02:47 msk, 19 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари Ўзбекистоннинг БМТТД рейтингида нечанчи ўрин эгаллагани ҳақида хабар беришдан чўчимоқдалар

20.11.2006 19:25 msk

Ўз ахб.

16 ноябрь куни Тошкентда БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) томонидан тайёрланган 2006 йил учун Кишилик тараққиёти ҳақидаги глобал маърузаси тақдимоти бўлиб ўтди. БМТга аъзо 177 мамлакатни қамраган ҳамда ўртача умр давомийлиги, даромад миқдори ва таълимни эътиборга олувчи тадқиқот натижаларига кўра, бу мамлакатларнинг йиллик рейтинги чиқарилади. Кишилик тараққиёти даражаси юқори бўлган мамлакатлар рўйхат бошида, мазкур даража паст бўлган мамлакатлар эса рўйхат охирида келади. Бугунги кунда ушбу рейтинг турли давлатлардаги турмуш даражасининг энг холис кўрсаткичларидан бири бўлиб ҳисобланади.

Маъруза тақдимотида уни тайёрлаган айрим мутахассислар ҳамда БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Фикрет Ақчура иштирок этдилар. Улар журналистларга ўз тадқиқотлари хулосалари ҳақида гапириб бердилар ва мухбирларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар. Лекин буларнинг бари ортиқча бўлди: Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида БМТТД маърузаси ҳақидаги хабарлар қисқартирилган шаклда пайдо бўлди.

Тақдимот бўлиб ўтганию бу каби маърузалар ҳар йили чоп этилиб туриши ҳақида хабар қилган Ўзбекистон ОАВ энг асосий нарса – халқаро тадқиқотчилар командаси ўз рейтингида Ўзбекистонга қайси ўринни берганлиги хусусида бирор оғиз маълумот бермаганлар.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг асосий вазифаси доно ва заковатли президент раҳбарлиги остида республиканинг муваффақият ва зафарларини осмонга кўтариб мақташ эканини эсда тутароқ, журналистлар Ўзбекистоннинг бу доно раҳбарлик натижасида 113-ўринга тушиб қолгани тўғрисида хабар беришга журъат қилмаганларига ҳайрон ҳам бўлмайсиз. Айниқса, агар бу йилги кўрсаткич Ўзбекистоннинг бунгача эгаллаб келган ўринлари билан солиштириладиган бўлса, унинг БМТТД рейтингидаги аҳволи йилдан-йилга ёмонлашиб бораётгани аниқ бўлиб қолади: 2005 йилда 111-ўрин, 2004 йилда – 107-ўрин, 2003 йилда - 101-ўрин, 2002 йилда - 95-ўрин, 2001 йилда - 94-ўрин.

Ушбу маълумотларни ёйинлаш “президент Каримовнинг салоҳиятсизлиги туфайли мамлакат тобора таназзулга юз тутмоқда”, дея жар солишга баробар бўларди. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг сукути республикадаги аҳвол ҳақида тақдим этилган маърузадан кам маъно касб этмайди.