06:28 msk, 12 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистон: Чимкентда санитария меъёрлари ва талабларига жавоб берувчи бирорта ҳам бозор йўқ

17.11.2006 17:29 msk

Ирина Казорина, Чимкент

Чимкент бозорлари учун одатий бўлиб қолган ҳаёт суд ижрочилари билан бўлган узоқ жанглар натижасида бир лаҳзада тугади. Олдини олиш чоралари ижобий натижа бермади ва кескинроқ чоралар кўришга тўғри келди – баъзи жойларда фаолият тўхтатилди, айрим ерларда эса бозорлар умуман ёпиб қўйилди.

Бозорларнинг барча норматив-қурилиш меъёрларини бузиб-янчган ҳолда улкан саккизоёқ каби Чимкентни ўз пайпаслагичлари билан чирмаб олганлигига “уч наҳанг” – Ер комитети, Меъморчилик бошқармаси ва Давлат архитектура-қурилиш назорати бошқармаси айбдор. Бу бозор армагеддони ўша ташкилотлар розилиги билан пайдо бўлган. Бозорларни қайта қуриш бўйича шаҳар штаби ана шундай қарорга келган. Текширув натижасида кўп хулосаларга келинган, жумладан, юзага келган вазият учун жавобгар бўлган хизматлар ва департаментлар бошлиқлари билан ха йрлашиш зарурлиги ҳақида ҳам таклифлар айтилган.

Чимкентда фаолият кўрсатаётган эллик тўрт бозорнинг эллик биттасида бир хил кўринишга гувоҳ бўлиш мумкин: битта савдо ўрни учун олти мураббаъ метр меъёр қилиб белгиланганига қарамай, сотувчилар ярим метрлик каталакларга тиқилиб олганлар. Шунга мувофиқ равишда, бозор ҳақи ҳам мураббаъ метрлик жой ҳисобидан эмас, ҳар бир сотувчидан алоҳида олинади. Ҳар бир савдогардан олинувчи 450 танга (тақрибан 3,5 АҚШ доллари) жамланганда мўмайгина пулга айланади, бу маблағни эса бозорқўмлар ўз ҳудудларини ободонлаштириш учун сарфлашга ҳаракат қилмаяптилар.

“Савдогарларга [ишлаш учун] шароит яратиш керак. Ҳозирги шароит уларнинг соғлигига путур етказади. Ҳатто қулдорлик даврида ҳам одамлар бунақа эксплуатация қилинган эмаслар. Бу - даҳшат”, - деди вилоят ҳокимининг муовини Ислам Абиш ўз қаҳр-ғазабини яширмай. Қурилиш меъёрлари ва қоидаларига кўра, бозор майдонининг 37 фоизи автомобиллар тўхтайдиган жой ўлароқ ажратилиши керак, 49 фоизи йўлаклар, автомашиналар ўтадиган жойлар, маъмурий ва хўжалик бинолари учун қолдирилиши лозим. Савдо-сотиқ учун ажратилган жой бозор майдонининг 14 фоизинигина ташкил қилиши керак. Бу нормативлар санитария меъёрлари, ёнғин ҳавфсизлигини ҳисобга олиб ишлаб чиқилган ва ҳамма учун мажбурийдир. “Агар бу меъёрлар янгитдан қурилаётган бозорларда ҳам бузиладиган бўлса, улар ҳам ёпилишга маҳкум бўладилар”, - дея ваъда қилди Жанубий қозоғистон вилояти раҳбари У. Шукеев. Бу орада эса, Чимкентда, мутахассислар баҳосига кўра, қонунга бироз бўлса-да мувофиқ келадиган биронта ҳам бозор йўқ.

Чимкентда одатий ҳолга айланган қурилиш меъёрларини писанд қилмаслик маҳаллий бозорларни харидорлар ва сотувчилар учун ҳақиқий қопқонга айлантириб қўйган. Масалан, ёнғин чиққудек бўлса, тор йўлаклар орқали бу лабиринтдан чиқишнинг имкони бўлмайди. Санитария меъёрлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ҳақида-ку ҳеч ким ўйламайди ҳам. Бундай аҳвол, Ислам Абишга кўра, бозор хўжайинларининг қонун билан ҳам, аҳлоқ билан ҳам ҳисоблашмай, ўзларига қарашли ердан имкон борича кўпроқ даромад олишга уринишлари туфайли юзага келган.

“Шаҳар ва вилоят расмийларининг мақсади бозорларни бузиб ташлаш иборат эмас, биз мавжуд қонунларга барчанинг бирдай риоя қилишини талаб қилаяпмиз”, - дея таъкидлади Ислам Абиш. Аснода расмийлар бундан буён бозор эгаларини инсофга ва инсонпарварликка чақириш ниятида эмаслар.

Текширувлар хонанишин мажлислар билангина чекланиб қолаётгани йўқ. Дейлик, ўтган якшанба айни бозор қизиган кунда Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими У. Шукеев ва Чимкент мэри А. Ўрман бозор бўйлаб рейд уюштирганлар. Улар мажлисда айтилган ҳолатларни ўз кўзлари билан кўрганлар. Айрим бозорлар фақат қоғоздагина ёпиқ бўлиб чиққан – улар расталарда савдо қайнаётганига гувоҳ бўлганлар. Бундан келиб чиқадики, Чимкент бозорларини ҳозирча бошқариб бўлмаяпти.

Жаҳон тажрибасининг кўрсатишича, бозорларни назорат қилиш учун уларни маҳаллий, локал бозорларга ҳамда олибсотарлар эмас, ишлаб чиқарувчилар савдо қилувчи бозорларга бўлиш зарур бўлади. Бу харидорга танлаш эркинлигини беради, сотувчилар учун эса ўз молларини сотишда озми-кўпми бир хил имкониятлар яратади.

Ҳозирча эса сотувчилар ўз манфаатларини ҳимоя қилишга уринаяптилар. Улар вилоят маъмурият олдида тўпланишиб, вилоят раҳбариятидан бозорнинг ёпилишини Янги йилгача қолдиришни сўраганлар. Савдогарлар билан учрашган вилоят санэпидназорат бошқармаси бош врачи муовини Жумағул Медетов уларга бу бозорларнинг санитария меъёрларига мувофиқ келмаслигини тушунтирди. Унга кўра, савдогарлар ўз ишларини Чимкентнинг янги бозорларида давом эттиришлари мумкин.