06:09 msk, 20 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Мамлакатнинг иқтисодий қолоқлиги чегарачилар қўлини боғлаяпти ва чегараларда янги муаммоларни туғдирмоқда

20.11.2006 15:02 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)

А.Мамбеталиев фотоси, “Фарғона.Ру АА”
Марказий Осиёда қачонлардир “демократия оролчаси” сифатида шуҳрат тутган мамлакатнинг иқтисодий қолоқлиги фақат чегара ва чегараолди муаммоларини ҳал қилишга ҳалақит берибгина қолмай, мазкур жабҳада янги мушкилотларнинг туғилишига сабаб бўлаяпти. Бу тезис 18 ноябрь куни Жалолободда бўлиб ўтган “Қирғизистон жанубидаги чегара ва чегараолди муаммоларини баҳолаш” мавзусидаги давра суҳбати иштирокчиларининг асосий урғуси бўлди.

Охирги йилларда минтақа ва Россиянинг ахборот сайтлари Марказий Осиёдаги чегараолди жойларида содир бўлаётган зиддиятлар ҳақида хабарлар тез-тез учрай бошлади. Бу воқеалар таҳлили мазкур зиддиятларнинг кўпи Қирғизистон фуқаролари ва ҳарбийлари иштирокида содир бўлаётганини кўрсатади. Бу зиддиятларда ким айбдор экани ҳақида айтиш қийин, чунки оммавий ахборот воситалари кўп ҳолларда нохуш ҳодиса сабабларига тўхталмай, асосан фақат ҳодисаларнинг ўзи тўғрисидагина хабар берадилар.

Бироқ, қайд этиш жоизки, Қирғизистон чегара ва божхона хизматлари моддий-техник базасининг ночорлигидан 15 йил мобайнида, яъни мамлакат мустақил бўлганидан бери давлат чегараларини қўриқлаб турган мазкур хизмат ходимларининг шароитлари унча яхши эмас. Чегаралардаги назорат-ўтказиш пунктларини қуриш ва таъмирлаш учун охирги йилларда давлат бюжетидан бирор сўм ажратилмаганининг ўзиёқ кўп нарсани англатади, дея билдирди Қирғизистон Божхона назорати бошқармаси бошлиғи, полковник Сергей Осипов давра суҳбати чоғида.

Чегара хизмати чегара назорати бош бошқармаси бошлиғи, полковник М. Қабаевга кўра, бу масала ҳукуматда кўриб чиқилган, аммо пул ажратилмай қолаверган. М. Қабаев Ўзбекистон Қорасув шаҳрида жойлашган Шаҳрихонсой устидаги янги назорат-ўтказиш пункти қурилишини деярли якунлаган. Қирғизистонлик расмийлар эса ўз назорат-ўтказиш пунктларини (НЎП) кейинги йил қуришга ваъда бермоқдалар. “Яқинда қўшнилар томонидан НЎП очилиши бўлиб ўтади, у ҳолда биз нима қилишимиз номаълум”, - дейди чегарачи.

Шунингдек, полковник М. Қабаев шунга ўхшаш муаммолар Қирғизистоннинг бутун чегаралари бўйлаб мавжудлигини маълум қилди. Масалан, Новкен тумани ҳудудида жойлашган Маданият қишлоғи яқинидаги НЎПда аҳвол яна ҳам ёмон. У ерда чегара маскани яқинидаги жойлар маҳаллий тижоратчилар томонидан сотиб олинган, чегара ва божхона ходимлари учун эса узунлиги 10 метрча келадиган жой теккан.

М. Қабаевга кўра, ҳудуд чегара хизмати раҳбарияти Новкен туман маъмуриятидан давлат балансида қолган ягона икки қаватли бинони ўзларига беришни сўраганлар, аммо бу масала ҳалигача ҳал қилинмай келмоқда.

“Уларнинг бошқа манфаатлари бор, - деди М. Қабаев маҳаллий амалдорларнинг тижоратчилар билан алоқаларини назарда тутаркан. – Аммо бизнинг ходимлар нормал шароитда яшашлари ва ўқишлари керак. Чунки бизга ҳар куни ходимларимиз ўрганиб чиқишлари учун зарур бўлган янги меъёрий ҳужжатлар келиб тушади”.

