20:46 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Жанубий Қозоғистонда анъанавий “Назм юлдузлари” анжумани бўлиб ўтди

24.11.2006 08:34 msk

Меҳрибон Бекиева

Уч йилдирки, қозоғистонлик ўзбек ижодкорлари иштирокида “Назм юлдузлари” тадбири ўтказилади. Кўрик танлов кўринишидаги бу тадбирда маҳаллий шоирлар ўз шеърлари билан қатнашади. Тадбир Қозоғистондаги “Дўстлик” ўзбек ассоциацияси томонидан ташкил қилинган ва мазкур ташкилот ҳомийлик масаласини ўз зиммасига олган.

Бу йил олий ўрин соҳибига юз минг танга (780 АҚШ доллари) ваъда қилинди. Тадбир шарти: ҳар бир шоир дўстлик мавзусидаги битта шеърини танловга тақдим қилади. Албатта ваъда қилинган маблағ озмунча пул эмас. Ижод аҳли бир йил давомида астойдил “тер тўкди” Йигирма тўрт шоирнинг шеъри танлаб олинди. Сараланган ўнта шеър финал босқичига “йўлланма” олди. Лекин олий ўрин ҳеч кимга насиб қилмади.

Ҳакамлар ҳайъати раиси, ўзбекистонлик шоир ва ёзувчи Мирпўлат Мирзага кўра, танлов қатнашчилари орасида олий ўринга муносиб қаламкаш топилмаган:

“Танлов иштирокчиларининг ижодий ишларини адабиётнинг ноёб намуналари дея олмайман. Лекин уларнинг интилишларини табриклаш жоиз. Улар дўстликнинг қадр-қимматини юракдан ҳис қилиб ёзишади. Бугун улар қозоқ ва ўзбек дўстлигини кўтаринки руҳда тараннум қилишди. Агар танловда тасодифан Эркин Воҳидов ёки Абдулла Орипов ўз шеърлари билан иштирок этганида олий ўрин албатта уларга насиб қиларди. Олий ўрин дегани, адабиётнинг энг юксак чўққисидир”, - дейди Мирпўлат Мирза.

Олий ўринга ажратилган юз минг танга маблағ ҳисобидан танлов иштирокчиларининг шеърлари жамланган китобни чоп қилиш режалаштирилди.

Шу ўринда Жанубий Қозоғистондаги ўзбек адабий муҳитига бир назар ташласак. Айтиш мумкинки, вилоятда ўзбек адабий муҳити мавжуд. Лекин бу муҳит шаклланиши учун шароит йўқ.

Бу ерда “Чашма”, “Исфижоб”, “Шамчироқ”, “Чимкент”, “Туркистон гуллари” каби ўнга яқин ўзбек ижодий уюшмалари фаолият кўрсатмоқда.

Бундан 20 йил аввал Сайрам туманининг Манкет қишлоғида яшовчи бир гуруҳ ўзбек ижодкорлари «Чашма» уюшмасини ташкил қилишди. Орадан йиллар ўтиб уюшма туман миқиёсида фаолият кўрсата бошлади. 2003 йилга келиб эса «Чашма» уюшмасига вилоят мақоми берилди. Бугунги кунда уюшманинг қирққа яқин аъзоси бор. Айни пайтда уюшма ижодкорлари томонидан ўзбек тилидаги «Адабиёт ва санъат» газетаси ҳамда болалар учун «Камалак» ва «Бойчечак» журналлари нашр қилинаяпти. Вилоятдаги ўзбек ижодкорлари орасида туркистонлик болалар шоири Эрназар Рўзимат, турбатлик Баҳодир Собит, Иброҳим Туркий каби олти нафар қаламкаш Қозоғистон ёзувчилар уюшмасининг аъзосидир.

Жанубий Қозоғистон университети профессори, адабиётшунос Ботир Норбоев вилоятдаги ўзбек адабий муҳитига баҳо беради:

“Бу ерда ўта шаклланган адабий муҳит мавжуд эмас. Истеъдодлар униб, ўсиши учун шароит йўқ. Адабий муҳит учун баҳс мунозаралар бўлиши лозим. Газета-журналларда жиддий мақолалар, фикр-олишувлар бўлиши шарт. Муҳит фаол бўлсагина шаклланиш бўлади. Шунингдек, бу ерда адабий танқидчилик ривожланмаган. Адабий танқидчилик бўлмаган жойда эса сифат даражаси паст бўлади”.

Жанубий Қозоғистонда насрдан кўра, назмда ижод қилувчилар кўпчиликни ташкил қилади.

“Тўғри бизда шоирлар кўп. Бунинг сабабини насрда ижод қилувчи истеъдодларнинг камлиги билан изоҳлаган бўлардим. Балки бу ерда наср учун ижодий муҳит йўқдир. Насрда ижод қиладиган бир иккита ёшлар бўлади. Лекин уларни ҳам шоирлар “ютиб” юборади. Насрда ижод қилишга етакловчилар зарур бизга”, - дейди “Чашма” ижодий уюшмаси раиси Абдураҳим Пратов.

Қозоғистон мустақил бўлгач, Ўзбекистон билан маданий алоқаларнинг тўхтаб қолиши адабиёт соҳасига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Собиқ Иттифоқ даврида Тошкент адабий муҳитидаги кўзга кўринган адибларнинг аксариятини Жанубий Қозоғистонда туғилиб ўсган ижодкорлар ташкил қилган: Миртемир, Уйғун, Одил Ёқубов, Носир Фозилов, Саъдулла Сиёев...

