03:02 msk, 24 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон жанубида жойлашган Қонбешбулоқ кўли осмон жинси кратери бўлиши мумкин

17.11.2006 18:54 msk

Михаил Захаржевский (Тошкент)

Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти ғарбидаги Хамконда жойлашган, эни 800 метрча келадиган Қонбешбулоқ кўли нишоналарига кўра ўзига хос табиат ёдгорлиги бўлиб ҳисобланади. Ўзбекистон жанубида узоқ йиллар мобайнида дала тадқиқотларини олиб борган тошкентлик геолог Ольга Никитина фикрича, бу кўл табиий ёки сунъий йўл билан пайдо бўлмай, метеорит кратери бўлиши мумкинлиги билан эътиборга лойиқдир.

- Кўлнинг тоғ жинси тушиши натижасида пайдо бўлганлигига ишора қилувчи бир неча омилни кўрсатса бўлади, - дейди О. Никитина. – Осмон жинси тушганига кўплаб гувоҳликлар кўлнинг шимолидан жанубига олиб борувчи ягона траекториясида кузатилади. Қашқадарё ҳавзасини шарқдан ўраб турувчи тоғларда эса мутшдек келадиган йирик, ғовак ва шишасимон метеорит парчалари, шунингдек, самовий жисмларга мансуб бошқа тошлар учрайди. Бу тузилмалар коинотдан яхши кўринади, уларнинг ҳажми тахминан 200 метрга етиши мумкин. Бу тузилмалар тарқалган жойнинг умумий ҳажми эса тақрибан бир ярим километрни ташкил қилади.

Осмон жисмлари парчаларининг тушиш кетма-кетлигини, уларнинг катталиги ва тушиш нуқталари орасидаги масофаларни таҳлил қилиб чиққач, Олга Никитина ўз ортидан бунақа из қолдирган йирик метеорит Хамконга тушиши ва кратер ҳосил қилиши керак эди, деган хулосага келади. Унга кўра, бу кратер кейинчалик сув билан тўлган ва Қонбешбулоқ кўли, дея атала бошлаган. Кўл косасининг метеорит тушиши натижасида ҳосил бўлганини унинг ёнбағрига ёпишган майда қизил қумлар ҳам кўрсатиб турибди, бу зарраларнинг портлаш натижасида пайдо бўлганини тахмин қилиш мумкин.

Бутун дунёдаги илмий муассасалар, музейлар ва хусусий коллекциячилар доимий равишда Ердаги метеоритларни қидириш ва ўрганишда давом этиб келаяптилар. Сайёрамизга йилига мингдан кам бўлмаган метеоритлар тушишига қарамай, уларнинг кўпчилиги денгизлар, океанлар ва одамлар кам яшайдиган жойларга тушганлиги сабабли топилмай қолиб кетадилар. Музей ва институтларга йилига ҳаммаси бўлиб 12-15 метеорит келтирилади. Шунга кўра, Қонбешбулоқ кўли ва унга ёндош жой одамларда катта қизиқиш уйғотиши мумкин. Устига устак, бу жойлар ҳали кам ўрганилган. Балки кўл қаърида жаҳон фанини бойитиши мумкин бўлган ўта қимматли самовий жисм яширингандир?

Шу тариқа, Қонбешбулоқ кўли космогоник йўл билан пайдо бўлган Ўрта Осиё табиий ёдгорликлари “коллекция”сидаги навбатдаги “экспонат”га айланиши мумкин.