг қирғиз тилидаги бир неча варианти тайёрланганди, бироқ улардан бирортаси ҳам қабул қилинмай қолаверди.

Мухолифатчи кучлар ҳамда мамлакат парламенти кўпчилик аъзоларининг босими остида президент Қурмонбек Бакиев парламент депутатлари томонидан ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги Конституцияни имзолаганди. Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси парламент аъзолари томонидан бир тун ичида ишлаб чиқилган ва эртаси куни президент Бакиев уни имзолаганди. Лекин янги ҳужжат Қирғизистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясида расмий мақоми сақланмиш рус тилида ёзилганди.

Мамлакат қонунчилигига мувофиқ, ҳар қандай қонун ҳукуматга қарашли “Эркин Тўў” газетасида чоп этилганидан кейингина расмий ҳужжат бўлиб ҳисобланади. Аммо биз кун бўйи бу нашр таҳририятига қўнғироқ қилиб, мазкур масала юзасидан жавоб ола билмадик. Ҳукуматнинг бошқа бир газетаси – “Слово Киргизстана” газетасининг бош муҳаррири Тамара Слашчева “янги таҳрирдаги Конституция матнининг (таҳририятга) келиб тушишини кутаётган”лиги ва “таҳририят уни тўла ҳажмда чоп этишга тайёр” эканини айтди.

Асосий қонун матнини чоп этишга бурчли бўлган маҳаллий давлат нашрлари ҳам “кутиш режими”да ишламоқдалар. Масалан, Жалолобод вилоятида қирғиз ва ўзбек тилларида чиқувчи “Ақийқат” ҳамда “Жалолобод тонги” газеталари бош муҳаррирлари С. Стамбеков ва Б. Ғозибаев сўзларига кўра, улар Конституция матнини чоп этиш учун махсус сон чиқариш ниятидалар. Лекин, ахборот веб-сайтларида чоп этилган матнни ҳисобга олмаганда, ҳали-ҳозир улар бу матнни кўрмаганлар.

Аснода, мамлакат жанубида маҳаллий ташаббускорлар Жўғўрқу Кенеш ходимлари билан параллел равишда Асосий қонунни ўзбек тилига таржима қилиб бўлганлар. Бу ҳақда 22 ноябрь, сешанба куни таржима муаллифи, ўзбек тилида ёзувчи таниқли публицист, Жалолобод вилоят Ўзбек миллий-маданий маркази лидерларидан бири Улуғбек Абдусаломов “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги мухбирига маълум қилган. “Фарғона.Ру” АА аввал хабар қилганидек, Жалолобод вилоят Ўзбек миллий-маданий маркази мамлакатда парламент бошқаруви шаклининг жорий этилишини ёқлаб чиққанди.

- Таржима устида, бошқа ҳамма ишимни бир четга суриб қўйиб, бир ҳафта ишладим, - дейди У. Абдусаломов. – Янги Асосий қонун матнини аҳолининг ўзбек тилли қисмига тезроқ етказиш истагида эдим. Мен янги таҳрирдаги Конституция ўзимиз ёқлаган парламент республикаси сари ташланган жиддий қадам бўлди, деб ҳисоблайман. Лекин шуни ҳам таъкидлаш керакки, таржима жараёнида мен кўплаб қарама-қаршиликлар, ноаниқликлар ва қайтариқларга дуч келдим, буни тегишли органлар бартараф этишлари лозим бўлади.

Таржима муаллифи ўзбекча матн чоп этилишидан аввал солиштириб чиқиш учун якуний матнни кутаётганини маълум қилди. Муаллиф етарли тажрибага эга бўлгани сабабли ўз таржимасининг сифатли чиққанига ишонади. Шунга қарамай, у матн таржимаси ҳақида ҳуқуқшунослар хулосасини олмоқчи. Унга кўра, Ўзбек маданий маркази таржима қилинган матнни китобча шаклида нашр этиш ва мамлакатдаги ўзбек аҳолисига тарқатиб бериш учун халқаро донорларга мурожаат қилиш ниятида.

Ҳозирча эса мамлакат жанубида тарқатилувчи, ўзбек тилида чиқадиган “Мезон” газетаси Конституция матни таржимасини текинга чоп этишга рози бўлган. Бу ерда, турли баҳоларга кўра, 800 мингдан бир миллионгача энтик ўзбеклар истиқомат қиладилар. Аммо газета адади бор-йўғи 3,5 минг нусхани ташкил этади.