04:12 msk, 18 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Сарез кўли хавфи: айримлар муаммони чайқов қилиш билан банд бўлиб турган пайтда бошқалар тер тўкиб ишлаяптилар

21.11.2006 15:33 msk

Фарғона.Ру

Суратда: Сарез кўлининг коинотдан кўриниши. Maps.Google.com сайтидан олинган фотосурат

“Олимлар огоҳлантирадилар: Марказий Осиё табиий офат бўсағасида”. “Россия овози” (“Голос России”) радиосида чиққан, бизнинг сайтимизда кўчириб босилган хабар ана шундай номланарди. Унда “Россия овози” “Немис тўлқини”га таянган ҳолда “Планета” ННТ президенти Исмоилжон Қаландаров ва Ўзбекистон Бош гидромети ходими Николай Горелкин тоғдаги Сарез кўли юзасидан “хавотирларини журналистлар билан ўртоқлашган”ларини хабар қилганди. Журналистлар олдида сўзлаган бу икки олимга кўра, ҳозирги пайтда кўлдаги вазиятни ҳеч ким назорат қилмаяпти ва “агар охирги экспедиция бўлмаганида водийда одамлар боши узра осилиб турган хавф ҳақида ҳеч ким билмаган бўларди”.

“Фарғона.Ру” АА таҳририяти Сарезда узоқ йиллар ишлаган етакчи мутахассисларга ўзбекистонлик ҳамкасбларининг чиқишларини шарҳлаб бериш ва муаммо хусусида ўз фикри билан ўртоқлашиш илтимоси билан мурожаат қилган. Аниқланишича, ҳақиқий аҳвол И. Қаландаров ва Н. Горелкин тасвирлаган вазиятдан анча фарқ қилар экан.

Юрий Казаков
Юрий Казаков
Юрий Казаков - ЖТГЭ Помир отряди геологи: - Бу мақола муаллифлари каби одамлар билан илмий баҳсга киришиш фойдасиз, чунки диалог учун суҳбатдошлар бир тилда гапиришлари керак бўлади.

Мен геологман, кўп йиллар Тожикистондаги Сарез кўлида ишлаганман. Сарез кўли хавф солиши ҳақида бизгача ҳам жуда яхши билганлар. 1975 йилдаёқ кўлни хавфсиз ҳолга келтириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳақида СССР Вазирлар маҳкамасининг қарори чиққанди. Бу муаммо билан ўз касбининг устаси бўлган жуда кўп мутахассислар шуғулланганлар. Энди эса бу фактни ҳозиргина топган ва бу ҳақда жаҳон ҳамжамиятини огоҳлантираётган одамлар топила қолибди.

Мақоладаги иқтибосларга қараганда, Сарез кўли ҳақида ҳеч ким ҳеч қачон гапирмаган экан. “Бартоғ дарёси водийсига бутун бошли тоғ тизмаси қулаб тушган”, - деб ёзадилар улар. Сарез кўли пайдо бўлишига сабаб бўлган дарё азалдан Мурғоб дея аталган. Унинг ёнида Музкўл тизмаси бор, албатта, аммо у ўз жойида тургандек эди. Агар у ҳақиқатан қулаб тушганда эди, Сарез кўли ўрнида ҳеч нарса қолмаган бўларди, чунки кўлнинг чуқурлиги бир неча юз метр келади, холос, тизма сув айиргичи кўлдан 2500-2600 метр юқорида жойлашган. Шунинг учун ҳам агар тизма “қулаб тушган”да эди, кўл тошлар билан тўлиб қолган бўларди ва ундан ном-нишон қолмасди.

Наблюдательная станция на Сарезе. Фото Л.П.Папырина
Сарездаги кузатув станцияси. Л. П. Папирин фотоси
“Сарез кўли тўлиб-тошган: сув сатҳи кўл бўғзига келиб қолган”. Агар сув кўл бўғзига келиб қолган бўлса, демак, эртага у тоша бошлайди ва фожеа юз беради, чунки Сарезда мен билан бирга ишлаган ҳамкасбим йигирма йиллар аввал кўл сатҳининг йилига ўртача 20 смга кўтарилишини ҳисоблаб чиққанди. Кўл атрофида ҳар йили ўнга яқин сейсмик силкинишлар қайд этилади, аммо агар сув кўл бўғзига келиб қолган бўлса, уларнинг нима ҳожати бор? Гидрометрик масканлар дарёлардаги сув сарфини ҳам назорат қиладилар. Сарез атрофида бунақа масканлардан учта. Улар 1938 йилда қўйилган. Шу сабабли ҳатто бўкиб ичиб олгандан кейин ҳам у ерда 15 маскан санашнинг имкони йўқ эди. Сарез кўли ёриб чиқиб кетадиган бўлса, оқим Амударё қуйисигача етиб боради, бу ҳақда тадқиқотчилар бундан ўттиз йил аввал билардилар. Аммо агар тўлқин баландлиги 120 метрга етадиган бўлса, бу Туркманистон ва Ўзбекистоннинг ярми сув остида қолади, демакдир. Балки у Қозоғистонга ҳам етар ва ҳатто Орол денгизидаги сув сатҳини тиклар.

Мақолада келтирилган маълумотлар бемаъни гаплардир. Агар бу мақола 1 апрель куни пайдо бўлганда эди, мазза қилиб кулиш мумкин бўларди. Лекин у октябрда чоп этилгани учун бу ерда фақат битта хулосага келиши мумкин – балки бирор-бир ташкилот бу эртакка ишониб, Сарезни янгитдан кашф этган кишиларга грант бериб юборар.

Мен Сарезда ишлаган киши сифатида бу муаммо юзасидан тадқиқотлар охирига етказилмаганидан ҳамда Сарез кўли хавфсиз ҳолга келтирилмаганидан жуда афсусланаман. Тошкентдаги Гидролойиҳа институтида ва Гидрометеохизматда Сарез кўли ёриб чиқиб кетиш хавфи ҳақида яхши биладилар. Аммо улар деярли ҳеч қандай чора кўрмаяптилар ҳамда жаноб Қаландаров ва жаноб Горелкинларнинг эртак тўқишларига имкон бераяптилар.

Сарез кўли муаммолари билан қизиққанлар ва барча муштарийларимизни серверимизнинг ушбу мавзуга бағишланган бўлимига (Sarez.fergananews.com) ташриф буюришга таклиф этамиз.