07:43 msk, 10 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Москвада “Демографик истиқбол” экспертлар клубининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди

23.11.2006 08:35 msk

Н. Зотова

Яқинда ташкил этилган “Демографик истиқбол” экспертлар клуби Россиядаги демографик тараққиёт муаммоларини тадқиқ этувчи таниқли олимларни бирлаштирди. Россия муҳожирлик меҳнат биржаси ҳамда Ижтимоий ва демографик сиёсат портали клуб ҳамкорлари сифатида чиққанлар. Ўзининг биринчи мажлисини клуб 21 ноябрь куни “Новости” РААда ўтказди. Бўлиб ўтган давра суҳбати “Демографик истиқбол” экспертлар клубининг “XXI аср Россияси геосиёсий координаталарда” мавзусидаги биринчи маърузасининг тинглови ва муҳокамасига бағишланди.

Биринчи мажлисдаги мунозаранинг асосий маърузачиси ва бошловчиси клуб президенти, иқтисодиёт фанлари доктори, РФА Ижтимоий-сиёсий тадқиқотлар институти бош илмий ходими Леонид Рибаковский бўлди. Мажлисда иқтисодиёт фанлари номзоди, М. В. Ломоносов номидаги МДУ иқтисодиёт факультетининг аҳоли муаммоларини ўрганиш бўйича маркази катта илмий ходими Владимир Архангельский; фалсафа фанлари номзоди, профессор, М. В. Ломоносов номидаги МДУ ижтимоиёт (социология) факультетининг оила социологияси ва демография кафедраси мудири Анатолий Антонов; ЕврОсИҲ (Евросиё иқтисодий ҳамкорлиги) Бош котиби Григорий Рапота; иқтисодиёт фанлари доктори, РФА Ижтимоий-сиёсий тадқиқотлар институти профессори Сергей Рязанцев; иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, МДУ иқтисодиёт факультетининг аҳолишунослик кафедраси мудири Владимир Ионцев; иқтисодиёт фанлари доктори, Россия Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва ахборотлаштириш ИТИМ профессори Алла Иванова; Россия муҳожирлик меҳнат биржаси раиси Вадим Моденов иштирок этдилар.

Л. Л. Рибаковский маърузаси Россиядаги ҳозирги демографик вазиятга бағишланди. Маърузанинг асосий моддаларини Россия келажаги учун тобора қўрқинчли бўлиб бораётган мамлакатнинг демографик ривожланиш ўлчовларининг ёмонлашиши ташкил этди. Насл давомийлиги учун туғиш салоҳиятига эга аёлларга 2,10-2,15 та туғилиш тўғри келиши зарур бўлган бир пайтда туғилиш даражаси ҳам жуда пастлигича (1,3 нисбатида) қолмоқда. Ўлим кўрсаткичлари жуда юқори, янги асрда кутилаётган умр давомийлиги эса ўртача 62,5 йилга тенг бўлиб, бу Ғарбий Европа мамлакатларидагидан 13 йилга пастдир. Шу икки омил сабаб аҳолининг табиий камайиши у беш йилликдан бу беш йилликка ортиб бормоқда.

Ўн беш йил мобайнида аҳолининг қисқаришини ушлаб турувчи ягона ижобий омил ташқи муҳожирот бўлган. 1991-1995 йилларда миграция аҳолининг табиий камайишни 100 фоиз қоплаган, 1996-2000 йилларда 50 фоизни қоплади, янги асрда миграция 20 фоиздан камроғини қоплади, 2003 йилдан бошлаб муҳожирот аҳолининг табиий камайишини бор-йўғи тақрибан 10 фоизгагина қоплай бошлаган, холос. Миграцион ўсиш натижасида Россия аҳолиси 7,5 фоизга эмас, 3,8 фоизга қисқарган.