Адабиётшунос Ботир Норбоевга кўра, бугунги кунда жанубий қозоғистонлик ижодкорларни Ватан муаммоси қийнаяпти. Лекин бу нарсани улар ўз ижодларида намоён қилишга қўрқишади.

“Ўзбекона менталитет тарзи яъни камтарлик, хокисорлик, ҳақиқатни айтишга истиҳола қилиш туйғуси жанубий қозоғистонлик ўзбекларга ҳам хос. Бугунги ўзбек шеъриятида миллат дарди йўқ. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовлар ўзбек халқи дардини айтмаётган бир пайтда, ҳеч бўлмаса бу ерлик ижодкорлар бу нарсани қилишлари лозим. Бироқ улар ҳам бу борада жимлик сақлашни маъқул топишмоқда”, - дейди Б. Норбоев.

Қозоғистондаги ўзбек қавми орасидан етишиб чиққан ижод аҳли эса ўзларини қийнаётган муаммолар тўғрисида сўз юритишни маъқул топишади. Бугунги кунда уларнинг асосий муаммоси ижод намуналарини муштарийларга етказиш масаласидир.

Улар ўз асарларини ўзбек тилида чиқадиган маҳаллий газеталардан икки учтасида эълон қилдириш имконига эга. Иқтисодий муаммолар эса китоб нашр қилдириш масаласига тўсқинлик қилади.

“Дўстлик” ўзбек ассоциацияси раиси Рўзақул Холмуродовга кўра, “Назм юлдузлари” тадбирини ташкил қилишдан асосий мақсад ҳам ижод аҳлини муштарийларга танитишдан иборат эди.

“Қаламкашлар йиллар давомида ижод қилишади. Лекин уларнинг ижод намуналари китобхонга етиб бормайди. Қанчадан-қанча асарлар “чанг” босиб ётибди. Биз ушбу тадбир орқали уларга маълум маънода кўмак бераяпмиз. Масалан, бу йилги иштирокчиларнинг шеърларини китоб ҳолида нашр қилдириб, ўзбек мактаби ўқувчиларига дарслик сифатида тарқатишни режалаштирганмиз. Шунингдек, “халқнинг кимлигини танитадиган ўша элнинг ботирлари билан шоирлари” деган гап бор. Шоирларимиз ўзбекнинг ўзлигини танитишга хизмат қилишади. Шунинг учун ҳам биз айнан шеърият йўналиши бўйича тадбир ўтказишни танлаганмиз”, - дейди Р. Холмуродов.

Мирпўлат Мирзага кўра, жанубий қозоғистонлик қаламкашлар ижодида йилдан йилга бадиий пухталикка эришиш кузатилаяпти.

“Авваллари улар шунчаки ижод қилишарди, яъни, шеърларида бадиий сустлик яққол сезилиб турарди. Танловларда иштирок этиш уларни тоблаяпти. Уларда ижодий юксакликка интилиш, бадиий шаклланиш кучаяпти”, - дейди М. Мирза.

“Исфижоб” уюшмаси аъзоси Алишоҳ бу йил “Назм юлдузлари” танловида қатнашмади. Лекин у ўзбекистонликларга бағишланган “Йиғлайди” номли шеърини “Фарғона.Ру” муштарийлари эътиборига ҳавола қилди.

Йиғлайди

Не кунларга қолдик биз дея, кўзида ёш армон йиғлайди,

Қайга боқсанг ноҳақлик дебон куйиб ранги сомон йиғлайди.

Амалдорлар бўлди қозончи, лаганбардон пичоғи мойда,

Оддий халқни ўйлагувчи йўқ, орифлари ҳайрон йиғлайди.

Топганлари етмас қарзига, бола-чақа очу яланғоч,

Йўқчилликнинг оқибатида тўшакдаги камқон йиғлайди.

Ичган суви ифлос ва сассиқ, беморларнинг саноғи йўқдир,

Ногирон ул боласин қучиб, афсус, қоши камон йиғлайди.

Гапиради тўрда бир нодон, айтганлари гўё қонундай,

Тўғри сўзни тортишсанг агар фақат ҳақгўй томон йиғлайди.

Мансабдорлар бузар қонунни бас келолмас уларга ҳеч ким,

Солиғига топгани етмай, чанглар ютиб деҳқон йиғлайди.

Тўғри юрсанг иш ҳеч битмайди, пора бериш қалбга сиғмайди,

Ҳақсизликдан асаблар таранг, асоратда қолган йиғлайди.

Халқ чун дея беради аввал, сўнг қилади кунига миннат,

Бундай не-не савобни кўриб, қонлар ютиб эҳсон йиғлайди.

Кўз бўяшга харакат қилар, “халқчиллиги” баҳона бунга,

Бирни берса юзни бердим дер, йўқсиллари ҳамон йиғлайди.

Мақсадлари бўлди пул йиғиш, ҳаром-хариш оқиб келади,

Балохўрлар сурди даврини, ем бўлганлар гирён йиғлайди.

Шикоятинг эшитмас ҳеч ким, қарға-қарға кўзин чўқимас,

Қонун бўлди бул кун қора лой, зарар кўрган ҳар он йиғлайди.

Қум тўзонда келар туялар, юки қолган қайси бир чўлда,

Карвонининг бул аҳволини, билса албат сарбон йиғлайди.

Алишоҳ дер, эй, азизларим, гар қозончи бўлмаса тўғри,

Келажакда кўриб ҳолимиз, ҳатто маймун чунон йиғлайди.