А.Мамбеталиев фотоси, “Фарғона.Ру” АА
Қирғизистон ТИВнинг муҳим топшириқлар бўйича элчиси Жээнбек Қулубаев ҳам маҳаллий ҳокимият органлари юқорида тилга олинган муаммоларни ҳал этишда ёрдам кўрсатишлари лозимлиги хусусидаги фикрга қўшилади. “Албатта, молиявий масалалар ҳукумат даражасида ҳал қилишини керак, - дея қайд этди у. – Аммо маҳаллий органлар ҳам уларга ёрдамлашишлари лозим. Чегаралардан ўтказишда нормал шароит таъминланиши керак, зеро у зиддиятлар учун шарт-шароитлар яратади”.

Бу муаммога Қирғизистон Божхона назорати бошқармаси бошлиғи, полковник Сергей Осипов бошқачароқ ёндошади. “Бизда НЎП қурилиши ва техник жиҳозланиши давлат бюжети ҳисобидан молиялаштирилиши кўрсатиб қўйилган “Давлат чегараси ҳақида” Қонун борлигини унутмаслигимиз лозим”, - деди у. Осипов бу юкни маҳаллий ҳокимият органлари ҳамда бюжетдан ташқари турли жамғармалар устига юклаш билан “биз мавжуд қонунларни бузаяпмиз”, дейди. “Шунинг учун ҳам бу муаммоларни ҳал этиш учун ҳукуматга мурожаат қилиш, перспектив дастур тузиш керак”, - дея билдирди С. Осипов.

Минтақа чегара ва чегараолди муаммолари мониторингини ўтказган экспертлик гуруҳи раҳбари Эркин Абдиразақовга кўра, маҳаллий расмийлар чегаранинг турли томонларида яшовчи аҳоли ўртасида яхши қўшничилик алоқаларининг ривожланишига ёрдам берадиган бошқа муаммоларни ҳал қилишда кўмак беришлари мумкин эди.

Аммо айни пайтда Э. Абдиразақов маҳаллий расмийларнинг марказий ҳокимият органларига бош ирғаб ўтиравермасдан, муаммони ҳал қилишга киришлари лозимлигини, чегараолди жойларини ободонлаштириш кераклигини ва халқаро донорлардан умид қилиб ўтириш керакмаслигини қайд этди. У мазкур муаммоларни митинг эҳтирослари билан эмас, тинч музокаралар йўли билан, зарур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш орқали ҳал қилиш лозим, деб ҳисоблайди.

Тадбир иштирокчилари чегарадаги жуда кўп зиддиятлар энг жўн масалалар ҳал қилинмаганлиги туфайли содир бўлаётганини қайд этдилар. Бу ишсизлик, ичимлик ва суғориш сувлари билан таъминланмаганлик, чегараолди савдоси, яйловлар муаммоси, қўшнилар чегараларини айланиб ўтувчи қулай йўлларнинг йўқлиги ва ҳ. каби масалалардир. Булардан ҳар бирини ҳал қилиш муайян миқдорда маблағ талаб қилади, буни эса ҳозирча давлат ажратмаяпти.

Чегараолди масалаларини йўлга солиб юборишда иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш асосий роль ўйнайди, деб ҳисоблайди Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегаралари делимитация ва демаркацияси бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг Қирғизистон томонидан бўлган раҳбари Саламат Аламанов. Журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, у ҳозирги пайтда Қирғизистон чегаралари бўйлаб ўз муаммоларига эга бўлган 145 та қишлоқ борлигини қайд этди. Дипломатга кўра, жойлардаги иқтисодий муаммолар ҳал қилинмагунича чегараолди муаммолари ҳал қилинмай қолаверади. “Чегараолди муаммоларини ҳал қилишнинг йўли жуда осон – бунинг учун иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш лозим”, - дея билдирди у.

Ташқи ишлар вазирлигининг Қирғизистон жанубидаги ваколатхонаси томонидан ЕХҲТ Ўш бюросининг молиявий кўмагида уюштирилган мониторинг натижалари муҳокамаси ўша куннинг ўзидаёқ поёнига етди. Муаммолар эса ҳал этилмай қолди. Шунинг учун ҳам, давра суҳбати иштирокчиларидан бири қайд этганидек, ҳукумат чегарачилар ҳозирда ўзлари мустақил равишда ҳал қилишга уринаётган чегараолди муаммоларига сўзсиз юз буриши даркор бўлади.