Умуман олганда, агар мамлакатни аста-секинлик билан демографик бўҳрондан олиб чиқиш бўйича қатъий чоралар кўрилмаса, демографик тараққиёт тамойиллари, унинг яқин 20 йил учун тахмини Россияда демографик ва меҳнат потенциали қисқариши эҳтимоли ҳақида гувоҳлик беради. Аҳоли ҳамда унинг меҳнатга яроқли қисмининг бу каби динамика билан камайиб бориши оқибатлари дунё аҳолиси ичида Россия улушининг камайишига ҳамда мамлакат ички ялпи маҳсулоти ўсиш суръатининг қисқаришига сабаб бўлиши мумкин, бу эса унинг иқтисодий жиҳатдан тараққий этган мамлакатлардан орқада қолишини кучайтиради.

Маъруза тақдим этилганидан кейинги мунозарада муҳожирот масалалари асосий ўринни эгаллади. Шунга кўра, “Фарғона.Ру” муштарийларига, хусусан, “Россия муҳожирлик меҳнат биржаси” ОҲЖ фаолияти билан танишишни таклиф этамиз.

Россия муҳожирлик меҳнат биржаси

“РММБ” ОҲЖ 2002 йил ноябрида қонуний меҳнат муҳожироти жараёнларини бошқариш мақсадида тузилган. Лойиҳа ташаббускорлари ва ишлаб чиқувчилари ичида давлат иқтисодиёт ва ижтимоий таъминот жабҳасида тажрибага эга бўлган, халқаро меҳнат бозоридаги вазиятни яхши биладиган олимлар ва амалиётчилар бор.

Бу, шубҳасиз, бизнес лойиҳадир, чунки РММБ иш берувчи ва иш қидирувчига турли хизматларни кўрсатиб, улар ўртасида воситачи сифатида иш олиб боради. Шунга қарамай, Биржа ташкил этган кишилар давлат аппаратидан чиққан одамлар бўлганлари учун лойиҳа ҳокимиятнинг турли қасабаларида маъқулланган, ундан корчалонлик ҳамжамияти вакиллари ҳам манфаатдорлар. Ҳозирги пайтда РММБ ЕврОсИҲ йўналиши бўйича ҳаракат олиб бориб, МДҲда ўз ваколатлари тармоғини кенгайтирмоқда. Тармоқни кенгайтириш бўйича ҳаракатлар, биринчи навбатда, Марказий Осиё минтақасига йўналтирилган. Масалан, Тожикистонда ҳозир Биржанинг иккита ваколатхонаси фаолият олиб бормоқда, келажакда уларнинг сонини 15 та етказиш режаланган.

Қайд этиш муҳимки, Муҳожирлик биржаси муҳожирлар ижтимоий ҳимояси ва шароитга мослашуви масалаларини ҳал қиладиган илк расмий идора бўлиб ҳисобланади. Биржа воситачилигида Россияга ишга жойлашишга келган кишилар ишлаш учун расмий рухсатномага эга бўладилар ва уларга ижтимоий хизматлар кафолатланади. РММБ раҳбари Вадим Моденовнинг қайд этишича, номашруъ муҳожиротни очиққа олиб чиқишни ҳал этиш самарали инфратузилмани яратишсиз мумкин эмас. Бу йўналишдаги яқин келажакдаги биринчи қадам муҳожирлар учун ётоқхоналар қуриш бўлади.

Биржа ташкил топган дастлабки йилларда унинг ходимлари фаолияти бўш иш ўринлари ва иш қидирувчилар ҳақида маълумотлар омборини шакллантиришга йўналтирилди. Биржа иш билан таъминлаш агентлигини франчайзинг шартлари асосида ҳамкорликка жалб қилади. В. Моденовнинг эҳтиёткорлик билан берган баҳосига кўра, 2007 йилда Биржа ўз фаолияти билан бутун миграцион оқимнинг уч фоизини қамраб олишга муваффақ бўлади. Тизимнинг келажакда нақадар самарали ишлашини вақт кўрсатади.

Муаллиф ҳақида: Зотова Наталья Александровна – “Фарғона.Ру” АА муҳаррири, тарих фанлари номзоди, РФА Этнология ва антропология институти илмий ходими. Москвада яшайди.